Хорижда 3 ойдан кўп бўлиб қайтган ўзбекистонликлар ОИВга мажбурий текширилади

Иллюстратив фото
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8 июлдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги ҳамда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган ўн саккиз ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикамизга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.
Шунингдек, узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган ўн саккиз ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар ОИВга мажбурий тиббий текширувдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса – ўз маблағлари, иш берувчининг маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни бораётган давлатининг қонунчилиги, унда бўлиш қоидалари бўйича ўқитишни ташкил этиш ва зарур материаллар билан таъминлаш мажбуриятини хусусий бандлик агентликларининг лицензия шартларидан бири этиб белгилаш ҳам таклиф этилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнларида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг