Катта муваффақият кичик ғоялардан бошланади

12:09 27 Март 2025 Жамият
116 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Кичик ва ўрта бизнес саноат рақобатбардошлигининг ўсишига, инновацияларнинг кучайишига, иш ўринларини яратишга, аҳолининг катта қисмини даромад билан таъминлашга, ижтимоий ҳимоя қилишга сезиларли таъсир кўрсатади. Ҳар бир йирик компаниянинг ортида кичик бизнес, ғоя ва ҳаракат, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши турибди. Бугунги кундаги йирик тадбиркорлик субъектлари ҳам кичик бизнесдан бошлаб, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик ва ривожланишга интилиш, қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш орқали юксак ютуқларга эришган. Шу боис юртимизда кичик ва ўрта тадбиркорлар сони беш йилда икки баробарга кўпайди.

Сурхондарё вилоятида ҳам ўтган йили кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 8,6 триллион сўм кредит маблағи ажратилди. Шундан, 23 минг 752 нафар кичик бизнес субъектларига 3 триллион 886 миллиард сўм кредит маблағлари берилди.

Денов тумани «Қўзичоқли» маҳалласида жойлашган «Kamfor PROF» МЧЖга 1,2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилганди. Ташаббускор томонидан «Пиноплас» ишлаб чиқариш лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида қўшимча 10 та янги иш ўрни яратилди. А.Навоий номидаги маҳаллада жойлашган «Farm Dunyo MPKS» МЧЖга 2 миллиард 900 миллион сўм миқдорида кредит олиб берилиши натижасида тадбиркор томонидан «Тиббий ниқоблар ва қўлқоплар» ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 15 та янги иш ўрни очилди. Шеробод тумани «Тароқли» маҳалласида яшовчи Ҳаким Боймуродов ҳам ўз хонадонида пластик тўқима стол-стул ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Тижорат банкининг имтиёзли 50 миллион сўмлик кредити эвазига оилавий корхонасини кенгайтириб, олтида доимий иш ўрни яратди.

— Интернетдан пластик стол-стул тўқишни ўргандим, — дейди тадбиркор Севара Турсунова. — Турмуш ўртоғим металлдан стол-стулларнинг асосини тайёрлаб берса, мен устига пластик тўқима қопладим. Бугун маҳалладаги олти нафар ишсиз ёшларни доимий бандлигини таъминладик. Айни пайтда бир кунда 3-4 жамлама стол-стул тайёрлаяпмиз. Маҳсулотимиз харидоргир. Даромадимиз ҳам яхши. Фаолиятимизни кенгайтириб, маҳсулотимиз турини кўпайтиришни режалаштиряпмиз.

Деновлик Қурбонали Қозоқов ҳам яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, «Қурбонали текстиль» оилавий корхонасини ташкил этди. Оилавий корхона автомобиллар ўриндиғи учун қопламалар ишлаб чиқармоқда.

— Фаолиятимизни бошлаганимизда хомашёнинг барчасини сотиб олардик, — дейди тадбиркор. — Ҳозирги кунда ишимиз учун замонавий ускуналар ўрнатдик. Натижада маҳсулотнинг 70-80 фоизи ўзимизда тайёрланмоқда. Бир кунда 100 донадан ортиқ 15 хилдаги қоплама ишлаб чиқарамиз.

Корхона 2017 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб 5 нафар тикувчи билан иш бошлаган бўлса, ҳозирда ҳудуддаги 80 нафардан зиёд хотин-қизлар мазкур корхонада фаолият кўрсатмоқда. Улар ишлаб чиқараётган қопламаларга маҳаллий бозорда талаб юқори. Бугун ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнес вакилларига яратилаётган имконият ва кўрсатилаётган кўмак келгусида уларнинг йирик тадбиркорлик субъектларига айланишига асос бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?