Хивада ЮНEСКО шафелигидаги халқаро маданият форуми давом этмоқда

14:42 15 Сентябр 2021 Маданият
1119 0

Хабар берганимиздек, Хива шаҳрида ЮНEСКО шафелигида «Марказий Осиё дунё цивилизацияси чорраҳасида» халқаро маданият форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 75-сессиясидаги таклифига биноан ташкил этилди.

Маданият форумида ЮНEСКО, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, ИСEСКО, ИККРОМ, ЮНВТО, Европа Иттифоқи, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилот раҳбарлари ва вакиллари, Қирғизистон, Озарбайжон маданият вазирлари, Тожикистон маданият вазири ўринбосари ҳамда қатор олимлар иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига табрик мактубини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.

Очилиш маросимида ЮНEСКОнинг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича Бош директори ўринбосари Габриэла Рамос чиқиш қилди.

ИСEСКО Бош директори Салим Бин Муҳаммад Ал Малик, Озарбайжон Республикаси Маданият вазири Анар Каримов, Туркий кенгашлар Бош котиби Багдат Амреев, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Қайрат Иманалиев, Тожикистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Шарифзода Манучеҳр ушбу йирик форум билан барча иштирокчиларни қутлади. ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ҳам видеомурожаат шаклида табрик йўллади.

Анжуманнинг ялпи мажлисида Қирғизистон Республикаси Фанлар академияси Президенти М.Жуматаев, Форс тадқиқотлари Британия институти Президенти Ч.Мелвилл, Дрезден амалий фанлар университети, туризм ва тадбирларни ташкиллаштириш факультети раҳбари А.Родан-Понс, Марказий Осиё юнон-аҳамоний алоқалари ва тармоқланиши бўйича мутахассис М.Илиакис, меъмор, шаҳарсозлик ва минтақавий лойиҳалар бўйича мутахассис Е.Хуйбертс, санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори К.Акиловалар маърузалар билан иштирок этди.

Айни пайтда анжуманнинг шўъба йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Улар қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади.

  1. «Марказий Осиё меросининг ривожланишида савдо, илмий ва амалий алмашинувлар ҳиссаси»;
  2. «Марказий Осиё маданий ва илмий меросининг замонавий ижтимоий ва гуманитар фанлар ривожига қўшган ҳиссаси»;
  3. «Марказий Осиё Маданий мероси – минтақада мулоқот ва ҳамкорлик учун мустаҳкам асос»;
  4. COVID-19 пандемиясининг Марказий Осиё барқарор ривожланишига кўрсатувчи таъсирига қарши курашишда ижтимоий ва гуманитар фанлар орқали ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.

Маълумки, Марказий Осиё — бой маданий ва илмий меросга эга бўлган, инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан биридир. Қитъалараро савдо ва маданий йўллар чорраҳасида жойлашган бу минтақа маърифат, илм-фан ва таълим, фикрлаш, эътиқод, тажриба ўрганиш, шунингдек, ҳунар ўрганиш маркази ҳисобланган.

Таъкидлаш жоизки, кучли тафаккур, илм-фан эгаларининг учрашувлари, тажриба алмашинувларининг унумли контексти Абу Али ибн Сино, Ал-Фаробий, Ал-Беруний, Рудакий, Мирзо Улуғбек каби машҳур олимлар, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Жалолиддий Румий сингари мумтоз адабиёт намояндалари, Камолиддин Беҳзод сингари буюк рассомларнинг шаклланиб, юксалишига замин яратган.

Тарихдан маълумки, Хива, Самарқанд, Бухоро, Марв, Тараз, Хўжанд, Нейшабор, Балх, Қашғар каби йирик савдо ва илм-фан марказларининг мавжудлиги Марказий Осиёнинг тарихий аҳамиятга молик эканлигига гувоҳлик беради.

Бундай тарихий аҳамиятга эга бўлган форумнинг ЮНEСКО шафелигида ўтказилиши бой маданий тарихимизни очиб беришга қаратилган. Шунингдек, мазкур маданият форуми иқлим ўзгариши, Covid-19 Пандемияси туфайли минтақанинг барқарор ривожланишига олиб келадиган таҳдидлар ва қийинчиликларни ўрганишга ҳамда бой маданий мероснинг ушбу муаммоларга ечим излашга қўшган ҳиссасини ўрганишга ва бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланади.

Хусусан, Марказий Осиёга ҳамиша қўшни ва хорижий минтақалардан келган сайёҳлар оқими катта бўлган. Аммо сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва пандемиялар сабаб бу кўрсаткич анча пасайган. Анжуман ишида шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро форум якуни бўйича резолюция қабул қилиш режалаштирилган.

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?