Хоразмдаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олинди

10:56 07 Май 2024 Жамият
163 0

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи болаларга тарсаки туширгани тасвирланган видеолавҳа эълон қилинди. Шунингдек, мазкур боғча тарбияланувчисининг бармоғига игна санчилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унга кўра, ҳолат Гурлан туманидаги 23-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида содир этилган бўлиб, болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи Ф.С. кеча, 6 май куни ишдан бўшатилган.

Қўшимча қилинишича, жорий йилнинг 17 апрель куни 5 ёшли Я.Х. бармоғи эҳтиётсизлик оқибатида боғча эшиги орасида қолиб кетган ва шикастланган. Ижтимоий тармоқда тарқалган фотосуратлар эса болага биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши вақтида олинган.

Унинг онаси берган маълумотларда эса, бармоққа санчилган игна эмас, балки сим бўлиб, у аслида тиббиёт ходими томонидан бармоқни тикиш мақсадида қўйилган.

«Ҳозир боланинг соғлиғи тўлиқ тикланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади омбудсман хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 512-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси 5 ёшли болани калтаклагани, мазкур ҳолат Бош прокуратура назоратида экани ҳақида хабар берилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер