Кичик саноат зонасида электр чойнак ишлаб чиқариляпти

11:57 05 Март 2025 Жамият
76 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Айни имконият Тўрақўрғон туманидаги «Ёшлар» кичик саноат зонасида ижросини топган навбатдаги лойиҳа шарофати билан юзага келди. «Smart kettle factory» масъулияти чекланган жамиятининг замонавий корхонасида тайёрланаётган ушбу рўзғор буюми турдош маҳсулотлардан ўзига хос дизайни билан ажралиб туради. Бу ерда йилига 600 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари яратилган бўлиб, ускуна ва жиҳозларни ҳаракатга келтиришга 35 нафар ёшлар жалб этилган.

Масаланинг муҳим жиҳати, корхонада технологик жараёнларнинг асосий қисми маҳаллийлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Яъни бутловчи қисмларнинг барчаси шу жойнинг ўзида ясалади. Тайёр маҳсулот синовдан ўтказилгач бежирим қутиларга жойланади.

— Ранг ва кўриниш жиҳатидан келиб чиққан ҳолда ўнлаб турдаги чойнаклар тайёрлашни мўлжаллаганмиз, — дейди иш юритувчи Ботиржон Обидов. — Бу жараён истеъмол бозори талабларига кўра босқичма-босқич рўёбини топади. Ўз навбатида, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспортга чиқишни ҳам кўзлаганмиз. Шу мақсадда Афғонистон ва Покистон тадбиркорлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳаракатини олиб боряпмиз.

Айтиш лозимки, мазкур кичик саноат зонасида яратилган қулай инфратузилмадан унумли фойдаланилиб, режалаштирилган 15 та лойиҳанинг асосий қисми рўёбга чиқарилиши натижасида мингга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди. Улардан бири — трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «Runamtex» хорижий корхонаси ўтган йилнинг ўзида 13 миллион долларлик ташқи савдо амалиётларини бажаришга ҳам улгурди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?