Хоразмда Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигига бағишланган Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди

09:22 27 Сентябр 2023 Жамият
366 0

Фото: Халқ сўзи

Урганч шаҳрида “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Оламшумул кашфиётлари, юксак тафаккури ва бебаҳо илмий мероси билан жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигига бағишлаб ўтказилган ушбу халқаро анжуманда дунёнинг 15 та давлатидан 20 нафардан ортиқ берунийшунос олимлар, илмий тадқиқотчилар иштирок этди. Конференцияда сўзга чиққанлар Хоразм заминидан етишиб чиққан улуғ аллома, ўрта асрлар шарқ Ренессансининг буюк намояндаси Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси, унинг илмий меросини тадқиқ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

Азизулло Орол, манбашунос (Афғонистон):

- Тарихда “Дорул ҳикма” деб ном олган Маъмун академиясига раҳбарлик қилган Абу Райҳон Беруний ана шу даврда илм-фан осмонида ўзига хос йўлчи юлдуз бўлиб чарақлади. ХI аср тарихчилар томонидан Беруний асри деб аталгани бежиз эмас. Қомусий олимнинг математика, физика, астрономия, минералогия, тарих ва этнография, фалсафага оид асарлари бугунги кунда ҳам ўзининг илмий аҳамиятини йўқотмаган ва дунё олимлари томонидан чуқур ўқиб ўрганилмоқда. Беруний юбилей санаси билан боғлиқ тадбирлар Афғонистонда ҳам ўтказилди. Бугунги анжумандаги маърузалар аллома илмий фаолиятининг очилмаган қирраларига эътибор қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Бекзод Абдиримов, Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилоят бўлими раҳбари, фалсафа доктори:

- Юбилей олдидан Беруний асарларининг тўққизинчи жилди нашр қилингани қувонарли иш бўлди. Китобхонлар эндиликда алломанинг “Ас-сайдана” асарини ўзбек тилида мутолаа қилиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, қутлуғ сана муносабати билан буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида хоразмлик шоир, ёзувчи ва драматург Қурбон Маҳаммадризо қаламига мансуб “Омонат туҳфа”, “Синов саҳнаси” ва “Бир сиқим тупроқ” номли уч жилдлик трилогия вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида чоп қилинди. Конференцияда хорижлик олимларнинг илмий изланишлари натижалари, жумладан Хитой, Япония, Ҳиндистонлик олимлар тайёрлаб юборган видеомаърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Президентимиз таъкидлаганидек, биринчи ва иккинчи Уйғониш даври алломалари меросини чуқур ўрганиш, уни ёшлар онги ва шуурига сингдириш, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришга кенг йўл очиб беради. Шу маънода, Хоразмда ўтказилган илмий-амалий анжуман жуда катта маънавий-маърифий аҳамият касб этади.

                                              Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер