Йўл ҳаракати: Соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятлар бартараф этилади
Иллюстратив фото
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг “Йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-ҳаракати қоидаларига янги тизимларни жорий этиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль йўллари инфратузилмаси сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, соҳада амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида ҳам бир қатор ишлар қилиняпти. Хусусан, ўтган давр мобайнида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” белгиланган моддаларига 9 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Бундан ташқари, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2022-2023 йилларда тизим фаолиятини такомиллаштириш ва янги механизмларни жорий этишга қаратилган 5 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, 10 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.
Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўламига қарамасдан йўл-транспорт ҳодисалари юқорлигича қолмоқда.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда содир этилган 10 миндан ортиқ йўл-транспорт ҳодислари оқибатида 9230 киши жароҳат олган бўлса, 2426 киши бевақт ҳаётдан кўз юмган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 9902 тани ташкил этиб, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 9606 киши жароҳат олган, 2356 киши вафот этган. 2023 йилнинг ўтган 8 ойида эса содир этилган 5772 та йўл-транспорт ҳодислари оқибатида 5448 нафар киши тан жароҳати олган, 1415 киши ҳалок бўлган.
Эшитувда депутатлар ижтимоий тармоқларда йўллардаги тартибсизликлар, ҳаракат қатнашчиларининг бир-бирига ҳурматсизлиги, гуруҳ бўлиб тартиб-қоидаларни менсимаслик, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик оқибатида келиб чиқаётган бахтсиз ҳодисалар, видеокузатув камераларига тушиб қолган йўл-транспорти ҳодисалари тўғрисидаги маълумот ва тасвирларлар одамларнинг хавотирларига сабаб бўлаётганини қайд этишди.
Шундан келиб чиқиб, Ҳукумат томонидан йўл-ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш, соҳада юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, ҳар бир йўл-ҳаракати иштирокчиларининг қоидаларга қатъий амал қилишини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қиладиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Эшитувда бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаби билан эмас, балки оқибати билан курашилаётгани, йўл инфратузилмаси сифати ёмонлиги сабабли йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётгани, бу борада жарималарни ошириш билан масалага ечим топилмаслиги қайд этилди.
Депутатлар Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.
Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг