Қадимий кент — бутун дунё сайёҳлари нигоҳида
Бугун дунё нигоҳи қадимий ва муаззам шаҳар — Самарқандга қаратилган. Ўтмиш ва бугуннинг ёрқин рангларини ўзида мужассам этган, дунё тамаддуни тараққиётида етакчи ҳисобланган ушбу қадимий кент олам аҳлида ҳайрат уйғотаётганининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
Чунки қадимий шаҳар илфу урфон, фан ва маданият, астраномия ҳамда математика ва дунёнинг маънавият-маърифат маркази сифатида шуҳрат қозонган. Бу ердан етишиб чиққан фозилу фузалолар, олиму алломалар Ренессанс тараққиётига тамал тоши қўйишган.
Шу боис ушбу кўҳна шаҳарда халқаро даражадаги анжуманлар, хусусан, жорий йилнинг 16 — 20 октябрь кунлари Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеясини XXV сессияси ўтказилиши ҳам тасодиф эмас.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, бу — Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий йўналишлардаги муҳим янгиланишларнинг амалий натижаси кўзга тез ташланаётгани, барча соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани ҳамда халқаро миқёсда Самарқанднинг мавқеи тобора юксалиб бораётгани туфайли, десак, айни ҳақиқат.
Кейинги пайтларда мамлакатимизда барча тармоқлар қаторида, туризм ҳам ривожланмоқда. Бунда, табиийки, соҳага доир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, сайёҳликни ривожлантириш дастурлари, алоҳида стратегиялар ва концепциялар қабул қилинаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 27 июлдаги “Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакат иқтисодиётида туризм индустрияси улушини кўпайтириш, ушбу йўналишда зарур инфратузилмани ривожлантириш ва дунё бозорида республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида улушини 5 фоизгача етказиш, шунингдек, 2026 йил якунига қадар 11,6 миллиондан ортиқ туристларни, шу жумладан узоқ хорижий давлатлардан — 2 миллион туристни жалб қилиш белгиланган.
Мамлакатимизда халқаро туризмни ривожлантиришда хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар, хусусан, туризм соҳасида Бутун жаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйилиши муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон 1993 йилдан бошлаб ушбу ташкилотнинг аъзоси ҳисобланади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Бутунжаҳон туризм ташкилоти 1975 йил 2 январда кучга кирган низом асосида фаолият олиб боради. Ташкилотнинг асосий мақсади-туризмнинг ривожланишига кўмаклашиш, иқтисодий тараққиёт, халқаро англашув, тинчлик, фаровонлик, барча одамларнинг ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишдан иборат. Мазкур мақсадга эришиш учун ташкилот ривожланаётган мамлакатларнинг туризм соҳасидаги манфаатларига алоҳида эътибор беради.
Ташкилотнинг асосий мақсадларидан яна бири — аъзо давлатлар иқтисодиётининг сайёҳлик соҳасини ривожлантириш ҳамда дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро туризмга кўмаклашиш, одамларнинг дунё бўйлаб эркин ҳаракатланиши йўлида ҳар қандай тўсиқларга қарши курашиш, туризмнинг барча турлари бўйича техник маълумотларни тўплаш ҳамда тарқатиш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, минтақавий ва минтақалараро миқёсда туризм фаолиятини мувофиқлаштириш, БМТ ҳамда туризмни ривожлантиришдан манфаатдор бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш қаратилгандир.
Мазкур нуфузли ташкилот доирасидаги давлатлар ўртасида туризм соҳасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро аҳамиятга эга тадбирларни мунтазам ташкил этиш кўзда тутилган. Жумладан, жорий йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси XXV сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш белгиланди.
Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилотининг XXIV сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра, мамлакатимиз Бутунжаҳон туризм ташкилотининг навбатдаги сессиясини ўтказишга талабгор давлат, туризм соҳаси ривожланган Португалияни ортда қолдирди.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказиладиган туристик форум ҳисобланади. Юқори даражадаги тадбир, яъни БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеясининг туризм соҳаси анча ривожланган давлатларда эмас, балки Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз учун биринчи тарихий ҳодиса, десак, муболаға эмас.
Ушбу йирик анжуманга тайёргарлик, яъни “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” номи остида кенг тарғибот ишлари олиб борилиб, унга нуфузли хорижий иштирокчилар, халқаро ташкилотлар ҳамда йирик хорижий сайёҳлик компаниялари вакиллари, таниқли экспертлар жалб этилди. Меҳмонларга мамлакатимиз туризм имкониятларини кенг таништириш ва келажакда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.
Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош котиби Зураб Пололикашвили жорий йилда бир неча борЎзбекистонга келди. Ташрифлар давомида расмий учрашувлар, Ўзбекистондаги туризм ва маданий мерос объектлари, замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ташқи ҳамда ички туризм кўрсаткичларини ўсиши, соҳада тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилган имкониятлар, туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан биргаликда, жорий йилда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош Ассамблеясининг XXV сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари билан ҳам танишди. Тадбирга ҳозирлик юқори даражада олиб бораётганлигини эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, Зураб Пололикашвили жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Ар-Риёд шаҳрида “Халқаро туризм куни — 2023. Туризм ва яшил инвестициялар” халқаро анжуманда Ўзбекистонда туризм соҳасида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, Бутун жаҳон туризм ташкилотининг XXV Бош ассемблеясига тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб, барчанинг эътиборини Ўзбекистонга қаратди.
У ўз нутқида Ўзбекистонни янги жозибадор туристик йўналиш эканини таъкидлаб, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларини Самарқандда бўлиб ўтадиган Бош ассамблея тадбирларида фаол иштирок этишга чақирган эди.
Соҳага доир халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш мақсадида Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан туризм тез ривожланаётган мамлакатлар рўйхати рейтингида 2019 йилдаги 4-ўриндан 2026 йилда 3-ўринга эришиш, сайёҳлар учун хавфсиз мамлакатлар рейтинги (180 мамлакат орасида)да 2020 йилдаги 46-ўриндан 2026 йилда 20 та энг хавфсиз мамлакат рўйхатига киритиш, “Solo Travel Safety Report” рейтингида ёлғиз саёҳат қилувчи туристлар учун хавфсиз мамлакат рейтингида 2019 йилдаги 80-ўриндан 2026 йилда камида 50-ўринга эришиш, “Global Muslim Travel Index” ҳалол туризм рейтингида 2020 йилдаги 7-ўриндан 2026 йилда 3-ўринни эгаллаш, Саёҳат ва туризмнинг рақобатбардошлиги индексида Ўзбекистонни 2026 йили биринчи 50 таликка киритиш мақсад қилинган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси барпо этилмоқда. Академия мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳиятини янада яхшилаш ҳамда бу йўналишда малакали кадрлар тайёрлашда муҳим лойиҳа ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда тўхталиб, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда ҳар бир давлат турист жалб қилиш учун барча имкониятини ишга солаётганини, бундай кескин рақобат шароитига мос бўлиб ишлашимиз зарурлиги қайд этилди.
Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 8 ойида юртимизга хориждан 4,3 миллион турист келди, улардан 1,4 миллиард доллар тушум бўлди. 15 мингта янги меҳмон ўринлари яратилиб, уларнинг сони 137 мингтага етказилди. 540 та дам олиш ҳамда кўнгилочар маскан барпо этилиб, 70 та туризм маршрути очилди.
Шунингдек, олтита хусусий авиакомпания иш бошлади, йигирмадан ортиқ янги самолёт олиб келинди, йигирмата халқаро ва олтита ички қатнов фаолияти йўлга қўйилди. Самарқанд аэропортида ҳафталик халқаро рейслар 46 тадан 85 тага кўпайтирилди. 1 минг 300 та замонавий автобус харид қилиниб, 38 та маршрут ташкил этилди. Қўшимча дам олиш кунлари ва чегирма берилгани ҳисобига ички сайёҳлар сони 15 миллион нафарни ташкил қилиб, ўтган йилга қараганда икки баробарга ўсди.
Савол туғилади, бугун туристларни янада кенгроқ жалб қилиш бўйича янги имкониятлар мавжудми? Бунда, энг аввало, қўшни давлатлардан, Россия ҳамда Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун катта салоҳият бор.
Масалан, Хитойнинг ҳамма провинцияларига бориб, ҳудудларимиз туристик салоҳиятини кенг тарғибот қилиш, Хитойдан Самарқанд, Бухоро, Хоразмга, Сурхондарё ва Фарғона водийсига авиақатновларни йўлга қўйиш муҳимдир.
Мамлакатимизга узоқ давлатлардан келаётган туристлар оқими 3-4 баробар ошди. Мисол учун, бу йил Ҳиндистондан, Япониядан, АҚШдан, Италиядан сайёҳ кўпайди. Лекин Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Қатар ҳамда Европадан туристларни жалб қилиш ишлари сустличпа қолмоқда.
Жаҳон амалиётида туризм салоҳиятини тарғиб қилишда кино, сериал ва ҳужжатли фильмлардан кенг фойдаланилади. Шу боис Кинематография агентлигига миллий тарихимиз бўйича камида элликта бадиий, ҳужжатли ҳамда мусиқали асарлар яратиш дастурини ишлаб чиқишлари лозим. Туризм объектларида санитария ва озодаликка эътиборни янада кучайтиришга эътибор қаратилди.
Яна бир муҳим масала: ушбу йўналишдаги кадрлар салоҳиятини ошириш билан боғлиқ. Туризм қўмитасига “Ипак йўли” халқаро туризм университети билан биргаликда сервис сифати ҳамда соҳа ходимларининг малака ва маданиятини юксалтириш бўйича ўқитиш тизимини яратишга эътибор қаратишлари лозим. Бунда меҳмонхона ҳамда ресторан иши бўйича четдан мутахассислар таклиф қилиниб, ҳар бир вилоятда ўқув курслари ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Қисқача айтганда, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси XXV сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказилиши жаҳон туризм индустриясининг етакчи вакиллари, хорижлик инвестор ҳамда ишбилармонлар, ташкилотга аъзо давлатларнинг вакиллари, жаҳондаги оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ вакиллари ва кўплаб сайёҳларни жалб этади.
Бу, ўз навбатида, жаҳон иқтисодиётида шиддатли рақобатбардошлик кураши давом этаётган, қолаверса, глобаллашув даврида туризм соҳаси юқори даражада ривожланган давлатлар томонидан соҳани равнақ топтириш борасида ишлаб чиқилган кенг қамровли чора-тадбирлар жорий этилаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги туризм салоҳияти ва шу орқали турдош тармоқларни янада ривожланиш имконини яратади.
Мансур ЭШОВ,
ТДИУ проректори, иқтисодиёт фанлари доктори (DsC), профессор,
Алишер ЭШТАЕВ,
ТДИУ кафедра мудири, иқтисодиёт фанлари доктори (DsC), профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг