Мадуронинг қўлга олиниши ноёб операциями?
АҚШ ҳужумидан кейин Каракасдаги ҳарбий базанинг сунъий йўлдошдан олинган сурати.
АҚШ армияси ва ҳарбий-денгиз кучларининг Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш бўйича ўтказган операцияси тўлиқ муваффақият билан ва йўқотишларсиз якунланди. Бу нафақат узоқ ва синчковлик билан олиб борилган режалаштириш, балки операциянинг нисбатан чекланган сиёсий мақсадлари билан ҳам боғлиқ эди: Дональд Трамп маъмурияти ҳозирча «чавистлар» режимини бутунлай ағдариш ёки мамлакат ҳудудини вақтинча бўлсада босиб олишга қарор қилмаган.
Айнан шу жиҳат — яъни тўлиқ босиб олишдан воз кечилгани — Каракасдаги рейдни классик умумқўшин операцияларидан ажратиб туради. Бу уни АҚШнинг Кариб ҳавзасидаги ёки дунёнинг бошқа минтақаларидаги урушлари, шунингдек, Совет Иттифоқи ва Россиянинг Афғонистон ҳамда Украинадаги ҳарбий ҳаракатларидан фарқлайди. Таққослаш учун энг яқин мисоллар — АҚШнинг «Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Ладен ва ИШИД «халифаси» Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш бўйича ўтказган махсус операцияларидир. Аммо муҳим фарқ шундаки, Мадуро душман ёки бетараф ҳудудда эмас, балки ўз пойтахтидаги ҳарбий база ичида бўлган.
Ҳудудни босиб олмаслик ва режимни зудлик билан алмаштиришга уринишдан тийилиш операциянинг сиёсий ва стратегик қийматини пасайтиради. Трамп маъмурияти, эҳтимол, Мадуронинг йўқлиги ва унинг тақдирини такрорлаш хавфи остида Венесуэла ҳокимияти Вашингтонга бўйсунади, деган ҳисобга таянган. Аммо бу ҳисоб қанчалик ўзини оқлаши ҳозирча номаълум.
Операция қандай кечди?
Операциянинг бориши ҳақида маълумотлар жуда чекланган. Асосий манбалар — АҚШ Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари генерал Ден Кейннинг қисқа баёноти, Америка ОАВларида чиққан парчали хабарлар ва Каракас аҳолиси томонидан олинган бир нечта видеолардир.
Тунги соат бирлар атрофида Каракаснинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилди. Соат икки атрофида шаҳарда илк портлашлар эшитилди. Эл-Вулкано тоғидаги радарлар ва алоқа тизимлари, Ла-Гуайра порти ва унга туташ ҳарбий-денгиз академияси, авиабаза ҳамда икки аэропорт зарбага учради. Фото ва видеолардан кўринишича, асосий нишонлар пойтахт атрофидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа объектлари бўлган, хусусан ўрта масофали «Бук-М2Э» зенит-ракета мажмуалари. Эҳтимол, АҚШ кучлари кучли радиоэлектрон бостириш воситаларидан ҳам фойдаланган, натижада ПВО ва бошқарув тизимлари издан чиққан.
Кейинги ҳаво ҳужумлари Каракас жанубидаги Фуэрте-Тиуна ҳарбий базасига қаратилди. Аввал пойтахтни ҳимоя қилувчи механизациялашган батальон жойлашган ҳудуд бомбардимон қилинди (бу ерда сиёсий ва ҳарбий элитанинг айрим вакиллари учун бошпаналар ҳам бор эди), сўнг зарбали вертолётлар ҳужумга ўтди. Венесуэла ҳарбийларининг бир қисми ваҳимага тушиб, базани тарк этди.
Кўп ўтмай, шаҳар устида паст баландликда учаётган CH-47 Chinook ва CH-53 Sea Stallion вертолётлари пайдо бўлди. Улар АҚШ махсус операциялар авиация полкига тегишли бўлиб, Каракасдан қарийб 230 километр узоқликда Кариб денгизида турган «Иводзима» десант кемасидан кўтарилган эди. Тунги соат икки атрофида вертолётлар Мадуронинг бошпанаси ёнига «Дельта» махсус бўлинмасининг жангчиларини туширди. Қисқа — ярим соатдан ошмаган — жангдан сўнг (бу пайтда бир вертолёт шикастланган), махсус кучлар бинога бостириб кириб, Мадурони ва унинг рафиқасини қўлга олди. Улар дарҳол вертолётда «Иводзима» кемасига олиб кетилди, шундан кейин АҚШ учиш аппаратлари Венесуэла ҳаво ҳудудини тарк этди.
Эҳтимол, АҚШ томонида мураккаб вазият юзага келиши эҳтимолига қарши захира кучлар ҳам тайёр турган: операцияга қўшимча махсус кучларни тушириш учун CV-22 Osprey конвертопланлари жалб қилинган. Аммо бунга эҳтиёж туғилмади.
Бу ҳақиқатан ҳам ноёб операциями?
АҚШ тарихда бир неча бор ўзига маъқул бўлмаган сиёсий етакчиларни ағдариш ёки қўлга олиш билан шуғулланган. Жумладан, Кариб минтақасида ҳам. 1983 йилда АҚШ Гренадани босиб олган, 1989–1990 йилларда эса Панаманинг амалдаги диктатори Мануэль Норьегани ағдариб, қўлга олган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам кенг кўламли ҳарбий операциялар, кўча жанглари, ҳарбийлар ва тинч аҳоли орасида қурбонлар, катта вайронагарчиликлар бўлган. Ўн минглаб аскарлар жалб этилган ва якунда ҳокимият зўравонлик билан алмаштирилган.
Каракасдаги амалиёт эса кўлами ва сиёсий мақсади билан фарқ қилади. Бу — кучли авиация ёрдами билан таъминланган махсус бўлинма рейди бўлиб, асосий вазифа Мадурони ҳимоялаётган ПВО ва ҳарбий базадаги қаршиликни бартараф этиш эди. Шунга ўхшаш, лекин кичикроқ рейдлар АҚШ томонидан илгари ҳам ўтказилган.
2011 йилда Покистонда Усама бин Ладен йўқ қилинган, 2019 йилда Сурияда Абу Бакр ал-Бағдодий бартараф этилган. Аммо Венесуэлада бу сафар рейдни кенгроқ ҳаво операцияси билан бирлаштиришга тўғри келди.
Нега Венесуэла армияси қаршилик кўрсатмади?
«Ҳаммаси сотиб олинган» деган тахминлар дарҳол пайдо бўлди, аммо ҳозирча бунга далил йўқ. Аксинча, мавжуд маълумотлар Венесуэла томони имкон даражасида қаршилик кўрсатганини кўрсатади.
Ҳарбийлар Каракасга десант туширилишининг олдини олишга уринган, учиш-қўниш йўлакларини тўсишга ҳаракат қилган. Мудофаа вазири Владимир Падрино Лопеснинг айтишича, Мадурони қўриқлаётган ҳарбийлар жанг қилган ва уларнинг аксарияти ҳалок бўлган. Улар бир вертолётни шикастлашга ва бир нечта америкалик махсус куч аскарларини яралашга муваффақ бўлган.
Шаҳарга зудлик билан қўшин ва бронетехника киритилган, аммо бу пайтга келиб АҚШ операцияси аллақачон якунланган эди. Пойтахтнинг ПВО тизими илк дақиқалардаёқ ишдан чиқарилган, радарлар йўқ қилинган, «Бук» мажмуаларининг камида иккита қурилмаси яксон этилган.
АҚШ нимага эришди?
Асосий мақсад — Мадурони қўлга олиш — тўлиқ амалга оширилди. Аммо Трамп кейинчалик янада кенгроқ сиёсий мақсадларни ҳам эълон қилди: Венесуэлада ҳокимият транзити ва нефть активларининг бир қисмини АҚШ компанияларига бериш. Бу, унинг фикрича, нафақат «адолатсизликни тиклаш», балки ҳарбий харажатларни ҳам қоплашга хизмат қилиши керак.
Аммо айнан шу мақсадларга эришилган-эришилмагани ҳозирча очиқ савол. Трамп Мадуронинг атрофидагилар, хусусан вице-президент Делси Родригес энди «буйруқларга бўйсунишга мажбур» дея таъкидлайди. Бироқ амалдаги баёнотлар бунга зид: Мадуро тарафдорлари унинг озод этилишини талаб қилмоқда ва Венесуэла «яна ҳеч қачон мустамлакага айланмаслигини» эълон қилмоқда.
Кенг кўламли ҳарбий аралашувсиз бу сиёсий мақсадларга эришиш қийин бўлиши мумкин. Бундай операция эса АҚШ учун бутунлай бошқа даражадаги ресурслар ва ички сиёсий хавфларни талаб қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг