«Китоб уйчалари», «Ёш китобхон клуби»... Artel компанияси китобхонликни кенг тарғиб қилмоқда

19:01 18 Июнь 2022 Жамият
1580 0

Фото: Artel Матбуот хизмати

Юртимизда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга, мутолаа маданиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 13 сентябрда «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Қарорнинг имзоланиши, шунингдек, Ҳукумат қарори билан «2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури» қабул қилиниши бу борадаги ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Бундан кўзланган мақсад ёш авлоднинг маънан баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитларни яратишдир.

Artel компанияси Марказий Осиёда энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчи компания бўлиш билан бирга жамиятда интеллектуал салоҳият, маънавиятнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишни ўзининг корпоратив ижтимоий масъулияти деб ҳисоблайди. Шу боис компания бу борада қатор ташаббусларни амалга ошириб, спорт, илм йўлидаги ёшларни доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. Микро кутубхона вазифасини бажарувчи «Китоб уйчалари» ва болалар учун «Ёш китобхон клуби» хайрия лойиҳалари ҳам айнан шу мақсадни кўзда тутган.

Artel компанияси ўтган йили пойтахтимиздаги Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғида 20 та «Китоб уйчалари»ни ўрнатган эди. Ушбу хайрли ташаббус бу йил ҳам давом эттирилди. Жорий йилнинг 18 июнь куни пойтахтнинг тўрт ҳудудига, жумладан, «Мовий гумбазлар» хиёбонига 4 дона, Адиблар хиёбонига 2 дона, Япон боғига 3 дона ва Республика онкологик касалликлар шифохонаси ҳудудига 1 дона, жами 10 дона китоб уйчалари ўрнатилди. 

Сиз бу китоб уйчаларидан тўғри фойдаланган ҳолда турли китобларни мутолаа қилишингиз ва ўзингиз яхши кўриб ўқиган китобларни олиб келиб, бошқалар билан ўзаро китоб алмашишингиз мумкин.

Шунингдек, «Ёш китобхон клуби» хайрия лойиҳасига ҳам старт берилди. Бу лойиҳадан кўзланган мақсад республикамиздаги барча ташкилотларни ҳар томонлама кўмакка муҳтож болаларга «Китобхон клуби» доирасида хайрия қилишга ундашдир. Artel компанияси мазкур лойиҳани биринчи бўлиб бошлаб беради ва кейин эстафета таёқчасини бошқа ташкилотга топширади.

Ушбу лойиҳалар орқали Artel компанияси халқимизни, айниқса, ёшларни китоб билан дўстлаштириш, китоб орқали ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, мутолаага меҳр уйғотиш, аҳолини бевосита китоб билан ошно қилиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Ватанпарвар, профессионал кадрларни етиштириб чиқаришда китобхонликнинг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Негаки, китоб инсоннинг билимлар манбаи бўлиши билан бирга унинг яқин дўсти, маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади. Китоб ўқиётган инсон фикрлайди. Бошқача айтганда китоб тафаккуримиз манбаидир.

Artel компанияси юртимиздаги мутолаа маданиятини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида бошлаган янги лойиҳасини китобни нондай азиз билган халқимиз қўллаб-қувватлаб, уни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатишига умид қиламиз. Келгусида «Китоб уйчалари»ни республикамизнинг барча ҳудудларига ўрнатиш режалаштирилган.

Суратлар: Artel Матбуот хизмати (T)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер