Халқимиз ишончини мустаҳкамлаётган эзгу ислоҳотлар

16:32 03 Декабрь 2021 Жамият
257 0

Мамлакатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ прокуратура тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича ўз таклифларини илгари сурганди. Чунки соҳани бир қатор иллатлардан тозаламай туриб, ижобий натижаларга эришиш қийин эди.

Олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ соҳа халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган, уларнинг муаммоларига ечим топишга кўмаклашадиган раҳбар ҳамда мутахассислар билан тўлдирилди. Умуман, ислоҳотлар боис прокуратура тизими тубдан такомиллаштирилиб, ижобий томонга ўзгарди.

Кейинги йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган дастурларда белгиланган вазифаларни бажаришда ишни секторлар кесимида олиб бориш, маҳаллабай, хонадонбай услублардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу табиийки, ўз самарасини бермоқда. Соҳага татбиқ этилаётган қатор янги тизим ва ёндашувлар ҳудудларда тўпланиб қолган кўплаб муаммолар ечимида муҳим ўрин тутяпти.

Жумладан, вилоят 2-сектори ҳудудидаги аҳоли талаб ва истакларини аниқлаш, мавжуд муаммоларга ечим топишда «Маҳалла раиси — ислоҳотчи» тамойили кенг жорий этилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросида ҳам соҳамиз ходимларининг фаолияти изчил йўлга қўйилган.

Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, бугунгача 2-сектор ишчи гуруҳининг амалий ҳаракатлари натижасида 84 та умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти учун бинолар ҳамда 11 та эҳтиёжманд оила учун уй-жойлар қуриб берилди. Шунингдек, изчил ўрганишлар натижасида фуқароларни қабул қилиш, улар дардини тинглаш, шикоят ва аризалари билан ишлаш учун ҳеч қандай шароити, ҳаттоки, ўз маъмурий биносига эга бўлмаган 56 та маҳалла фуқаролар йиғинига тегишли ер майдони ажратилиб, замонавий услубдаги бинолар қуриб берилди. Икки юзга яқин маҳалла фуқаролар йиғини биноси эса жорий таъмирланди, 602 тасига зарурий жиҳозлар етказиб берилиб, ҳудуди ободонлаштирилди.

Янгича ёндашув. Тадбиркорларга кенг йўл

Сенат ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Қонун ва қонуности ҳужжатларида, Президентимиз илгари сурган бача таклиф ва ғояларда фуқаролар манфаатини қонуний ҳимоя қилиш, ИНСОН шаъни, қадр-қимматини доимо баланд кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз аҳолиси, жумладан, вилоятимиз сайловчилари ҳам бўлиб ўтган сиёсий жараёнда, халқни ана шундай инсонпарвар жамият — янги Ўзбекистон сари дадил етакловчи муносиб номзод учун юқори натижа билан овоз берди.

Бундай якдиллик бежизга эмас албатта. Аҳоли турмуш маданияти йилдан-йилга илдамламоқда. Маҳалла ва қишлоқлар чирой очиб, замонавий уй-жойлар, янги-янги мактаб ва боғчалар, олий таълим даргоҳлари, ижтимоий муассасалар қад ростлаяпти. Хонадонлар табиий газ, электр қуввати, тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Кишилар тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланишига кенг имкониятлар яратиляпти. Биргина сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар ижросини таъминлашда вилоятимизда ҳам фаолият турларини лицензиялаштириш, рухсатномалар олиш тартибини соддалаштириш йўл-йўриқлари ишлаб чиқилди. Ортиқча текширувлар, нақд пул, валюта ва хом ашё бўйича бир қатор чекловларга барҳам берилди.

Жорий йилнинг 20 август куни Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан илк бор ўтказган очиқ мулоқотида ўн минг нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишдаги нутқида бу жараёнга тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан 7 та муҳим йўналиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Булар бизнесни молиялаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, ер ажратиш, инфратузилма, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, транспорт логистикаси ва соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштиришдан иборат.

Бу устувор вазифалар ижросини таъминлаш иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари кенглиги билан алоҳида ажралиб турувчи Тошкент вилоятида 2-сектор ходимлари зиммасига ҳам тегишли масъулият юклайди. Шу боис сектор ҳудудида фаолият юритаётган йирик ишлаб чиқариш корхоналари, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи экспортёрлар, енгил саноат ва тўқимачилик йўналишида фаолият юритаётган кластерлар, тадбиркор ва ишбилармонларнинг қонуний ҳуқуқи, талаб ва истаклари, ташаббуслари доимий прокурор назоратида. Натижада прокурорлар томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси тўлиқ таъминланиб, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган омиллар бартараф этиляпти.

Вилоят прокуратураси томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан доимий мулоқот йўлга қўйилган. Масалан, ҳафтанинг ҳар жумаси тадбиркорлар билан учрашув куни қилиб белгиланган. Бугунгача, тадбиркорлар билан 220 дан ошиқ учрашувлар ўтказилиб, 2564 нафар юридик шахс вакиллари қабул қилинди. Бевосита ишбилармонлар ҳуқуқларига доир қонунлар юзасидан 459 та масала ҳал этилди.

Шунингдек, судларга тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилувчи 1 340 млн. сўмлик 12 та даъво аризаси киритилиб, қаноатлантирилди. Биргина Оққўрғон туманидаги «Шаҳноза-барака 2191» МЧЖни ташкил қилиш жараёнидаги сансалорликларга барҳам берилиши оқибатида, 45 та тикув машиналари олиб келиниб, 150 та иш ўрни яратилди.

Вилоят ҳудудларида хорижий инвесторлар фаолиятини кенгайтириш, улар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида ҳам қонун устуворлиги таъминланмоқда. Хусусан,«Ангрен» эркин иқтисодий зонаси, Янгийўл туманидаги «Шўралисой» кичик саноат зонаси ҳамда Бекобод шаҳридаги хорижий корхоналар фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этишдаги амалий натижалар бунга мисол бўла олади. Шу билан бирга, прокурорлар томонидан 484 нафар тадбиркорлик субъектининг муаммо ва таклифлари кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Уларнинг 74 нафарига 46,4 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи олиб берилди ҳамда 11 нафар ташаббускорга ишлаб чиқариш фаолиятини такомиллаштириши учун 160 гектар ер майдони ажратилди.

Ҳудудларда бўш ётган бинолар ва ташландиқ майдонлардан самарали фойдаланиш тизимини назорат қилиш ҳам яхши йўлга қўйилган. Бундай ҳаракатлар натижасида Бекобод туманидаги «Қорақўйли» МФЙда бўш ётган бинони «Пресс ва Штамп форма маҳсулотлари» МЧЖ корхонаси беш йиллик лизинг шартномаси асосида ўз тасарруфига олиб, тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. Натижада ўнлаб аёллар иш билан таъминланди.

Қолаверса, 215 нафар тадбиркорнинг асоссиз тўхтатиб қўйилган фаолияти қайта тикланиб, 544 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 247 та ҳолатда ишбилармонлар фаолиятига турли ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсиқлар яратиш каби салбий ҳолатлар аниқланиб, мансабдор шахсларнинг интизомий ва маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.

Умуман, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш жараёни бир он бўлсада тўхтагани йўқ. Аниқланган барча ноқонуний ҳолатлар тезда бартараф этилмоқда. Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференцияларнинг қўлланилиши юзасидан ўтказилган текширишлар давомида 212 та тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари тикланди, уларнинг ҳисоб рақамига қўйилган инкассо топшириқномалари чақириб олинди ҳамда 157 та тадбиркорлик субъектидан ортиқча ундирилган 251 миллион сўмлик солиқ тўловларининг қайтарилишига эришилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш баробарида, Инвестиция дастурига асосан режалаштирилган 1 триллион 240 миллиард сўмлик 142 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар қурилиши, реконструкция қилиниши ва капитал таъмирланиши жараёнлари ҳам прокурор назоратига олинди.

Бу жараёнда салбий ҳолатларга барҳам бериш учун ўтказилган назорат тадбирларида қўпол қонунбузилишлар аниқланиб, 92 та жиноят иши қўзғатилди ва бюджетга етказилган 24,2 миллиард сўм зарар ундирилди.

Ҳар бир оила, ҳар бир одам манфаати эътиборда

Камбағалликни босқичма-босқич бартараф этишда «темир дафтар», «аёллар дафтари»га киритилганлар муаммосига тезда ечим топишга асосий эътибор қаратилаётир. Хусусан, минглаб эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари тегишли касблар бўйича ишга жойлаштирилди. Ҳомийлар ёрдамида уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, пул маблағи ҳамда эҳтиёжманд, серфарзанд ва қарамоғида ногиронлиги бор фарзанди бўлган оилаларга чорва моллари, зарурий дори-дармон воситалари ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Вилоят миқёсида жами 118 та эҳтиёжманд оиланинг 35 миллион сўмдан зиёд коммунал қарздорликлари қоплаб берилди.

Шунингдек, «аёллар дафтари»га киритилганларнинг 2-секторга қилган мурожаатида қайд этилган мавжуд муаммолари ҳал қилиниб, уларга тиббий, ҳуқуқий, психологик ёрдамлар кўрсатилди.

«Ёшлар дафтари»га киритилганлар билан ишлашда ҳам худди шундай ижобий натижаларни санаб ўтишимиз мумкин. Масалан, «Прокурор ва ёшлар» учрашувларида минглаб йигит-қизлар билан бевосита мулоқот ўтказилиб, муаммолари ҳал қилинди. Хусусан, 3 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлаштирилди. 195 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун банкдан имтиёзли кредит олиб берилди ёки 43 нафари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди.

Халқимизнинг «Қўл билан берганга қуш тўймас», «Ҳунарли ҳеч қачон хор бўлмас» деган нақлини ёдда тутган ҳолда ёшлар билан юзма-юз мулоқотларда уларнинг «Устоз — шогирд» анъанаси асосида касб-ҳунар эгаллашига жиддий эътибор берилаётир. Бўлиб ўтаётган мулоқотларда ёшларга боқимандалик кайфиятидан бутунлай холи бўлиш, касб-ҳунар эгаллаши, элнинг корига ярайдиган тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд бўлиб тарбияланиши энг тўғри йўл эканлиги тушунтириб борилмоқда.

Жойлардаги бундай маънавий тарғиботлар, албатта, ўз самарасини бераётир. Ташаббускор ёшларнинг барча таклиф ва мулоҳазалари 2-сектор ишчи гуруҳлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Зарур ҳолларда уларга ижара харажати, меҳнат қуроллари хариди учун субсидия ажратилмоқда.

Айни чоғда, 2 минг 685 нафар йигит-қизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши учун ер майдонлари қонуний ҳужжатлаштириб берилди. Юз нафарга яқин билимга чанқоқ, интилувчан талабаларнинг олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириши учун тўлов-шартнома маблағлари ҳал этилди.

Ҳаётбахш лойиҳалар муаммоларга чек қўяди

2-сектор ходимлари «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросини таъминлашда ҳам фаол иштирок этаётир. Хусусан, дастурлар доирасида иш олиб борган ишчи гуруҳларимиз жами 217 та лойиҳа бўйича 1 минг 361 км. масофага ичимлик суви тармоғи ётқизилишига бош-қош бўлди. Натижада 355 минг аҳоли хонадонларига илк бор зилол сув кириб келди.

Биргина 2021 йилдаги муайян лойиҳаларга асосан, 351,5 км. масофага ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортиш режалаштирилган. Бугунгача «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ томонидан янги тармоқларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 660 нафар аҳоли хонадони марказлашган ичимлик суви таъминотига уланди.

Фуқароларнинг бевосита 2-секторга қилган мурожаатлари юзасидан ишчи гуруҳ хулосаларига кўра, Бўстонлиқ, Бўка, Янгийўл, Оҳангарон, Бекобод, Ўрта Чирчиқ, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда энергия ва ресурстежамкор ускуналардан фойдаланиш лойиҳалари жорий этилди. Натижада 20 — 25 фоиз электр энергияси тежалишига эришилди.

2-сектор ҳудудларида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросини таъминлаш кун сайин жадаллашмоқда. Бу жараёнга халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиб, янги-янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир.

Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманлари аҳолисининг ичимлик сув тизимини модернизация қилиш» («Фаза-1») лойиҳасига кўра, 2017 — 2021 йилларда Қибрай тумани «Қодирия» сув иншоотидан Зангиота тумани «ВУ-3» сув иншоотигача 386,0 км. масофага тортиладиган янги тармоқ орқали 18 та сув тақсимлаш иншоотини ишга тушириш режалаштирилган. Бугунги кунда бу борада дастлабки амалий натижаларга эришилди ёки 265 мингдан зиёд аҳоли хонадонларига ичимлик суви кириб борадиган бўлди.

2019 — 2023 йилларга мўлжалланган «Фаза-2» ҳамда 2020 — 2025 йилларга мўлжалланган «Фаза-3» лойиҳалари асосида Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари, шунингдек, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Оҳангарон, Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув тизимини модернизация қилиш, янги оқова сув тармоқлари қуриш кўзда тутилган. Ушбу ҳаётбахш лойиҳалар туфайли, 523 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ичимлик суви, 620 минг аҳоли хонадонлари эса оқова сув тизимидан баҳраманд бўлади.

Айни кунларда Тошкент, Қибрай, Бўстонлиқ, Бўка ва Пискент туманларидаги 2-сектор ҳудудларидаги 13 минг 953 нафар аҳоли хонадонларини ичимлик суви билан таъминлаш учун қудуқлар қазиш ишлари амалга оширилмоқда. Тошкент туманининг Гултепа, Келес ва Истиқбол маҳаллаларида эса бу иш якунланиб, 8 минг 747 нафар аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишига эришилди. Бундай мисолларни эса кўплаб келтириш мумкин.

Мухтасар айтганда, соҳага татбиқ этилаётган қатор янги тизим ва ёндашувлар тадбиркорлик субъектлари, аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшларни қийнаб келаётган долзарб муаммоларни, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган камчиликларни аниқлаш ва жойида ҳал этиш, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлашда юксак самаралар бермоқда. Пировардида, бу эл-юрт тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам аслида шу — одамлар розилигига эришишдир.

Салом САМАДОВ,

Тошкент вилояти прокурори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?