Ханс Клюге Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳасини олқишлади

16:38 08 Сентябр 2021 Жамият
607 0

Бугун видеоконференцалоқа орқали юртимиз соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо бўлган 53 давлатдан бири бўлиб, ташкилот билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади.

Тадбирда, Ўзбекистон ЖССТ билан кўп томонлама самарали ҳамкорлик қилиб келаётгани, бу ҳамкорлик, айниқса, пандемия даврида янада мустаҳкамлангани таъкидланди. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге юртимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар бир янгиланишга ўзининг ижобий муносабатларини билдириб, муҳим жабҳаларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўтган йили ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз томонидан илгари сурилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ЖССТга тақдим этилгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиргани ҳам ушбу ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Айтиш лозимки, 2019 йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган ЖССТнинг олий органи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг ЖССТ Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланган эди.

Ташкилотнинг 69-сессиясида (2019 йилнинг сентябрь ойида) унинг директорлигига сайланган доктор Ханс Клюге ўзининг илк расмий хорижий ташрифини 2020 йил 10 февраль куни айнан Ўзбекистондан бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу куни Ханс Клюге Европа минтақавий бюроси ҳамда мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган эди. Шунингдек, тиббий таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун у Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори унвонига ҳам сазовор бўлганди.

Ушбу ташриф давомида Х. Клюге мамлакатимизга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, бу ерда беморлар учун яратилган шароитларга юқори баҳо берган эди. Эътирофли жиҳати, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон фтизиатрия хизмати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида иккинчи ўринни эгаллаб, кучли учликдан ўрин олган.

Мулоқот давомида ушбу кенг кўламли ҳамкорлик айни вақтда коронавирусга қарши кураш масаласини ҳам қамраб олгани таъкидланди. ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон 2020 йилнинг август ойида ташкилотнинг коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича “COVAX” халқаро дастурига қўшилган.

Айтиш лозимки, ташкилот барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва ушбу механизм барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишни таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.

Тадбирда сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон тиббиёти қатор ижобий ютуқларга эришганини таъкидланди. Жумладан, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шошилинч тиббий хизмат, ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар фаолияти, хусусан, трансплантация йўналишида қўлга киритилаётган дастлабки ютуқлар ҳақида айтилди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда коронавирусга чалинган беморларни даволашдан тортиб, айни кунларда олиб борилаётган вакцинация жараёнларини олиб бориш ҳамда аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этишда, карантин тадбирларини ташкил этишда бевосита ЖССТ тавсияларига амал қилинмоқда.

Мулоқот давомида ЖССТнинг пандемия давридан кейинги тадбирлари, касалликдан соғайган инсонларни реабилитация қилиш бўйича дастурлар доирасида Ўзбекистон билан амалга ошириладиган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ханс Клюге ЖССТ Европа минтақавий бюроси юқумли касалликлар янги турларининг тарқалиши эҳтимолига тайёргарлик масалалари бўйича режалаштираётган дастурларни амалга оширишда юртимизга кўмаклашишини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистонда бюро билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб масалалар, хусусан, COVID-19га қарши курашиш тажрибаси, тиббий таълим, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш, лаборатория ходимларини тайёрлаш ва бошқаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказиш ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида Абдуҳаким Хаджибаев Ханс Клюгени юртимизга ташриф буюришига таклиф қилиб, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш, ҳамкорликда амалга ошириладиган дастурларни батафсил муҳокама қилишга чақирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?