Халқимизнинг буюк фарзанди

12:11 14 Февраль 2024 Маданият
265 0

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари, шубҳасиз, XV-XVI асрларга оид улкан ноёб адабий ёдгорликлардан биридир. Ушбу қомусий асар дунёнинг 30 дан ортиқ тилларига таржима қилингани унинг улкан бадиий ва илмий аҳамиятини таъкидлайди. Китоб Бобурнинг бутун умри давомида сақлаган шахсий кундаликларининг хронологик тўплами кўринишида ёзилган. “Бобурнома” — аллома ҳаётини акс эттириб, айни пайтда тарих, тилшунослик, этнография, табиатшунослик ва бошқа фанлар учун қимматли манба саналади.

Улуғ саркарда, буюк ёзувчи ва олимнинг ҳаёти, фаолияти ҳақида кўплаб роман ва қиссалар, ҳикоя ва мақолалар ёзилди, спектакллар саҳналаштирилди, фильмлар тасвирга олинди, лекин уларда, жумладан, дарсликларда Бобур Мирзонинг биология фани ривожига катта ҳисса қўшган олим экани ҳақида жуда кам маълумот берилди.

Ҳолбуки, “Бобурнома” энциклопедик асарида Марказий Осиё (Фарғона водийси, Зарафшон водийси, Қарши воҳаси ҳудуди), Афғонистон ва Ҳиндистоннинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақида батафсил маълумот келтирилган. Муаллиф бу ҳудудлардаги муайян ўсимлик ёки ҳайвон турларининг ўзига хос хусусиятларини қисқа, лекин аниқ тавсифлаб берган. Юзга яқин мевали ўсимликлар ва гулларнинг аниқ таснифини келтирган. Китобда ўсимликнинг тана ва шох қисмлари, баргларининг шакллари, катталиги ва жойлашуви, гуллар ва меваларнинг ўзига хослиги, ўлчами, ранги ва ҳиди ҳақида маълумот берилган.

Жумладан, олим Ҳиндистоннинг амли (хурмо), банан, кадҳил (нон дарахти), лимон, карунджа, санжара каби меваларини биринчилардан бўлиб тавсифлаган. Ҳайвонот оламидан фил, каркидон, товус, тўтиқуш ва бошқа қатор қуш ҳамда балиқлар таснифини берган.

Мирзо Бобур Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳайвонларини қиёслаб тушунтиради. “Каркидон катталиги уч ҳўкизга тенг келадиган улкан жонивор”, унинг “Бошқа ҳайвонлардан кўра отга ўхшаш томонлари кўпроқ. Чунки отнинг катта қорни бўлмайди, бунда ҳам катта қорин йўқ, чунки отда ошиқ ўрнида бир парча суяк бўлганлиги каби бунда ҳам бир бўлак суяк жойлашган, чунки от илигида кўмиги бор, бунинг илигида ҳам кўмик бор”. Мазкур қиёслаш — Бобур Мирзо илмий ёндашуви нақадар тўғри эканини бугунги кунда каркидон ва от сут эмизувчиларнинг тоқ туёқлилар оиласига киритилгани исботлайди.

“Бобурнома”да келтирилган таснифи турли географик минтақаларга оид ўсимлик ва ҳайвонларнинг қиёсланиши замонавий қиёсий ҳамда тадрижий биология, биология тарихи соҳасидаги тафаккурни кенгайтиради, умуман, билиш жараёни ҳақидаги тасаввурни бойитади.

Мирзо Бобур Афғонистон тоғларида кўплаб Ҳиндистондаги ҳайвонлар: тўтиқушлар, товуслар, маймунлар, нилгайлар (эчки тури), калта оёқли маймунларнинг яшаш тарзига, тарқалиш ҳудудларига эътибор қаратган. Ҳайвонот дунёсининг географик биотопи ўзига хослиги, ҳайвонларнинг табиий ландшафтларда тарқалишининг денгиз сатҳидан баландликка боғлиқлигига ҳам аҳамият берган. Масалан, Ҳиндистонда маймун турларининг жуда кўплигини таъкидлаб, улар водийларда кенг тарқалишини, тоғларда эса деярли учрамаслигини айтиб ўтади. Демак, Мирзо Бобур ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг зоогеографик систематикасига асос солган олимлардан биридир.

У Нижрау тоғларида учрайдиган олмахондан каттароқ бўлган ҳайвон — учар тулки ҳақидаги маълумотни келтирган. Учар тулкининг олд ва орқа оёқлари орасида парданинг мавжудлиги унда қанотга ўхшаш қисмнинг борлигини кўрсатади. Шунингдек, уларнинг дарахтдан дарахтга учиб юришини тасвирлайди. Бундай маълумотлар ҳайвонлар дунёси эволюцияси қонунларини ўрганиш учун қимматлидир. Ҳозирги вақтда бу ноёб ҳайвонлар фақат Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг тропик ва субтропикларида, Янги Гвинеяда учрайди. Учар тулкилар мева ва гулларнинг шираси билан озиқланганлиги сабабли уларнинг йўқолиб бориши ёввойи мевали дарахтларнинг кескин камайиши билан боғлиқ, деб тахмин қилиш мумкин.

“Бобурнома”да ўсимликлар интродукцияси, бойларнинг яратилишига алоҳида урғу берилган. Асарда келтирилганидек, 1519-1520 йилларда Бобур Мирзо Адинопурнинг Жанубий томонида (Кобул чеккасида) Боғи Вафо номли катта боғ барпо қилдиради. Бу боғга Лаҳордан банан олиб келиб экилади. У ерда шакарқамиш ҳам етиштирилиб, ҳосилдан Бадахшон ва Бухорога юборилади. Демак, шакарқамиш Ўзбекистон ҳудудига биринчи марта ХVI асрда кириб келган. Шунингдек, буюк бобомиз Кобулга гилос кўчатларини экишни буюрган. У Ҳиндистонга қовун, атиргул ва узумни олиб киргани маълум.

XVIII асрда яшаган швед табиатшуноси Карл Линней томонидан киритилган бинар (қўш) номенклатура ундан бир ярим аср аввал “Бобурнома”да анча кенг қўлланилган. Асарда келтирилган деярли барча ўсимликлар қўш номга эга. Масалан: лолайи садбарг (лола юзбаргли), лолайи гулбўй (хушбўй лола), кокил толь (мажнунтол), най шакар (шакарқамиш), сариқ арғувон (сариқ қирмизи), доғ арғувон (қизил қирмизи), себи самарқанди (Самарқанд узуми).

Муаллиф ўсимликларнинг кўпайиши ҳақида ҳам шундай ёзади: “...ўсимликлар орасида хурмо дарахти икки жиҳати билан ҳайвонларга ўхшайди. Биринчидан, ҳайвоннинг боши кесилса, умри тугайди, хурмонинг тепаси кесилса, қурийди; иккинчидан, эркагисиз ҳайвонлар насл бермагани каби, хурмо дарахти ҳам эркак пальманинг шохини олиб келиб, урғочисига боғламасанг, яхши мева бермайди”. Маълумки, италиялик ботаник Просперо Алпини (1553 — 1617) эркак ва урғочи хурмо пальмаларининг мавжудлигини аниқлаган. Бундан олдин олимлар бу ўсимликни жинссиз кўпаяди, деб ҳисоблаган эди. Айни пайтда бундай кашфиёт улуғ аждодимиз томонидан Ҳиндистонда 1525 — 1530 йилларда Алпини туғилишидан анча олдин тасвирланганди.

Ижтимоий тараққиётнинг ҳозирги босқичида фан-техника ривожланиши, глобаллашув ва биологик ресурслар истеъмоли ортиб бораётган шароитда дунё биохилма-хиллигини сақлаш муаммоси энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бобурнинг флора ва фаунага бағишланган тасвирлари Фарғона ва Зарафшон водийлари, Ўзбекистон жануби, шунингдек, Афғонистон ва Ҳиндистоннинг биологик хилмахиллиги ҳақида аниқ тасаввур беради.

“Бобурнома” муаллифнинг атрофидаги оламнинг аниқ кузатувлари асосида яратилган ўзига хос илмий ҳужжатдир. Муаллиф “Бу битилганлардин мақсад ўзини орттурмоқ эмас, рости бу эдиким, мастур бўлди”, деб ёзиб, китобда битганларнинг ҳаммаси ҳақиқат эканини таъкидлайди.

Мирзо Бобурнинг биологик хилмахиллик, ўсимлик ва ҳайвонларнинг интродукцияси, систематикаси, таснифи, экологиясига оид маълумотлари ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотмаган. Бу битиклар бугунги кунда биологиянинг турли соҳаларида қимматли манбалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Любовь ҚЎЧҚОРОВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

Миллий университети профессори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?