Халқ қабулхоналари халқ томонда

17:18 12 Ноябрь 2024 Жамият
256 0

Давлатимиз раҳбари фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ халқни рози қилиш мақсадида ишни Президент қабулхоналари очишдан бошлагани айни муддао бўлди. Ваҳоланки, ўша кезларда жамият ва давлат тизимидан норозилик сезиларли даражада кучайиб кетган эди. Шу сабабли дастлабки кунларда халқ қабулхоналарига арз билан келувчилар қадами узилмасди. Бугун эса халқ қабулхоналари орқали муаммо ва камчиликлар бирин-кетин тизимли бартараф этилаётгани туфайли мурожаатлар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Соҳадаги ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, қайси ҳудудда мурожаатлар ечими топилмаётган бўлса, ўша жойда оммавий ва сайёр қабуллар орқали муаммо синчиклаб ўрганиляпти ва бу саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Ўрнатилган қатъий жадвал асосида жорий йил мобайнида пойтахтда турли вазирлик ва идораларнинг ўндан ортиқ худди шундай қабуллари ташкил этилгани ҳам фикримизга аниқ мисол бўла олади.

Тегишли Фармон асосида “Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди. Бунинг самараси ўлароқ жорий йилда пойтахтимиздаги мавжуд 585 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабуллар чоғида 462 та мулоқот ўтказилди. Унда 12 125 та муаммо аниқланди ва 10 мингдан зиёд масала мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди. Ечими анчайин мураккаб бўлган, катта маблағ ва вақт талаб этадиган масалалар туманлар ҳокимликлари томонидан бажариладиган иш режасига киритилди.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхоналари томонидан ўтган йиллар давомида куз-қиш мавсумини жуда оғир келганлиги хулоса қилиниб, бу йилги мавсумга тайёргарлик эрта бошлаб юборилди. Май ойидан Халқ қабулхоналари томонидан пойтахтимизнинг 585 та маҳалласида 4000 дан ортиқ кўчалар, 11 077 та кўп қаватли уйларда уйбоши ва кўчабошилик қилаётган фаоллар ҳамда бошқарув сервис компаниялари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатилди.

Халқ қабулхоналари ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ штабига малакали мутахассислар жалб этилиб, уйбоши, кўчабоши ва бошқарув сервис компаниялари масъуллари билан манзилли мулоқот олиб борилмоқда. Халқ қабулхоналари томонидан 5 босқичда олиб борилган ўрганишлар давомида 14 800 дан ортиқ муаммолар аниқланиб, уларнинг рўйхатлари маҳалла ва сектор кесимида шакллантирилди.

Аниқланган муаммоларни тезкорликда ҳал этиш мақсадида рўйхатлар туман сектор раҳбарлари ва ташкилот идора масъулларига аниқ муддатларга биноан йўналтирилди. Ҳозирда муаммоларнинг 6621 таси ижобий ҳал этилди. Ижобий ҳал этилган ҳар битта масала бўйича мурожаатчининг розилик хати олиниши йўлга қўйилди. 3174 та масала маблағ талаб этилганлиги сабабли ўрнатилган тартибда йўл хариталарига киритилди.

Шу ўринда ўтган йили ҳокимлик, суд идоралари ва соғлиқни сақлаш бошқармасига оид мурожаатлар сони аҳоли билан тўғридан-тўғри олиб борилган мулоқотлар туфайли анча камайганлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Яшнобод тумани Беҳизор маҳалласининг Мунаввар 1-тор кўчасида 300 метр масофадаги таъмирталаб йўл асфальт қилиниб, ободонлаштирилди ва яшил майдонлар ташкил этилди. Олмазор тумани Бешқўрғон кўчаси 6-уйнинг ертўласидаги 1995 йилдан буён таъмирланмаган оқава сув қувурлари тўлиқ янгиланди.

Чилонзор тумани “Шарқ” маҳалласидаги 16-уйнинг том қисми мукаммал таъмирга муҳтожлиги, иссиқ ва совуқ сув қувурлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланди. Бу масала Халқ қабулхонаси томонидан туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди.

Яккасарой туманидаги Қушбеги мавзеси 2а-уйнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган қолган лифт ишлатилди. Шунингдек, Халқ қабулхоналари томонидан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга доир мулоқотларда аниқланаётган муаммоларни ечимига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” МФЙ аҳолиси 600 метр узунликдаги яроқсиз ичимлик суви қувури тўлиқ алмаштирилди. Олмазор тумани “Ачаобод” МФЙ аҳолиси томонидан билдирилган мурожаатга биноан эски симёғочлар ўрнига янгиси ўрнатилди. 1500 метр масофага янги кабель тортилди.

Худди шу каби Бектемир тумани, Чирчиқ кўчасида жойлашган 2, 4, 6, 7, 8 — уйларда яшаб келаётган аҳоли ҳам бир неча йиллардан бери иссиқ сув қувурлари яроқсизлигидан шикоят қилиб келган эди. Уларнинг шикоятлари ҳам тегишли идоралар томонидан бартараф этилишига эришилди. Шу ҳудуддаги 111-уйнинг том қисми бўйича аҳоли мурожаати ҳал қилиб берилди. Юнусобод туманида жойлашган 532-сонли мактабгача таълим биноси ҳам Халқ қабулхонаси саъй-ҳаракати билан таъмирланди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир масалалар ҳам Халқ қабулхоналарининг доимий диққат марказида. Гап аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳақида кетар экан, ўтган йили пойтахтнинг 63 та ҳолати оғир деб ҳисобланган ҳудудларида сайёр қабул ва тиббий кўриклар ташкил қилиниб, 12 366 фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада, 5000 зиёд беморга бепул дори-дармон тарқатилди, 231 нафар фуқаро махсус ордер билан даволаниш муассасаларига юборилди. Шу мақсадда республика тиббиёт муассасаларидан 17 нафар олий тоифадаги фан номзодлари ва тажрибали шифокорлар ҳам жалб этилди.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхоналари томонидан амалга оширилаётган бу каби эзгу ва хайрли ишлар замирида шубҳасиз, халқни рози қилишдек улуғ мақсад мужассам. Буни чуқур англаб етган ҳолда аниқ режа ва тизимли иш усулига биноан фаолият олиб боряпмиз.

Дарҳақиқат, ҳар қандай муаммо ҳеч қачон ўз-ўзидан вужудга келмайди. У йиллар давомида йиғилиб боради. Шунинг учун ҳам муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, ариза ва шикоятбозликнинг олдини олиш, халқ тили билан айтганда, “темирни қизиғида босиш” мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун ташкилот ва идораларда фуқаролар қабули жадвалига қатъий риоя қилиш, масала ва муаммолар ечимини кечиктирмасдан ҳал қилиш, аҳолининг дард-ҳасратига ўз вақтида эътибор қаратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Тоҳир МУЛЛАЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер