Энг узун кеча бу қора сочингдай...

Юртдошларимиз бугун йилнинг энг узун туни, яъни ялдо кечасини кутиб оладилар: тун узунлиги 14 соату 48 минутни ташкил этади. Бу қуёш тоғ эчкиси буржига оғиб, ҳижрий-шамсий йил тақвими ҳисобига кўра, жадий ойи кирганидан далолатдир.
Одатда, тун узайиши мезон ойи кириб, тун ва кун тенглашган пайт — 22 сентябрда бошланади. Ой охирига бориб, тун ҳукмига тўлиқ икки соат ўтади. Тун узайиши жараёни, айниқса, тўқсонда яққолроқ намоён бўлади. Чилла киргандан сўнгра — 25 декабрдан эса кун узая бошлайди. Дастлаб ҳар икки кунда бир минутдан қўшилади. Халқимиз нақлида айтилганидек, “Тўқсонда тўрғай одими билан, қантар оғса, қарға одими билан кунлар узаяди”.
Йилда бир марта кузатиладиган шаби ялдо баъзи Шарқ халқларида ўзгача шоду хуррамликда кутиб олиниб, у байрам сифатида нишонланади.
Кўп йиллик кузатишларга қараганда, жадий ойида ҳарорат пасайиб, ёғингарчиликлар кўп бўлади. Чунки қиш чилласининг асосий қисми шу пайтга тўғри келади-да! Халқимиз ибораси билан айтганда, “Ой қўтанласа ойда, қуёш қўтанласа кунда ёғади”.
Минтақамизда ёғингарчиликнинг асосий қисми жадийга тўғри келади. Айрим йиллари илиқ келгани ҳам бор гап. Лекин қиш қишлигини қилгани маъқул. Нуроний ота-оналаримиз дуога қўл очишар экан, “Қиш қишдай бўлсин”, дея юзларига фотиҳа тортишади. Бинобарин, бу фасл об-ҳавосида гап кўп. У келгуси йил деҳқончилигининг баракаси, чорванинг барорини белгилаб беради. Ёмғир — барака, қор — ризқ демакдир. “Қор ёғди, дон ёғди” мақоли замирида ана шу ҳаётий ҳақиқат мужассамдир.
Шу кунларда ёққан қор ғаллага кони фойда. У кузги буғдой майсалари устини кўрпадек қоплаб, экинни қаҳратоннинг изғиринларидан асрайди. Кўклам келгач, қорлар эриб, ғалла томирига куч беради.
Шудгор қилинган ерларда қорнинг сингувчан сувлари нам сақлаб, озуқа вазифасини ўтайди. Энг муҳими, қишловчи зараркундаларга қирон келтиради. Чилла сувини, айниқса, боғбонлар ўзгача қадрлашади. Пайт бўлди дегунча, улар дов-дарахтлар ва токзорларга чилла сувини оқизиш пайидан бўладилар. Негаки, бу пайтда сувга қондирилган токзор ва боғлар ёзда сувни бир марта кам талаб қилади, мўл ҳосил тўплайди. Шунинг учун халқимиз жадийни барака ойи сифатида хушнудликда қарши олади.
Шоир куйлаганидай “Энг узун кеча бу қора сочингдай, хаёлим чарх урар унга етолмай...”
С. ИБОДУЛЛАЕВ тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг