Келгуси йили Навоий кон-металлургия комбинатида сувни иситиш тўлиқ қайта тикланувчи манбалар орқали амалга оширилади

14:00 27 Октябр 2023 Жамият
84 0

Фото: “Халқ сўзи”

Навоий кон-металлургия комбинати АЖ мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири ҳисобланиб, шунга яраша электр энергияси истеъмолида ҳам етакчилар сафида.

Республика Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори навоийлик кончилар олдига ҳам “яшил” энергетикага ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш орқали электр энергияси истеъмоли юкини енгиллаштириш вазифаларини қўйган.

Комбинат Бош энергетиги ўринбосари иштирокида ўтказилган брифинг мазкур вазифалар ижросига бағишланди.

Таъкидланишича, жорий йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ҳисобига 54,7 млн. кВт/соат электр энергияси ҳамда 1,2 млн. м3 табиий газни тежаш белгиланиб, 1 октябрь ҳолатига кўра комбинатда 38 млн. кВт/соат электр энергияси тежашга эришилди.

— Бунда “ЭКГ” русумли эксковаторларга транзистор ўзгартиргичли двигатель тизимини жорий этиш, электродвигателларга частота ўзгартиргичларни қўллаш, энергия тежамкор ёритиш ускуналарини ўрнатиш, технологик жараёнларни такомиллаштириш, мавжуд ускуналарни кичик қувватдаги ускуналарга алмаштириш, модернизация қилиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ҳисобига эришилмоқда, — дейди корхона бош энергетик ўринбосари Икромжон Шукуруллаев. — Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, комбина тузилмаларида жами 1450 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиб, ҳозирда улар томонидан йилига 2,465 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, жорий йил якунига қадар яна режага қўшимча равишда 2000 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.

Натижада комбинат маъмурий биноларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 50 фоизидан ортиғи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, айни кунларда инвестиция лойиҳаси асосида “Ауминзо-Амантой” кони яқинида 220 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen Group Holding Limited” компанияси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Фотоэлектр станцияси ишга туширилгач, йилига 374 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Қуёш сув иситиш қурилмаларини жорий қилиш йўналишида эса ушбу қурилмаларнинг асосий бутловчи қисмларини корхона тизимидаги цехларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, улар харажатининг 50 фоизгача арзонлашишига эришилди. 2023-йил режасида 3346 дона вакуумли қуёш сув иситиш қурилмасини ишлаб чиқариш ва ўрнатилиш мўлжалланган бўлиб, йил якуни билан уни 4993 тага етказиш мўлжалланган. Натижада келгуси йилдан бошлаб комбинат объектларининг иссиқ сувга бўлган эҳтиёжи 100 фоизга таъминланади. Бунинг ҳисобига йилига 1,7 млн. м3 табиий газ ва 15,8 млн. кВт/соат электр энергияси тежалади. Табиийки, тежалган газ ва электр энергияси аҳоли фаровонлиги ва бошқа субъектларда энергия таъминоти барқарорлигини янада оширади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер