Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» номли халқаро маданий форум ўтказилди

23:12 15 Сентябр 2021 Маданият
1209 0

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида ЮНEСКО билан ҳамкорликда 2021 йилда Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида халқаро форум ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. Жорий йилнинг 14–15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида мазкур халқаро форум ҳамда маданий мерос масалалари бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг I йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, анъанавий маданий мерос ҳафталиги дастури доирасидан ТУРКСОЙ давлатлари маданият вазирлари доимий кенгашининг йиғилиши ҳам ўрин олди.

Хивада ўтказиладиган маданий тадбирларда иштирок этиш учун дунёнинг 60 дан ортиқ давлатларидан келган 300 нафардан зиёд олимлар, экспертлар, тарихчилар, 100 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари Урганч халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Форум қатнашчилари учун Ичонқалъанинг тарихий ёдгорликлари бўйлаб саёҳат ва театр томошалари ташкил қилинди.

Таъкидлаш лозимки, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти ҳар бир «Туркий дунё маданияти пойтахти» деб танланган шаҳарда ташкилотга аъзо давлатларнинг санъати ва маданиятини очиб берувчи фотокўргазма ташкил этиш анъанасини йўлга қўйган.Ана шу муносабат билан Хива шаҳрида ҳам ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг фотокўргазмаси очилди.

Қадимий Ичонқалъанинг Қўҳна арк майдонида «Хива – туркий дунё маданияти пойтахти» деб номланган гала-концерт намойиш этилди. Тадбирда ЮНEСКО Бош директорининг ўринбосари Габриэлла Рамос ва ТУРКСОЙ ташкилоти директори ўринбосари Билол Чакижи сўзга чиқиб, Хива шаҳрининг туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги сертификатни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Хива шаҳри ҳокими Темур Давлетовга топширдилар.

Форумнинг расмий очилиши Хива шаҳрида янги барпо этилган «Фаровон» меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.

Маданият форумида ЮНEСКО, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, ИСEСКО, ИККРОМ, ЮНВТО, Европа Иттифоқи, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилот раҳбарлари ва вакиллари, Қирғизистон, Озарбайжон маданият вазирлари, Тожикистон маданият вазири ўринбосари иштирок этди.

Ўзбекистон ҳукумати қўллаб қувватлаши билан ўтказилган ушбу маданий тадбирлар ЮНEСКО, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, «Eriell Group» нефть-сервис компанияси кўмаги билан ташкил этилди.

Анжуман давомида форум иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқдик.

Габриэлла Рамос - ЮНEСКО Бош директорининг ўринбосари:

– Ўзбекистон Буюк Ипак Йўлининг марказида жойлашган бой тарих ва бетакрор маданиятга эга мамлакат. Бу заминдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг дунё илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Кейинги йилларда юртингизда ташкил этилаётган нуфузли халқаро конференциялар, форумлар, маданий тадбирлар Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиёнинг, балки дунёнинг замонавий маданий-маърифий марказларидан бирига айланиб бораётганини англатади. Бундай тарихий аҳамиятга эга бўлган форумнинг ЮНEСКО шафелигида ўтказишдан мақсад Ўзбекистоннинг бой маданияти ва жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссани очиб бериш, дунёга танитишдан иборат. Таъкидлаш жоиз, мазкур форум минтақа халқларининг дунё тамаддунига қўшган бемисл ҳиссаси ҳақида кенг қамровли фикр билдириш учун минбар вазифасини ўтайди. Шунингдек, минтақадаги интеграцион ислоҳотларнинг бугуни ва истиқболини мутахассислар томонидан чуқур таҳлил қилиш ва баҳолаш учун ҳам яхшигина муҳокама майдони вазифасини бажаради.

Элчин Ғаффорали – форум иштирокчиси (Озарбайжон):

– 2019 йилнинг 30 ноябрь куни Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доимий кенгашининг 37-мажлисида 2020 йилда Хива шаҳри турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинди.Хива шаҳрига бу мақомни бериш таклифи 2018 йил сентябрь ойида Қирғизистонда ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VI саммитида билдирилган эди. Ҳар йили туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бирини турк дунёси маданияти пойтахти, деб эълон қилиш анъанасига 2010 йилда Туркий тилли давлат раҳбарлари саммитида асос солинган. Айни пайтга қадар Нурсултон, Эскишеҳир, Қозон, Марв, Шаки, Туркистон, Кастамону, Ўш шаҳарлари ана шу номга сазовор бўлган. Очиқ осмон остидаги музей-шаҳар бўлмиш Хиванингқадимий осори-атиқалари, минг йилликларга тенгдош обидалари бизни ниҳоятда ҳайратлантирди ва бу шаҳарнинг шундай юксак мақомга муносиб кўрилгани бекорга эмаслигига яна бир бор амин бўлдик.

Хивада ТУРКСОЙ давлатлари маданият вазирлари доимий кенгаши йиғилишининг ўтказилиши алоҳида аҳамиятга молик воқеа. Йиғилиш дастуридан «Хива – Туркий дунё маданий пойтахти» лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ҳақида ҳисобот, 2022 йил Туркий дунё маданий пойтахти ҳақидаги тақдимот ўрин олган.

Эрик Айвраш – форум иштирокчиси (Франция):

–Халқаро маданият форуми доирасидаги тадбирлар аъло даражада ташкил қилинган. Ушбу анжуман Марказий Осиё маданияти ва тарихи бўйича билимларимизни янада ошириш имконини берди.Ўзим артитекторман.Ўзбекистондаги маданий ёдгорликларни қайта тиклаш борасида Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан бир неча йиллардан буён яқин ҳамкорлик қилиб келяпман. Хивада биринчи марта бўлишим. Таассуротларим бир олам. Менга айниқса халқингизнинг меҳмондўстлиги, миллий анъаналар ва урф-одатларингиз жуда ёқди. Шаҳарнинг бетакрор обидалари, ўзига хос меъморчилигини кўриб ҳайратга тушдим. Умуман Хива жаҳон туризми марказларидан бирига айланадиган сеҳрли шаҳар эканига амин бўлдим.

Гавҳар Дурдиева - Хоразм Маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, сенатор:

– Хива шаҳри 1990 йилда ЮНEСКОнинг дунё маданий мерослари рўйхатига киритилган бўлиб, бугунги кунда сайёҳлар эътиборидаги энг қадимий шаҳарлардан бири саналади. Қадимий ва навқирон Хиванинг 2020 йилда турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилиниши шаҳарнинг дунё миқёсида довруғини янада кенг ёйиш, қардош халқлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шаҳримизнинг бундай юксак мақомга эга бўлиши биз учун катта шарафдир. Бугун Хивада амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ана шу эътирофга мос келади. Бу эътироф ички ва ташқи туризмнинг ривожлантириш, янги инфратузилма объектлари, музей ва экспозициялар барпо этиш, сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажмини ошириш имконини берди. Шаҳарда ташкил этилган маданий тадбирлар, хорижий ва маҳаллий журналистлар учун уюштирилган медиатурлар нафақат шаҳарни, балки бутун мамлакатимизни дунё миқёсида кенг танитди. Жаҳон жамоатчилиги юртимиз тарихи, табиати, халқимиз турмуш тарзи ва маданияти, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Одилбек Одамбоев,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?