ХХР раиси Си Цзиньпин Европа бўйлаб сафарга чиқди

13:17 06 Май 2024 Дунё
328 0

Фото: Reuters

Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раиси Си Цзиньпин охирги беш йил ичида биринчи марта Европага сафар қилиш давомида, Россия — Украина уруши, Пекин ва Брюссель ўртасидаги иқтисодий танглик масалалари муҳокама марказида бўлиши мумкин.

ХХР раҳбари 6 май куни Пиреней жанубига саёҳат қилишдан олдин Эммануэль Макрон ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан учрашади. Ундан сўнг 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқинига қарамай, Россия билан яқин алоқада бўлган Сербия ва Венгрияга ташриф буюради.

Атлантика Кенгашининг “Global China Hub” директори ёрдамчиси Метт Герасимнинг сўзларига кўра, Хитой раиси Европага сафаридан учта мақсадни кўзлаган: биринчиси, Пекин Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаши оқибатида бузилган Европадаги муносабатларни тиклаш; иккинчиси, Европа Иттифоқининг Хитойга нисбатан иқтисодий хавфсизлигини юмшатиш; учинчиси, эса яқин ҳамкорлар Сербия ва Венгрия билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларидир.

Пекин ва Париж дипломатик муносабатлар ўрнатганига 60 йил тўлди. Си Цзиньпиннинг ташрифи бу сафар халқаро майдондаги нозик муносабатлар вақтига тўғри келди. Россия —Украина, Исроил — Фаластин низолари сабаб глобал хавфсизлик иқлими ёмонлашаётган бир пайтда расмий Пекин бетарафликни афзал кўрган. Аммо шу билан бирга Россия босқинини қораламаган ҳам.

— Музокаралар халқаро инқирозларга, биринчи навбатда, Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги вазиятга қаратилади, — дейилади Елисей саройи ўтган ҳафта ташриф олдидан эълон қилган баёнотда.

Макрон сўнгги пайтларда қитъа хавфсизлиги бўйича Европа Иттифоқи мамлакатларида етакчига айланди. Шу сабаб у хитойлик ҳамкасбидан Украина масаласида Россия президенти Владимир Путин билан тил топишишга ҳаракат қилади. Франция раҳбарига кўра, агар Россия Украинада ғалаба қозонса, Европа хавф остида қолади. Шунингдек, қўшни давлатлар Молдова, Руминия, Польша, Литва ва бошқа давлатлар таҳлика майдонига айланиб қолиши мумкин.

Макрон НАТО ва АҚШга таянишдан кўра, Европанинг ўз хавфсизлик архитектурасини ривожлантириш зарурлиги ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда. Агар Россия фронт чизиғини ёриб ўтиб, Киев ёрдам сўраган тақдирда Франция ўз қўшинларини Украина юборишга тайёрлигини айтди. Макрон Швейцарияда жорий йилнинг июнь ойида ташкил қилинаётган тинчлик конференциясида Хитойнинг фаол иштирокидан умид билдирган. Кремль эса ушбу анжуманда иштирок этишни рад этган.

— Биз Хитойни жалб этишда давом этишимиз керак, бу эса Москванинг фикрини ўзгартириш учун энг катта таъсир кўрсатадиган халқаро ўйинчидир, — деган Франциянинг “Le Monde” газетаси номи ошкор этилмаган дипломатик манбага таянган ҳолда.

Франция сафари якунлагач, Си Цзиньпин Сербияга йўл олади ва Хитой элчихонасининг портлашига 25 йил тўлиши муносабати билан Белградда президент Александр Вучич билан кўришиши кутилмоқда. Ўша портлашдан сўнг Хитой Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Сербияга энг катта инвестиция киритган.

Шундан сўнг, ХХР раҳбари 8 май куни Будапештда Европа Иттифоқидаги энг дўст давлат раҳбари Виктор Орбан билан учрашади. Сиёсати Европа Иттифоқи аъзолари орасида хавотир уйғотган Венгрия Пекин ва Москвага сезиларли даражада яқинлашди. Шунингдек, Хитой билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаган.

Венгрия, шунингдек, 2015 йилда Хитойнинг “Бир макон бир йўл” лойиҳасига қўшилиб, ташаббуснинг бир қисмига айланди. Учрашув давомида Будапешт ва Белград ўртасида давом этаётган тезюрар темир йўл қурилиши муҳокама қилиниши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?