Хатирчида “Саҳро бахшилари” мусиқий фестивали ўтказилди

12:44 26 Май 2023 Маданият
601 0

Фото: «Халқ сўзи»

Фестиваль Республикамиз Президентининг  2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори иловаси билан тасдиқланган “Навоий вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича 2023 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” доирасида ўтказилди. 

Анжуманга Хатирчи туманининг Олтинсой қишлоғи мезбонлик қилди. Машҳур бахши Амирқул Пўлкан шоир туғилиб ўсган ушбу заминда чанқовуз ва дўмбира садолари ҳамон янграб, ҳудуддаги тўй-маърака ва бошқа тадбирларни бахшининг иштирокисиз тасаввур этиш мушкул. 

Фестивалда мамлакатимизнинг таниқли бахшилари билан бирга Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Республика бахшичилик санъати мактаб-интернатининг ижодий жамоаси ҳам иштирок этишди. 

Фестиваль дастури доирасида халқ достонларидан намуналар, бадиҳагўйлик йўлидаги термалар, айтишувлар, бахшичилик йўналишида яратилган замонавий қўшиқ ва ўланлар ижро этилди. 

- Бахшичилик санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилган халқимизнинг олтита номоддий маданий меросларидан бири ҳисобланади, - дейди Республика бахшичилик санъати марказини ривожлантириш директори Умид Норбоев. – Аждодларимиз яратган ушбу бойликни нафақат асраш, балки бойитиш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқ оғзаки ижодининг қадимий анъаналарини тиклаш ва миллий қадриятларни изчил ривожлантириш, ижодий уюшмалар ҳамкорлигида бахши, оқин ва жировлар ижодининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш, бахшичилик ва достончилик санъатининг тарихи, улар ижодини мукаммал ўрганиш мақсадида тадқиқотлар олиб бориш шулар жумласидан. 

Қўшимча қилиш жоиз, ушбу тадбир туризмни ривожлантириш дастури доирасида ўтказилиб, ҳудуднинг сайёҳлик жозибасини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер