Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили аҳолини даромадли иш билан таъминлашдир

18:59 30 Январь 2023 Жамият
837 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, шу йилнинг 25 январь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

— Йиғилишда камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили – бу аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканлигига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас, — дейди Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги «Пиёзчилик» МФЙ хотин-қизлар фаоли Гўёхон Маматоирова. — Шу маънода, 2023 йилда юртимизда оилавий тадбиркорликка молиявий кўмак кенгайтирилиши, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этилиши бизни жуда ҳам мамнун этди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари учун 12 триллион сўм йўналтирилиши эътиборга моликдир.

«Пиёзчилик» МФЙда оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик маҳалланинг «ўсиш нуқтаси» сифатида белгиланган бўлиб, бугунги кунда ҳудудда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ва бунинг самараси сифатида камбағалликни тугатиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

2022 йили маҳаллада ҳунармандчилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги қарийб 50 оилага 650 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит ажратилди. Натижада 150 дан зиёд киши муқим ишли бўлди.

Айни пайтда «Пиёзчилик»да 200 дан кўпроқ оилада хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, 30 нафар хотин-қиз ўз тадбиркорлиги орқали маҳалладошлари учун доимий даромад манбаига эга бўлган иш ўринларини яратган.

Улардан бири – Нозимахон Ёқубова қўли гул чевар. Ҳозирда 10 нафар қиз-жувонни ёнига олиб, миллий услубда кийимлар тикмоқда. Мўъжаз тикув хонасида иш тўхтамайди, буюртмаларнинг эса кети узилмайди.

— Биз эса ҳар ойда ўртача 5000 жуфт пойабзал тайёрлаб, ички бозорга етказиб берамиз, — дейди яна бир тадбиркор аёл Муқаддас Солиева. —  Оиламизнинг йиллик даромади ўртача 120 миллион сўмни ташкил этади. Косибчилик йўналишида 10 нафар маҳалламиз хотин-қизларини иш билан таъминлаганмиз.

«Пиёзчилик» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Акрамжон Раҳмоновнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбари томонидан 25 январь кунги видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда маҳалладаги ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспортини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Шу тариқа камбағалликдан чиқариш борасида ҳар бир оилага алоҳида дастурлар тузилади. Бандлик дастури тайёрланиб, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳалари ижроси жадаллаштирилади.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер