Йўл-транспорт ҳодисалари ЙПХ иштирокисиз расмийлаштирилиши мумкин
– Омбудсман инсон ҳуқуқларига жавобгар бўлган ягона институт эмас, бунда ҳар бир депутатнинг масъулияти бор. Чунки унга келиб тушган ҳар бир мурожаат бевосита қайсидир депутатнинг округига тегишлидир. Шу боис, ҳамкорликда ишласак, Омбудсманнинг халқимиз кутган натижаларга эришишига ёрдам берган бўламиз, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров қуйи палатада бўлиб ўтган фракция йиғилишида.
Депутатлар дастлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – омбудсманнинг 2020 йилги фаолиятини кўриб чиқди. Жумладан, омбудсман Феруза Эшматованинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ваколатлари кенгайтирилди. Афв этиш ва жамоат бирлашмалари кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилиши натижасида Жаслиқдаги жазони ижро этиш колонияси ёпилди, маҳкумлар сони эса 2,5 бараварга камайди. Болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилди. Гендер тенглиги таъминланмоқда. Энг муҳими, сўз эркинлиги қарор топди. Ўзбекистон диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарилди ва бу юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганининг халқаро эътирофидир.
«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу қонун лойиҳасида тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаларини тегишли органларсиз расмийлаштириш назарда тутилган.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги томонидан 2018 йилда 13701 та ва 2019 йилда эса 24005 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси расмийлаштирилган. Аммо суд томонидан уларнинг ҳар бири учун камида бир ой вақт сарфланяпти ва бу ўз навбатида одамларнинг ортиқча сарсон бўлиши, қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўляпти. Шу боис, ушбу лойиҳа тайёрланган.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси ЙПХ билан ҳайдовчилар ўртасидаги мулоқотнинг яхшиланиши, ортиқча қоғозбозлик, оворагарчиликка чек қўйишини эътиборга олиб, биринчи ўқишда маъқулладилар.
Мамлакатимизда сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги амалда таъминланган бўлсада, айрим веб-сайтлар, блогерларнинг шахс ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳатто бузғунчилик ғояларини тарғиб қилувчи, адоват қўзғатувчи, тартибсизликлар келтирувчи ахборотлар тарқатилмоқда ва бу сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни кучайтириш заруратини келтириб чиқаряпти.
Фракция йиғилишида депутатлар айнан ушбу масала бўйича ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Ушбу масала бўйича сўзга чиққан фракция аъзоси Умиджон Жабборов бундай ахборотларнинг тарқалишига нисбатан тақиқ ўрнатилган АҚШ, Туркия, Россия тажрибаси, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси ўрганилганини таъкидлади.
Фракция йиғилишида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг