Хитойлик олимлар Оролбўйида ноёб доривор ўсимлик плантацияларини барпо этишади

17:30 06 Июль 2023 Жамият
693 0

Фото: “Халқ сўзи”

Хитойнинг Синцзян экология ва география институтининг бир гуруҳ олимлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, Оролбўйи Халқаро инновацион маркази раҳбарлари билан юзма-юз мулоқотда цистанхе доривор ўсимлигини етиштириш масаласи муҳокама қилишди. Цистанхе ўсимлигини етиштирувчи плантациялар ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

— Цистанхе доривор ўсимлигини етиштириш учун туманимизнинг “Абат жап” ўрмон хўжалиги фонди еридан 10 гектар майдон танлаб олинди,—дейди Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов. – Президентимизнинг 2022 йил 20 майдаги “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Чимбой туманида ҳам ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш назарда тутилган эди. Бугун Синцзян экология ва география институтининг бир гуруҳ олимлари билан бу борада амалга ошириладиган тадбирларимизни муҳокама қилиб олдик.

Шунингдек, учрашувда Чимбой туманида цистанхе ўсимлигини етиштириш режалаштирилган дала майдонлари бўйича таклиф қилинаётган лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 май кунги қарори ижроси доирасида Оролбўйи халқаро инновацион маркази томонидан Хитой фанлар Академиясининг Синцзян экология ва география институти билан музокаралар ўтказилиб, яқинда марказ директори Б. Хабибуллаев бошчилигидаги делегация Хитойнинг Синцзян-Уйғур автоном туманида бўлиб қайтишди. Сафар давомида 2000 гектар майдондаги парваришланаётган цистанхе ўсимлиги плантацияларида бўлиб, ушбу ўсимликни маданий ҳолда етиштириш тажрибасини ўрганишди.

Маълумотларга кўра, цистанхе ўсимлиги Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Пиреней ярим ороли чўлларидагина ўсади. Япония, Хитой ва Қозоғистон фармацевтика саноати ва косметология соҳасида кенг қўлланилади. Қозоғистонда у “бўри озуқаси” деб аталади. Овчилар ва ўрмон атрофида яшовчиларнинг кузатувларига қараганда, совуқ қишдан чиққан ҳолсиз бўри шу ўсимлик илдизини истеъмол қилиб куч олади. Осиё халқлари ўртасида цистанхе ўсимлиги қадимдан “саҳродаги ҳаёт илдизи”, “олтин томир” номлари билан аталиб келинади.

Ҳозирги вақтда Қозоғистон Марказий Осиёда цистанхени қайта ишлаб, экспорт қилаётган ягона давлат бўлиб, унинг асосий харидорлари Япония, Хитой ва бошқа Шимоли-шарқий Осиё давлатларидир. Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги цехда йилига 100 тоннадан ортиқ қуритилган цистанхе етиштирилади.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер