Кичик саноат ҳудудининг катта ишлари
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш, доимий даромад манбаига эга қилиш, уларнинг тадбиркорликка оид истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ёшлар кичик саноат зоналарининг ташкил этилиши катта имкониятлар эшикларини очди. Биргина Балиқчи туманининг ўзида 35 млрд. сўмлик лойиҳалар ишга туширилиб, 1100 та янги иш ўрни яратилганлиги бунга мисолдир.
— Айни пайтда Ёшлар кичик саноат зонасида 35 турдан ортиқ озиқ-овқат, қурилиш, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, — дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Музаффажон Каримов. — Келгусида бу борадаги ишлар кўлами янада ортади. Мақсадимиз 49,6 млрд. сўмлик 71 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали 1446 та иш ўрни яратишдан иборат. Қувонарлиси шундаки, ёш тадбиркорлар ўз тенгдошларини доимий даромад манбаига эга қилиш билан бир қаторда, нафақат ички, балки ташқи бозорни ҳам сифатли, харидоргир маҳсулотлар билан таъминлаб келмоқдалар.
Дарҳақиқат, шундай! Мисол учун, тадбиркор Нурбек Холиқовни олайлик. У асос солган кичик цехда 15 нафар маҳаллий ёшлар фаолият юритмоқда. Улар томонидан бир ойда 25 минг АҚШ доллари миқдорида турк миллий чолғу асбоблари ишлаб чиқариляпти. Маҳсулотнинг барчаси Туркия давлатига экспорт қилинмоқда.

— Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта, — дейди тадбиркор Нурбек Холиқов. — Дастлаб Туркия давлатига бориб, ушбу мусиқа асбобларига бўлган эҳтиёжни ва ички бозор шароитини ўргандик. Талаб юқори эканлигига амин бўлгач, ишлаб чиқариш жараёнини кузатдик. Шундан сўнг буюртмачиларни топиб, улар билан келишувни имзолашга эришдик. Келгусида ўзбек миллий чолғу асбобларини ҳам ишлаб чиқариш орқали ички бозорга кириб бормоқчимиз.
Тадбиркор Абдуқаҳҳор Абдусаматов эса республикамизда у қадар ривожланмаган ишлаб чиқариш услубини жорий этишга қарор қилди. Бунинг учун қоғозни қайта ишлаш йўналишини маъқул топди. Ички бозорнинг талаб ва эҳтиёжларини ўргангач, Хитой давлатидан замонавий технологияларни келтирди.
— Лойиҳамизни маҳаллий ҳокимлик вакилларига тақдим этганимиздан кейин бизга Ёшлар кичик саноат зонасидан 15 сотих ер майдони ажратишди, —дейди тадбиркор Абдуқаҳҳор Абдусаматов. — Бу ерда ишлаб чиқариш корхонасини барпо этдик. Шундан сўнг 2,5 млрд. сўмлик инвестиция киритдик. Айни пайтга келиб қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқдамиз.

Тадбиркорнинг режалари ҳам катта. Келгусида бир йилда 1000 тонна маҳсулотни қайта ишловчи дастгоҳларни ишга тушириш орқали 85 та янги иш ўрни яратишни кўзлаган.
Бир сўз билан айтганда, кичик саноат зонасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса республикамизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш самарасидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг