Хитой компаниялари Қашқадарёдаги каналларни бетонлаштиришга киришди

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг «Қашқадарё вилоятини 2024-2025 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2024 – 2030 йилларда вилоятдаги 11 минг километрдан зиёд тупроқ ўзанли хўжаликлараро ирригация тармоқларини тўлиқ бетонлаштириш ёки уларни лоток тизимлари ва ёпиқ қувурларга ўтказиш белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда вилоятда хўжаликлараро ва ички сув тармоқларини бетонлаштириш бўйича кенг миқёсли қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, шу кунга қадар 9 та каналларни бетонлаш бўйича республика бюджетидан ажратилган 100 миллиард сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, 50,6 километр каналлар бетонлаштирилди. 28,3 километр қисми реконструкция қилинди. 7 та каналда режадаги ишлар якунланди. Ўз навбатида агрокластерлар ва фермер хўжаликлари томонидан 857 километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
Яқинда бу борадаги ишларга Хитойнинг «CITIC Construction» ва «China CAMC Enginiring Co., Ltd» компаниялари ҳам жалб этилди.
Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси масъуллари берган маълумотга кўра, Чин юрти вакиллари билан вилоятнинг 11 та тумандан оқиб ўтувчи 26 та, умумий узунлиги 319,9 километр бўлган каналларни бетонлаштириш бўйича келишувга эришилган.
Хитойлик қурувчилар ишни Косон туманидаги «R-21» ҳамда «R-25» каналларини бетонлаштиришдан бошлашди.
— «R-21» каналимизнинг фойдаланишга топширилганига 51 йил бўлди, — дейди канал бошлиғи Дилшод Ҳасанов. — Ўтган йиллар мобайнида ушбу канал ниҳоятга таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу жуда кўп сув исрофига сабаб бўлаётган эди. Биргина ушбу каналнинг тўлиқ бетонлаштирилиши натижасида ҳар йили 2 миллион 130 куб метр сувни иқтисод қилиш имкони пайдо бўлади.
Маълумот ўрнида: Қашқадарё вилоятида 2476 километр узунликдаги 256 та магистраль ва хўжаликлараро каналлар, шунингдек, 20,4 минг километр узунликдаги ички суғориш тармоқлари мавжуд бўлиб, жорий йил бошига қадар хўжаликлараро каналларнинг 39 фоиздан ортиқ, ички сув тармоқларининг 54 фоиз қисми бетонлаштирилмаган. Бу қанча машаққат билан олиб келинаётган сувнинг 30-35 фоизга яқин қисми экин майдонларига етиб бормасдан йўқотилишига сабаб бўлаётган эди. Нишон, Миришкор, Муборак, Косон туманларида бу кўрсаткич 40 фоиздан ҳам ошиб кетган.
2030 йилга қадар 11 минг километрдан зиёд хўжаликлараро ирригация тармоқларини тўлиқ бетонлаштиришилиши натижасида вилоятда йилига 2 миллиард куб метр атрофидаги сувни иқтисод қилиш, минглаб гектар экин майдонларида сув таъминотини яхшилаш имкони пайдо бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг