Халқимиз тиббиётдаги ислоҳотларга умид билан қарамоқда

19:00 05 Февраль 2023 Сиёсат
1358 0

Фото: Архив сурат

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, соҳага йўналтириладиган маблағларни келгуси беш йилда 2 баробар ошириш, 2026 йилгача олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш кўзда тутилмоқда.

«Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади.

Эл-юртимиз азалдан шифокорларни инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини — ҳаётларини ишониб топширади», деган эди ўша мулоқотда Президентимиз.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар БEКНАЗАРОВ билан суҳбатимиз соғлиқни сақлаш, фармацевтика тизимида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари хусусида бўлди.

— Тиббиёт соҳасида ярим аср­дан зиёд фаолият кўрсатган тажрибали мутахассис сифатида тизимдаги муаммоларни бартараф қилиш, шаффофликни таъминлаш нималарга боғлиқ деб ҳисоблайсиз?

— Президентимиз соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида битта гапни айтди: бундан буён соғлиқни сақлаш соҳасини тизимли трансформация қилишга эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбарининг бу гапи нимани англатади? Бунинг маъноси шуки, энди собиқ шўро давридан бошлаб бир хил юзаки қолипда келаётган тизимга барҳам берилади. Тиббиётда индивидуал ёндашувга ўтилади. Асосий эътибор соҳадаги муаммолар моҳиятига, унинг ечимига қаратилади. Аслида, бу масала биз шифокорларга кўпдан бери маълум, лекин эътиборга олинмай келинаётган тизимдаги энг оғриқли жиҳатлар эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги беш йилда республикамиз бўйича тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактика, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида аҳамият берилди. Давлатимиз раҳбари очиқ мулоқотда олимлар, шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар, санитария-эпидемиология хизмати вакилларидан келиб тушган жами 25 мингдан зиёд мурожаатларни умумлаштириш ва тизимлаштириш асосида ишлаб чиқилган 7 та муҳим йўналишни белгилаб берди. Булар бирламчи тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ва уларни моддий рағбатлантириш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш ҳамда касалликларнинг олдини олишдан иборат.

— Тиббиёт соҳаси кадрларини тайёрлашдаги бугунги тизим сизни қониқтирадими?

— Йўқ, албатта. Ўзбекистонда собиқ тузум давридан бери амалда бўлган эски таълим тизими бугунги муаммоларга гирифтор этди деб ўйлайман. Шифокор бўлишни ният қилган йигит-қиз 7-8 йил ўқийди. Бу даврда у турли қийинчиликларни бошидан ўтказади, шартнома пули, ижарада туриши, ейиш-ичиши дегандек... Талаба тиббиёт соҳасини ипидан игнасигача ўрганадими ёки ўша харажатларни қоплаш учун елиб-югурадими? Айтинг, ундан кейин ўқишни битирган талаба қандай шифокор бўлади?

Бир умр қийналиб шифокорлик дипломини олган йигит-қизлар ҳам, албатта, яхши еб-ичишни, уй, машина олишни, яхши яшашни орзу қилади. Бу эса охир-оқибатда уларнинг кимлар биландир келишиб ишлашига сабаб бўлади. Шунинг учун менинг фикрим, биринчи навбатда, тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини қайтадан кўриб чиқиб, прагматик ёндашувлар асосида рационал ечимларга келиниши керак. Уларда талабани моддий рағбатлантиришдан тортиб ётоқ жой билан таъминлаш масалалари ҳам акс этиши лозим.

Эсингизда бўлса, ўтган йили Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг мажлисида жиноят ишларининг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилгани айтилган эди.

Халқимизда «Борга — бор дунё, йўққа — тор дунё» деган гап бор. Моддий томондан етарли рағбатлантирилмагани сабаб, баъзи шифокорлар ўз манфаати учун касбидан фойдаланишни бошлайди. Фармацевтлар билан келишувлар, кераксиз дорилар сотуви шунга бориб тақалади. Моддий жиҳатдан таъминланган ҳар қандай касбдаги киши ўз вазифасини ҳеч қандай тамаларсиз, виждонан бажаришга ҳаракат қилади.

— Тизимда туб ўзгаришларга эришиш учун очиқлик ва шаффофликни таъминлаш керак дедингиз. Бунда нималар назарда тутиляпти?

— Шаффофликни таъминлаш учун бош ислоҳотни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соҳа учун жавоб берадиган мутасаддилари, бош мутахассислари ва дориларни Ўзбекистонга импорт қиладиган фармкомпаниялардан бошлаш керак. Ундан кейин вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тизимдаги таълим муассасалари, ўрта бўғин мутахассислари номенклатураларига эътибор қаратилиши шарт деб ўйлайман.

Кейинги йилларда шу пайтгача кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиалар — ­Нукусда шифокорлар тирик чақалоқни «морг»га юборгани, «Док-1 Макс» дорисидан бир неча ўнлаб болаларнинг ­нобуд бўлгани каби воқеалар тизимнинг ҳақиқий аҳволини кўрсатиб қўйди. Буларнинг ҳаммаси таълимдаги, тиббиётдаги хатоларнинг оқибатидан бошқа нарса эмас.

— Кейинги пайтларда тиббий суғуртага ўтишга урғу берилмоқда. Мазкур тизим нимаси билан афзал?

— Тиббий суғуртада ҳар бир шифокорнинг қўлида диагностика ва даволаш андозалари бўлади. Ўша андоза бўйича беморга белгиланган дори берилади ва берилган вақти-соати қайд этилади. Ана ўшанда бирор нохуш ҳолат рўй берса, шифокор ўзини ҳимоя қила олади, яъни беморларни аниқ андоза бўйича даволаганини исботлайди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан давлат тиббий суғурта тизими вилоятда тажриба-синов тариқасида апробациядан ўтказилди. Шунга биноан, «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу йўналишдаги қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш жараёнида жаҳонда шаклланган моделлар пухта ва атрофлича ўрганилди. Сингапур, Жанубий ­Корея, Япония, Франция, Германия, Норвегия, Эстония, Латвия, Исроил, Туркия, Россия, Озарбайжон каби давлатлар тажрибасига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, миллий хусусиятларимиз ҳам ҳар томонлама таҳлил этилди. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бандлик даражалари, солиқ ставкалари, ойлик даромадлари ўрганилиб, мажбурий тиббий суғуртанинг ҳозирги кунда оптимал ва ижобий баҳоланиб келинаётган бюджет модели танлаб олинди. Тиббий суғурта тизимига ўтишнинг энг мақбул йўли деб ҳисоблайман.

Тўғри, ҳар бир ишни бошлаганда, истаймизми-йўқми, қийинчиликлар бўлиши табиий. Лекин ўтиш жараёни билан боғлиқ сарф-харажатларни давлат бўйнига олсагина унинг келажаги порлоқ, деб ўйлайман. Шу билан бирга, тиббий суғурта нималиги аҳолига, шифокорларга тушунтирилиши, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши, бу тизимнинг афзалликлари ўргатилиши керак.

Агар давлат ўз фуқароларининг, мамлакат келажаги бўлган ёшларимизнинг соғлом, тизимнинг эса шаффоф бўлишини истаса, керакли маблағни ажратиши зарур бўлади, деб ўйлайман. Шундай экан, тиббий суғурта билан боғлиқ сарф-харажатлар, албатта, эртага ўз натижасини беради.

Янги тайинланган соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, тиббий суғурта тизими бўйича амалий ишлар аллақачон бошланган. Жорий йилда Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида тиббий суғурта механизмлари синов тариқасида ишга туширилади. Мутахассислар тиббий суғуртани жорий этиш билан бирга, тезроқ далилларга асосланган тиббиётга ўтиш кераклигини ҳам айтишяпти.

— Бу нимани англатади?

— Дунёдаги барча тиббиёт институтларида далилларга асосланган тиббиёт ўқитилади. Бу нима дегани? Бунда касалликларнинг тарқалиши, келиб чиқиш сабаблари, хавф омилларини ўрганишдан ташқари сифатли ва самарали ташхислаш, даволаш, профилактик ишлар олиб борилади.

Лекин бу ерда ҳам танганинг орқа томонини ҳисобга олмаслик нотўғри бўлади. Сабаби, далилларга асосланган тиббиётнинг баҳсли томонлари — беморга ташхис қўйилганидан кейин шифокор уни шу асосда даволай бошлайди. Бундай ҳолатда агар беморнинг аҳволи ёмонлашиб қолса ёки нобуд бўлса, шифокор беморга йўриқномада кўрсатилган дорилар берганини исботлаб, ўзини оқлай олиши мумкин экан.

Мен эса бу гапга қўшилмайман. Чунки бизда ўз умрини инсон саломатлигини таъминлашга бағишлаган, катта тажрибага эга бўлган шифокорлар бор, улар ҳар бир беморни даволашда унга қайси дори-дармон тўғри келади, қайсиси самарали таъсир қилади, ана шулардан келиб чиққан ҳолда ишга ёндашади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, улар ҳар бир ишга ақл-фаросат, теран мулоҳаза билан ёндашади. Улар далилларга асосланган тиббиётга эмас, ўз тажрибасига таяниб иш кўради ва самарали натижага эришади. Шунинг учун далилларга асосланган тиббиёт бўлган тақдирда ҳам ҳар бир шифокор беморни даволашда ана шу омилларни ҳам ҳисобга олиши керак.

Ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан диагностика ва даволаш стандартлари илғор хорижий тажриба асосида «Далилларга асосланган тиббиёт» (Evidence-based medicine) тамойиллари асосида қайта кўриб чиқилди. Клиник синовлар орқали илмий далиллар билан асосланмаган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар диагностика ҳамда даволаш стандартларидан чиқариб ташланмоқда. Буни шундай тушуниш керакки, масалан, бутун дунёда юз фоиз самара берадиган дорилар бор. Бошқалари ундан пастроқ, қолганлари фойдаси шубҳали бўлган дорилар. Ривожланган мамлакатлар кўпи билан икки гуруҳга тааллуқли дориларни жуда ­қатъий, белгиланган инструкция асосида ўз ҳудудига киритади. Шунда ҳам ҳаммасини эмас. Аслини олганда, ҳозир бу давлатларда аллақачон табиий гиёҳлардан тайёрланган дорилар устуворлик касб этган. Биз ҳам ана шу мақсадлар йўлида иш олиб боришимиз керак.

Ўзбекистонда шубҳали дорилар бозори авж олганидан касалликлар баттар кўпайиб кетяпти. Далилларга асосланган ва суғуртали тиббиёт бўлса, халқаро андозага жавоб бермайдиган дорилар ўз-ўзидан бозордан чиқиб кетади.

— «Док-1 Макс» дори воситаси билан рўй берган фожиа сабаблари, оқибатлари, унинг туб моҳияти, келиб чиқиш сабаблари ошкор қилинди. Лекин ҳали ҳам бу воқеаларнинг якунига етилгани йўқ...

— Аввало, айтиш жоиз, бу фожианинг олдини олиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан илгаридан барча огоҳлантиришлар бор эди. Бетга айтганнинг заҳри йўқ: бироқ, таассуфки, ­Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари бу огоҳлантиришларга эътиборсизлик билан қарашган, лоқайд муносабатда бўлишган. Мана оқибати: орзу-умидимиз, келажагимиз давомчилари бўлган шунча норасидани бой бериб қўйдик!

Бутун дунёда дорилар ҳаракатини кузатиб турувчи тизим мавжуд. Дориларнинг қаерда ишлаб чиқарилганига, халқаро экспертиза хулосаси берилганига қараб маълумотлар жамланади. Бунинг назорати учун вазирлик мутасаддилари жавоб беради. Қачонки тизимга янгича ёндашиш, туб ислоҳотлар жорий этилмаса, эскича қарашлар шу ҳолича қолаверади.

— Яқинда Германиядан бир меҳмон келган эди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларни айланиб келгач уларнинг бетакрорлигидан ҳайратланганини айтди. Шу билан бирга, бу шаҳарлардаги турнақатор бўлиб тизилиб кетган дорихоналарни кўриб, жуда ажабланди...

— Эсингизда бўлса, 15 йил илгари дорихоналар бу қадар кўп эмас эди. Тизим тадбиркорлик сирасига киритилганидан кейин дорихоналар мўмай даромад манбаига айланиб қолди. Дорихоналар бизнеси гуллаб-яшнади. Шифокорлар беморга ташхис қўйганида бир қоғозни тўлдириб дори-дармон ёзиб беради. Ахир бири бўлмаса, бири наф беради, деб ўйлайдида! Ана шундай ёндашув дорихоналарнинг қўзиқориндай кўпайишига олиб келди. Баъзи шифокорлар беморга бир этак дори ёзиб бериб, ўзи келишган дорихоналар билан «ҳамкорлик» қилаётгани ҳам аччиқ бўлсада, ҳақиқат.

Ривожланган давлатларда ҳар бир бемор учун алоҳида протокол тузилади ва ҳар бир дори протоколдан ўтиб тасдиқланганидан сўнг қабул қилишга тавсия этилади. Шу сабабли, уларда шифокорлар ташхиси деярли бир-бирига яқин чиқади. Бизда эса бунинг тескариси: ҳамма шифокор фикри ҳар хил, уларнинг барчаси умуман бир-бирига яқин бўлмаган дорилар ёзиб беришади. Буни ўзгартириш осон эмас. Таълим тизимидан бошлаб, шифокорлар дунёқарашини таг-тубидан ўзгартириш керак.

Афсуски, энг катта дорихоналар бозори Ўзбекистон ҳисобланади. Тўғрисини айтсам, баъзан қўрқиб кетаман: биз халқимизни дори билан боқяпмиз. Одамлар дори билан туғиляпти, дори билан ўляпти. Мана, қаранг, Тошкентдаги Қўйлиқ бозори ёнида дори бозори бўларди. Аёллар турнақатор бўлиб дори сотиб ўтиришарди, истаган дорингизни топиб беришарди. Шукрки, ана шу бозорга барҳам берилди... Гап халқ саломатлиги ҳақида кетаётган экан бу борадаги ишларни қатъият билан давом эттириш зарур.

— Дорилар рекламасини айтмайсизми?

— Ҳа, рекламаларнинг катта қисми дорилар тарғиботига ажратилган. Ана шу рекламалар дори бозорини рағбатлантиради. Одамлар беихтиёр дорихоналардан ана шу препаратларни излай бошлайди. Таниқли артистлар, шоу-бизнес вакилларининг рекламада чиқиши ҳам бунга ишонч уйғотади.

«Док-1 Макс» фожиасидан сўнг кўпчилик томонидан ОАВда дориларнинг бевосита рекламасига чекловлар жорий этиш таклифи илгари сурилди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати дори воситалари рекламасини фақат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рухсати ­билан амалга оширишни таклиф этди. Бу ҳам ўз натижасини берса, яхши бўларди.

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига тайинланган янги раҳбар 2023 йилни тизимда «Коррупцияга қарши кураш йили» деб эълон қилди. Сизнингча, бу тизимда туб ўзгаришларга олиб келиши мумкинми?

— Шуни айтишим керакки, 2020 йил ҳам тизимда «Коррупцияга қарши кескин кураш йили» дея эълон қилинган эди. Унда 2018-2019 йилларда тизимда 500 нафардан зиёд ходимлар жиноий ­жавобгарликка тортилгани, уларнинг 114 нафари коррупциявий жиноятлар ­содир этгани келтирилганди.

Ундан кейин тайинланган вазир ҳам 2022 йил апрелида тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш режаси бўйича маълумот келтириб, ҳозирги кунда коррупцияга мойил соҳаларнинг учтадан биттаси соғлиқни сақлаш тизими бўлиб қолаётганини қайд этган ва «Биз учун бу жуда уятли ва ачинарли ҳол», деган эди.

Бу соҳада янгидан иш бошлаган вазир ҳам тизимда кўпчиликка маълум бўлган коррупция урчиган бир қатор йўналишлар борлигини, биринчи навбатда, уларга барҳам бериш кераклигини таъкидлади. Ишга жойлаштириш, туғуруқхоналарда атайин пул ишлаш учун қилинаётган сунъий амалиётлар, белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби иллатларга бар­ҳам бериш вақти келганини айтди. Шу айтилганлар амалга ошади, тизимда шаффофлик бош мезон бўлади, деб умид қилиб қоламиз.

Нуруллоҳ ОСТОНОВ

(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер