Хоразмда бу йил 47 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум ўғил-қизларга янги хонадонлар топширилади
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори турли сабабларга кўра оила ва ота-она меҳридан мосуво бўлган, мурғакликданоқ ҳаёт синовларига рўбарў келган ўғил-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш ишлари қамрови кенгайишига замин яратмоқда.
Ушбу ҳужжатга кўра етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида ана шундай ёшлардан икки нафари - Моҳира Аллаберганова ва Ғанижон Сотимбоевга давлат томонидан ажратилган янги хонадон ордери ва калитлари топширилди.
— Севинчимни сўз билан ифодалаб беролмайман, — дейди Моҳира Аллаберганова. — Ўз уйимиз бўлишини орзу қилардику, аммо бундай замонавий уй-жойга эга бўлиш етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган эди. Кўнгли ярим инсонларга бахтиёр яшаш қувончини бахш этаётган, инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланаётган юртда яшаётганимиздан шукрона айтаман. Бу эътибор зиммамизга Ватанга садоқат билан хизмат қилиш масъулиятини юклайди.
Ўтган йили вилоятда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 32 нафари уй-жой билан таъминланди. Бу йил ушбу тоифага мансуб ўғил-қизларнинг 18 ёшга тўладиган 47 нафарига янги хонадонлар топширилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг