Халқаро муносабатлар таълим сифати ва самарадорлигини юксалишига хизмат қилмоқда

11:33 19 Октябр 2023 Жамият
357 0

Андижон машинасозлик институтида таълим соҳасидаги янгиликлар ва малакали мутахассисларни тайёрлаш, халқаро алоқалар ҳамда талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ва пресс-тур бўлиб ўтди.

Унда институт ректори, техника фанлари доктори Умид Турдиалиев сўнгги йилларда олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, олий ўқув юртлари модернизация қилиниб, замонавий ва илғор таълим технологиялари билан жиҳозланганини айтиб ўтди.

— Қайд этиш лозим, сўнгги беш йил давомида Андижон машинасозлик институти билан Россия, Беларусия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Малайзия, Италия, Туркия, Полша, АҚШ, Болгария, Хитой, Ҳиндистон, Греция, Жанубий Корея ва Португалия каби хорижий мамлакатларнинг қирққа яқин олий таълим муассасалари ҳамкорлик меморандумлари имзоланган бўлиб, ушбу алоқалар таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беряпти, —деди институт ректори. — Бундан ташқари Шимолий Хитой технологиялар университети ҳамда Беларусия миллий техника университети билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар натижасида қўшма таълим дастурлари асосида “икки дипломли тизим” жорий этилган. Ҳамкорлик алоқалари натижасида институт айни пайтда 11 та халқаро лойиҳаларда иштирок этмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Президентимиз томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Мазкур стратегияда мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш кўзда тутилган. Қамров даражаси ортар экан табиийки, ўқув бинолари ҳамда талабалар турар жойларига бўлган талаб ҳам ортди.

— Институтимизда айни шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди институт ахборот хизмати раҳбари Умиджон Мамарасулов. — Бугунги кунда илм даргоҳида 3 та талабалар турар — жойи мавжуд бўлиб, шундан, 2 таси институтга қарашли бўлса, биттаси давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият кўрсатади. Давлат-хусусий шерикчилиги асосида қурилиб фойдаланишга топширилган турар-жой 500 ўринли бўлиб, унда талабаларнинг яшашлари ва ўқишдан кейинги машғулотлар билан шуғулланишлари учун барча қулайликлар яратилган. Умумий қувват сиғими 1170 тани ташкил этувчи мавжуд ётоқхоналар ҳам зарур шароитларга эга.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, ўқув йили бошланишида институтда таҳсил олаётган талабаларининг 1556 нафарининг ётоқхонада ва ижара хонадонларида яшашга эҳтиёжи борлиги аниқланган бўлиб, уларнинг 1170 нафари ётоқхонага, қолган 386 нафари муассаса атрофидаги ижара хонадонларига жойлаштирилган. Ижара хонадонларида яшовчиларнинг 194 нафарига (32 миллион сўм) ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?