Кластер Қуйи Чирчиқ туманини қишлоқ хўжалигида илғорлар сафига олиб чиқди

14:40 15 Октябр 2020 Кластер
4472 0

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Мана, иккинчи йилдирки, Қуйи Чирчиқ тумани деҳқонлари давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режани Тошкент вилоятида биринчи бўлиб бажардилар. Бугунги кунга қадар йиғиштириб олинган пахта ҳосили 34 минг тоннадан ошди. Ўртача ҳосилдорлик белгиланган 34 центнерни ташкил этмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Қувонарлиси, шартнома мажбурияти уддаланган бўлса-да, ҳали далаларда ҳосил мўл. Шу боис мавсум якунлари бўйича ўртача ҳосилдорликни 42 центнерга, ялпи ҳосил миқдори эса 42 минг тоннага етказилиши мўлжалланмоқда.

Бахтли тасодиф бўлмайди

Яширишнинг ҳожати йўқ, шу пайтгача туман қишлоқ хўжалиги жабҳасида энг қўйи ўринларда тилга олинарди. Бунинг учун эса асослар етарли эди. Масалан, пахтачиликда сўнгги 25 — 30 йил ичида режа уддаланганини кўпчилик эслолмайди ҳам. Айримлар бундан 13 йил бурун бир марта туман пахтакорлари марра чизиғини босиб ўтганди, дейишади. Аммо шундан сўнг яна карвоннинг орқасига тушиб қолишган. Шу боис бўлса керак, ўтган йилги натижаларни бахтли тасодифга йўйганлар кўп бўлди. Ахир, шу пайтгача атиги 11 центнердан кўп ҳосил бермаган экин майдонларидан ундан уч баробардан ҳам зиёд саноат хом ашёси йиғиштириб олинишини кўпчилик кутмаганди-да!

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Деҳқончилик учун ноқулай келган бу йилги об-ҳаво шароитида ўтган йилгидан ҳам юқори натижа қўлга киритилгани эса муваффақиятлар калити бахтли тасодифда эмаслигини кўрсатиб турибди. Зеро, ютуқларнинг асосий омили давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида қишлоқ хўжалигида жорий қилинган кластер усулидир. Агросаноат тизимида ишни ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашнинг янгича шакли биргина Қуйи Чирчиқ мисолида ўзини оқламоқда. Аниқроғи, кластер шарофати билан қолоқлик исканжасидан қутулиб, илғорларнинг олд сафига чиқиб олинди.

Дарҳақиқат, тумандаги мавжуд 30,5 минг гектар суғориладиган экин майдонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарори билан ташкил этилган “TCT Cluster” кластери ихтиёрига берилган. Натижада нафақат пахтачилик, балки ғаллачилик, шоличилик, балиқчилик каби қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларида ишлаб чиқаришнинг кластер усули жорий этилди. Амалиётга инновацион ва интенсив технологиялар қўлланилиб, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда, зираотларнинг энг мақбул навлари танлаб экилди. Масалан, жорий мавсумда 10 минг гектар майдонга ғўзанинг Бухоро навлари ва «Султон» нави жойлаштирилди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

— Шу пайтгача Тошкент вилоятида «Бухоро-6», «Бухоро-8», «Бухоро-102» навлари деярли экилмаган, — дейди кластер раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов. — Чунки кўпчилик ҳосил пишмай қолади, деб ўйлашади. Амалда бунинг аксига гувоҳ бўлиб турибмиз. Мана, қаранг, кўсаклар юз фоиз очилган.

Аслида, Бухоро навлари тасодифан танлангани йўқ. Бу қарорга келишдан олдин кластер қошида ташкил этилган Илмий марказ ҳамда Илмий-техник кенгаш аъзолари, етук олимлар билан ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, сув билан таъминланганлик даражаси, чигит униб чиқиши ва ривожланишига хавф солиши мумкин бўлган барча омилларни чуқур таҳлил қилдик. Шундан сўнг Бухоро навларини экамиз, деган тўхтамга келдик. Адашмаган эканмиз.

Чиндан ҳам, кластер далаларида бўлган кишининг қулфи дили очилади. Бўйдор ғўзаларнинг ҳосили бамисоли чамандек оппоқ очилган. Қизиқиб, кўсакларни санаймиз. Уларнинг сони ҳар бир тупда 30-35 тагача етади, тағин ҳаммаси «лўппи-лўппи» бўлиб очилган...

Ҳа, деҳқонларнинг фидокорона меҳнатига яраша замин ҳам ўз саховатини аямабди.

Қор кўрган ниҳоллар 40 центнердан ҳосил беряпти

Ғўзаларни ҳозирги даражага олиб келиш, мўлжалдаги ҳосилни яратиш ўз-ўзидан бўлмагани аниқ. Айни экин-тикин пайтида намгарчиликнинг ортиб кетиши, кутилмаганда қор ёғиши деҳқонларни шошириб қўйди.

“ТСТ Agro Cluster”нинг илғор пахтакорларидан бири, «Ўзбекистон-2» ҳудудидаги 9-участка бошлиғи Эрйигит Тиллановнинг эслашича, 123 гектар майдонга эккан чигити қор остида қолган.

— Экин-тикин ишлари тугаб, айни чигит униб чиқа бошлаган пайтда қор ёғиб юборса бўладими?! — дейди у. — Хайриятки, ер музламади. Тупроқ етилар-етилмас ишлов беришни бошлаб юбордик. Деҳқончасига айтганда, қатор оралаб, экинни шамоллатдик, ерни етилтирдик, кўчатларни «қулоғидан тортиб», чиқариб олдик. Худога шукр, мана, гектаридан 40 центнердан ошириб, ҳосил олиб, юзимиз ёруғ бўлиб турибди.

Кластер жамоаси табиат инжиқликларини шу каби омилкорлик эвазига енгиб, тўлиқ кўчат олишга муваффақ бўлишди. Бузиб, қайта чигит экиш ҳолатлари айтарли бўлмади.

Етакчиликни қўлдан бой бергиси келмаган «Улуғбек-1» ҳудуди раҳбари Мирвали Шербеков эса пахтачиликда янги тажрибани синаб кўрди. Яъни яганасиз ғўза етиштирди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Унинг айтишича, нисбатан шағалли бўлган майдонга экилган «Бухоро-102» навининг 15 эгатини ягана қилмасдан, кўчатларни қалин, аниқроғи, тўлиқ қолдирган эди. Ўша жойдан 38-40 центнердан пахта териб олинибди. Майдоннинг қолган қисмида эса ҳосилдорлик 35-36 центнерни ташкил этяпти. Шунинг учун у келгуси йилда ғўза кўчатларини қалин қолдираман, деган фикрга келиб турибди.

Қуйи Чирчиқ тумани ўз номи билан Чирчиқ дарёсининг қуйи қисмида жойлашган. Бу йилги мавсумда сув ўзанининг қуйи тарафидаги майдонларга обиҳаёт етиб келиши қийин кечди. Гапнинг лўндаси, сув тақчиллиги кузатилди. Ушбу вазиятдан қандай чиқилди?

— Аввало, Яратганнинг инояти, Президентимизнинг соҳа ривожига қаратаётган эътибори, қолаверса, инвесторнинг янгиликка ўчлиги туфайли амалиётга интенсив ва тежамкор технологиялар қўлланилиб, мавсум муаммолари юмшатилди, — дейди “ТСТ Agro Cluster” МЧЖ директори Матлубжон Нўъмонов. — Энг асосийси, жамоамиз ҳар бир агротехника тадбирига илмий асосда ёндашгани мўл ҳосилга мустаҳкам пойдевор бўлди. Масалан, биз экинни ҳам ўстирувчи, ҳам ривожлантирувчи ўғитлардан фойдаландик. Шира, ўргимчаккана, кўсак қурти каби зараркунанда ва касалликларга қарши, асосан, биологик усулда профилактика тадбирларини олиб бордик. Буларнинг барчаси амалда кутилган самарани берди.

Пахтанинг катта қисми машинада терилди

Иқтисодий манфаатдорлик бу йилги пахта йиғим-терим мавсумининг асосий тамойилига айланди. Кластер томонидан қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1200 сўм, иккинчи теримда 1600 сўм нарх белгиланди. Асосий эътибор мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилиб, 180 та терим отряди тузилди. Уларга 12 мингга яқин теримчилар жалб этилган бўлса, шундан 6,5 минг нафари кластер ишчиларидир. Қолганини эса кластер билан тузилган шартнома асосида ихтиёрий равишда теримга чиқаётган маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил этади.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

— Икки йилдан бери кластерда ишлайман, — дейди Дўстлик маҳалласида яшовчи Дилноза Холматова. — Ишимизга қараб йил давомида ойлик маош оляпмиз. Пахта терими — бизга қўшимча даромад. Масалан, мен кунига 100-110 килодан пахта тераётган бўлсам, бугунгача қўлимга 5 миллион сўм нақд пул олдим.

— Демак, отряддаги энг илғор теримчи экансиз-да! — дея гапга соламиз суҳбатдошимизни.

— Йўқ, мендан ҳам кўп терадиганлар бор, — дейди у жилмайиб. — Ана, Жамила опа Пирназарова. Ёшлари катта бўлсаям, биздан илғор. Кунига 120 килогача пахта теради.

Шу пайт далага банк ходимлари келиб қолди. Тижорат банкининг ҳудудий филиали мутахассиси Ҳасан Йўлдошевнинг айтишича, терим пуллари ҳар беш кунда, дала бошида тарқатиляпти. Масалан, у ўзига бириктирилган «Ўзбекистон-3» ҳудудидаги теримчиларга мавсум бошидан буён 750 миллион сўмдан ортиқ пул тарқатибди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Терим пуллари тарқатиш энг илғордан бошланди. Рўйхатнинг бошида Жамила опа Пирназарова экан. Улар имзо қўйиб, пул олгандан сўнг навбат Дилноза Холматова, Мавжуда Худоёрова, Маъмурахон Охунжоновага тегди... 

— Баракасини берсин! Сир бўлмаса, терим пулларини нимага сарфлайсиз? — сўраймиз Мавжуда Худоёровадан.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

— Рўзғорнинг камига-да, — дейди у. — Тўғрисини айтсам, ўтган йили терим пулимдан уйимизга мебель, стол-стул олгандик. Бу йилгисини ўғлимнинг тил ўрганишига, қизимнинг репетиторига сарфлаяпман. Худо хоҳласа, улар ўқишга кириб кетса, бу — менинг бахтим. Энг катта орзуим ҳам шу.

Таъкидлаш керакки, кластерда қўл терими йил сайин камайиб бормоқда. Масалан, ўтган мавсумда ҳосилнинг 65 фоизи қўлда териб олинган бўлса, бу йил бунинг акси. Яъни пахтанинг катта қисми «Кейс» русумидаги тўрт қаторли пахта териш машиналарида йиғиштириб олинди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Аслида, кластернинг машина-трактор паркида мавжуд 25 та юқори унумли агрегат ёрдамида ҳосилнинг 55 фоизини йиғиштириб олиш режалаштирилган эди. Техникаларга сервис кўрсатишга инновацион ёндашилиб, замонавий кўчма устахоналар фаолияти йўлга қўйилгач, иш унумдорлиги ортиб, уларнинг ҳар бири билан кунига 35-40 тоннадан саноат хом ашёси териб олинди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

— Илгари ҳам пахта териш машинаси ҳайдаганман, — дейди энг илғор операторлардан бири Тангриберди Марҳабоев. — Орада бундай техникалардан фойдаланилмаганидан кейин иш излаб, хориж давлатларига чиқишга тўғри келди. Икки йил Туркияда худди шу русумдаги пахта териш машиналарини ҳайдадим. Кластер ташкил этилиб, пахта териш машиналари олиб келингандан кейин Туркияга кетишимга ҳожат қолмади. У ёқда топадиган пулимизни шу ерда беришяпти.

Кластер раҳбарияти кейинги йилда ғўза майдонларида экинни юз фоиз машинабоп қилиб парваришлаб, ҳосилининг 80-90 фоизини агрегатлар ёрдамида йиғиштириб олишни режалаштираётир. Бу эса ҳосилни тез ва сифатли териб олиш, харажатни камайтириш, шунингдек, қўл меҳнатига барҳам беришга олиб келади. Зотан, кластер илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, амалиётга янги инновацион технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, рақобатдош иқтисодиётни яратишдан бевосита манфаатдордир.

Саид РАҲМОНОВ
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?