Халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди – Шавкат Мирзиёев

14:33 20 Август 2024 Сиёсат
213 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент маҳаллий корхоналарни ташқи бозорга чиқишини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилишини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мамлакатнинг етти ойлик экспорти 13 фоизга ўсиб, 10 миллиард доллардан ошди, аввал экспорт қилмаган 1 минг 610 та корхона ташқи бозорларга чиқди. Ҳозирда Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш бўйича катта қадамлар қўйилмоқда.

“Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.

Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказаяпмиз.

Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди”, деди давлат раҳбари.

Президент ён қўшниларимизнинг йиллик импорти 90 миллиард доллар бўлгани билан бизнинг ундаги улушимиз атиги 4 фоиз экани, ёки  МДҲ доирасида эркин савдо режими ўрнатилгани билан, Ҳамдўстликдаги 500 миллиард долларлик импортда бизнинг ҳиссамиз 2 фоизга ҳам бормаслигини мисол қилиб келтирди.

Демак, рақобат борасида ҳали анча ишлашимиз зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада катта ислоҳот бошланиб, икки ой олдин алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.

Корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилиниши қайд этилди.

Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлаши таъкидланди.

Президент Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик халқаро транзит юк ташишда ортиқча тўлов ёки чекловлардан халос қилишини қайд этди. Албатта, бу – рақобатдош бўлишимизга яна бир туртки беради.

Умуман, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорларда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш кераклиги таъкидланди.

Масалан, пестицидлар назорати йўлга қўйилмас экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгилаган марраларга эришиб бўлмайди. Етиштираётган маҳсулотларимиз бозорини тополмасдан нобуд бўлаверади.

Шу боис, бу йил озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича катта ўзгаришлар режалаштирилган. Бу орқали карантин, ветеринария, санэпидемназорат ва стандарт ташкилотларининг такрорловчи ваколатлари қисқаради, тадбиркорларни қайта-қайта текширишга чек қўйилади.

Ўтган йилги учрашувдан кейин 309 та корхонага 280 миллион доллар экспортолди кредитлари ажратилди. Ушбу корхоналар ҳозиргача 625 миллион долларлик экспорт қилди. Бу рақам  йил якунигача яна икки карра ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида яна 122 та экспортчининг 145 миллион долларлик айланма маблағга эҳтиёжи борлиги аниқланди.

Шу боис, тармоқларни ривожлантиришга берилган маблағдан 200 миллион доллари экспортолди молиялаш учун йўналтирилади.

Шундан, 50 миллион доллари банк кредитлари учун кафилликка берилади.

Бу маблағлар ҳисобидан бир йил ичида қўшимча 1 миллиард доллар экспорт бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер