Киевда қолиб кетган ва бошпана излаб Молдовага ўтган юртдошларимизнинг тақдири, Украинадаги энг хавфсиз транспорт... — ТИВ расмий вакилининг Украинадаги вазият бўйича ОАВ саволларига жавоблари

19:56 03 Март 2022 Жамият
960 0

Архив сурат

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжоновнинг Украинадаги вазият бўйича ОАВ саволларига жавоблари.

1.Украина фуқаролигини олган ўзбеклар ҳам Ўзбекистонга эвакуация қилинадими? 

— Сўнгги вақтларда аралаш никоҳдаги оилалар вакиллари ёки Ўзбекистонда туғилган, аммо Украина фуқаролигини қабул қилган фуқаролардан эвакуация қилиш бўйича мурожаатлар ҳам кўпайди.

Барча мурожаат қилаётганларга уруш ҳудудини имкон қадар тезроқ тарк этиб, Львов шаҳрига бориш тавсия этилмоқда. Ўзбекистоннинг Киевдаги Элчихонаси уларни Львовдаги тўпланиш нуқтасидан «Краковец» (Польша) назорат-ўтказиш пунктигача етказишда ёрдам беришга тайёр.

Аралаш никоҳлар гуруҳи вакилларини Ўзбекистонга эвакуация қилиш имконияти бўйича сўровларга жавобан Элчихона ушбу шахслар Ўзбекистон фуқаролари олиб чиқиб кетилганидан сўнг, эҳтимол, пуллик асосда эвакуация қилиниши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар бермоқда.

2. Украинадан Молдова орқали ҳам Ватанга қайтса бўладими? 

 Украинанинг Молдова Республикаси билан чегарадош жойларида яшовчи 200 га яқин фуқароларимиз бошпана излаб Молдова ҳудудига ўтган. Молдова томони инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъи назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда.

Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси томонидан Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилди. Молдовада бўлиб турган ўзбекистонликларнинг кейинчалик ўз Ватанига эвакуация қилинишини ташкил этиш учун уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

Ҳозирги пайтда Польша орқали эвакуация қилишнинг асосий устувор эканлигини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни Молдовадан қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, мазкур мамлакат ҳаво ҳудуди авиақатновлар учун ёпиқлигича қолмоқда.

3. Украинадаги блокпостлардан ўтишда муаммолар борми?
— Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси Львов шаҳрига темир йўл транспорти орқали боришни тавсия қилмоқда. Зеро ҳозирги вазиятда темир йўл энг хавфсиз транспорт бўлиб турибди. Шу билан бирга, автомобилларда Украина блокпостлари орқали тўсиқсиз ушбу мамлакат ҳудудида чиқиб кетаётган фуқароларимиз ҳам бор. Табиийки, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани туфайли барча транспорт воситалари текширилмоқда. Текширувлардан сўнг улар тўсиқсиз ўтказиб юборилмоқда.

Украина — Польша чегарасини кесиб ўтиш чоғида ҳар икки мамлакат чегарачилари биринчи навбатда аёллар ва болаларга устуворлик беришмоқда. Украина ҳудудидан чиқиб кетаётган одамлар оқими катта бўлгани сабабли чегарани кесиб ўтиш узоқ вақтга, баъзида бир суткагача чўзилиб кетиши мумкин.
Ҳужжатлари бўлмаган фуқаролардан эса ҳеч бўлмаганда шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси ёки унинг телефондаги расмини кўрсатиш сўралмоқда.

4. Хабарларга кўра, Киев шаҳрида ҳалигача эвакуация қилинмаган Ўзбекистон фуқаролари бор экан. Уларни олиб чиқиб кетиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Жавоб:
Киевда ва Украинанинг бошқа шаҳарларида қолиб кетган фуқароларимизни хавфсиз эвакуация қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Мамлакат пойтахтида диаспора вакиллари Элчихона транспортини жалб қилган ҳолда аёллар, болалар ва кексаларни Киев ва унинг атрофидаги ҳудудлардан шаҳар темир йўл станциясига етказмоқдалар.

5. Польша аэропортларида кутаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида самолётга чиқиш учун жанжал ва можаро ҳолатлари юзага келгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Бунга қандай изоҳ бера оласиз?
— «Карчова» назорат-ўтказиш пункти раҳбарияти қочоқлар, жумладан бошқа давлатлар фуқаролари сони кўпайганлиги сабабли тўпланиш нуқтасини босқичма-босқич бўшатишни сўрамоқда. Бу сўровларни инобатга олиб, кунига 3 маротабагача ташкил этилаётган махсус рейсларни ўз вақтида тўлдириш учун Ўзбекистон фуқаролари мунтазам равишда автобусларда Катовице аэропортига (360 км) олиб борилмоқда. Шу сабабдан ҳамда ушбу аэропортдан бошқа давлатлар фуқаролари ҳам фойдаланаётгани натижасида одамларнинг тўпланиши кузатилмоқда.

Элчихона илтимосига биноан шаҳар маъмурияти Катовице аэропорти биносига тартибли ўтиш ва йўловчиларни рўйхатга олишни ташкил қилди. Тартибни полиция назорат қилмоқда. Бироқ, субъектив омил ҳам мавжуд. Ҳар бир инсон биринчи бўлиб учиб кетишни хоҳлаётганлиги туфайли тартибсизликлар кузатилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг Польшадаги Элчихонаси илтимосига биноан фақат Ўзбекистон фуқаролари учун аэропортда иссиқ овқат ташкил этилган.

6. Ҳомиладор аёллар Польша ҳудудига ўтганда туғруқ бошланса, нима қилиш керак?
— Польшадаги Элчихона ходимлари фуқароларимиз билан боғлиқ масалалар билан шуғулланмоқда, уларни аэропортда йиғиш ва самолётга чиқишини назорат қилмоқда. Элчихона сўровига кўра юртдошларимизга зарурат туғилганда ёрдам кўрсатиш учун аэропорт яқинида доимий равишда 3 та тез тиббий ёрдам машинаси навбатчиликни амалга оширмоқда. Аэропорт раҳбарияти томонидан болали оналарнинг дам олиши учун махсус қулайликлар ажратилган.

28 февраль куни ҳомиладор аёлга тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келиб қолди. У зудлик билан тез ёрдам машинасида шаҳар шифохонасига етказилиб, сифатли тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг ҳамюртимиз автомашинада аэропортга — тўғридан-тўғри самолёт бортига етказилди ва эсон-омон Тошкентга учиб келди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?