Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

18:53 03 Июль 2025 Жамият
281 0

2025 йил 23 июнь куни Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда ТУРКСОЙ бош котиби, илмий кенгаш аъзолари, ишчи гуруҳ раҳбарлари ва халқаро ҳамкор мутахассислар иштирок этди. Йиғилиш аввалида марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган янгиланган концепция ва Вазирлар Маҳкамасининг янги фармойиши доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, марказ экспозициясини бойитиш, кутубхона салоҳиятини ошириш, халқаро ҳамкорлик, глобал кўргазмалар ва илмий тадбирлар ташкил этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирнинг асосий меҳмони бўлган ТУРКСОЙ бош котиби Султан Раев ўз чиқишида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини бутун турк ва мусулмон олами учун муҳим ҳодиса деб атади. У марказ Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган йангиланган Ўзбекистон сиёсатининг ёрқин намунаси эканини алоҳида таъкидлади. Йиғилиш доирасида ТУРКСОЙ ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбир давомида марказ коллекциясини бойитиш мақсадида ҳадя қилинган қадимий тангалар, ноёб экспонатлар ва матолар намойиш этилди. Тарих фанлари доктори, профессор Ғайбулла Бобоёров қадимдан Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди тангалар топилмалари билан ажралиб турганини, 2500 йилдан буён савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқалар тангалар орқали амалга ошиб келаётганини таъкидлади.

Йиғилиш кун тартибида, шунингдек, Президент Мирзиёевнинг марказга қилган ташрифи, давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган янгиланган концепция ва Вазирлар Маҳкамасининг 392м-сонли фармойиши асосида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, музей экспозициясини бойитиш, илмий-маърифий ва технологик жиҳатдан такомиллаштириш, кутубхона фондини шакллантириш ва марказ очилиш маросимини юқори савияда ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Йиғилишда, шунингдек, музей экспозициясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, илмий реставрация лабораториясини ишга тушириш, марказ иккинчи қаватида «King’s College» хаттотлик мактаби тақдимоти, экспозициянинг беш йўналиши бўйича тақдимотлар, очилиш тадбирлари доирасида Лондонда ўтказиладиган аукцион ва тарихий-маданий мерос буюмларини олиб келиш, кутубхонадаги нодир китобларни замонавий технологиялар асосида сканерлаш ва сақлаш, халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик каби муҳим йўналишлар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, музей экспозициясини бойитишга доир олиб борилаётган ишлар, 800 га яқин ишлаб чиқилган лойиҳа ва уларнинг биринчи босқичини жадаллаштириш, марказ очилиш маросимини юқори даражада ўтказиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. «Исломдан аввалги давр», Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлар, ХХ аср, Хонликлар даври ва Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори бўлимлари экспозициясига тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар белгиланиб, барча ишчи ва кичик гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш топширилди.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига кўра, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни марказ қурилиши тамал тоши қўйилган. Марказ биноси 7 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бўлиб, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар ва марказида 65 метрлик улкан гумбаз қад ростлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?