Хоразмда Ёшлар технопарки иш бошлади

11:04 27 Февраль 2025 Жамият
174 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 майда қабул қилинган «Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳудудларда ёшларнинг таҳлилий фикрлаш, уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ёшлар технопарклари ташкил этиляпти.

Инновацион ғояларни амалга ошириш истагидаги йигит-қизлар учун «Ғоялар генератори« вазифасини ўтайдиган ана шундай маскан Хоразм вилоятида ҳам фойдаланишга топширилди. 10,2 млрд сўм маблағ эвазига «хайтек» услубида бунёд этилган Ёшлар технопарки ўз ғояси билан кириб келган иқтидорли ёшларга амалий кўмак бериб, лойиҳани тайёр маҳсулотга айлантириш ва бозорга чиқаришгача бўлган жараёнда кўмаклашади. Интилувчан йигит-қизлар бу ерда билимларини такомиллаштириш билан бирга, даромад ҳам топади.

— Технопарк йилига 800 нафар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшларни 7 та йўналишларда ўқитиш имкониятига эга, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев. — Ёшлар бу ерда веб-дастурлаш, робототехника, 3 Д моделлаштириш, график дизайн, веб-дизайн, мехотроника, стартаплар билан ишлаш йўналишларида таълим олади.

Ёшлар технопаркнинг очилиш маросимида илк резидентлар ўз лойиҳалари билан иштирок этди.

— «Ақлли кўл» деб номланган лойиҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди, — дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети 2-босқич магистранти Дилшод Ражабов. — Мен ясаган кичкина қурилма балиқчилик хўжаликларида балиқ етиштиришдаги мавжуд муаммоларга ечим топишга хизмат қилади. Ушбу қурилма сувдаги кислород миқдори, ҳарорат, сувўтлари концентрацияси ва сув сатҳини аниқлаб турувчи датчикларни жамлагани сабабли, муаммони аниқлаган ҳолда мобил иловага маълумот узатиб боради. Мобил илова бу маълумотларни тушунишга қулай кўринишда муаммога ечим ҳам чиқариб беради.

Айни пайтда вилоятдаги балиқчилик кўлларининг 6 тасида шундай қурилмалар ўрнатилган. Эндиликда Дилшод технопаркда резидент сифатида фаолиятини йўлга қўйиб, йилига 200 та ана шундай қурилмаларни ишлаб чиқаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?