Хоразмда маҳалла фаоллари тақдирланди

16:46 24 Март 2025 Жамият
175 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, мамлакатимизда 22 мартМаҳалла тизими ходимлари куни кенг нишонланди. Ушбу сана муносабати билан Хоразм вилоятида ҳам соҳа ходимлари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов тадбир қатнашчиларини Наврўз байрами ҳамда Маҳалла тизими ходимлари куни билан самимий табриклаб, уларга шарафли ва масъулиятли фаолиятларида куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилади.

Вилоят ҳокими миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган маҳалла тизимининг жамият ҳаётидаги тутган ўрни ва ролига тўхталиб, Президентимизнинг «Янги Ўзбекистонни барпо этишда биз учун энг муҳим ва асосий пойдевор бу – халқ овози, халқ фикри устувор бўлган маҳалладир» деган фикрлари маҳалла тузилмасининг аҳамиятини яққол намоён этишини қайд этди. Тадбирда маҳалла тизимида самарали меҳнат қилаётган, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаоллар «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

— Юртимизда барча соҳа ва йўналишлар бўйича «маҳаллабай» ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқчидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда, — дейди Урганч туманидаги Комилжон Отаниёзов номли маҳалла раиси Авазжон Шарипова. — Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин. Маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?