«Хотин-қизлар билан ишлаш харитаси» чора-тадбирларни амалга оширишда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда

16:11 22 Ноябрь 2022 Жамият
233 0

Фото: ИИВ Ахборот хизмати

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатини Хоразм вилояти ички ишлар органларида фаолият юритаётган хотин-қизларга нисбатан самарали татбиқ этиш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ҳамда касбий ташаббускорлигини ошириш, шунингдек билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш борасидаги ишлар манзилли тарзда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари подполковник Д.Боғибекова томонидан «Хотин-қизлар билан ишлаш харитаси» асосида ҳар бир хотин-қизнинг иш фаолияти ва оилавий шароитини атрофлича ўрганиб, уларнинг хизмат фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бевосита раҳбарларига таклиф киритилди.

Шунингдек, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож бўлган ходималарнинг муаммоларига ечим топишда амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Жумладан, тизимда фаолият кўрсатиб келаётган барча хотин-қизлар навбатдан ташқари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларда аниқланган касалликларни даволаш бўйича ихтисослаштирилган тиббий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш учун маиший комиссия ва касаба уюшмасига таклиф киритилди.

Жорий йил давомида Хоразм вилояти ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган ва ИИВ Хоразм академик лицейида ўқиётган хотин-қизлар, шунингдек узоқ йиллар самарали хизмат қилиб пенсияга чиққан фахрий аёллар билан вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси вакиллари ҳамкорлигида «Уч авлод аёллари» учрашувлари ташкил этилди.

Учрашувларда иштирокчилар эътиборига мамлакатимизда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ички ишлар органлари ходимлари учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида тушунтирилди.

Бундан ташқари маънавият маршрутига мувофиқ хотин-қизларнинг уюшган ҳолда музей, театр, тарихий қадамжоларга ташрифлари ташкил этилди.

Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзига, тартиб интизомга, кийиниш маданияти ва одоб-ахлоқ қоидасига, қонунийликка амал қилиш, маънавий-руҳий муҳит соғломлигини таъминлаш бўйича доимий равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?