Йигирма нафар адабиёт ва санъат фидойилари Президент номидан тақдирланди

14:28 04 Октябр 2019 Жамият
1413 0

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

Инсон, аввало, мукофот учун эмас, қалб амрини адо этиш учун, халқ учун ижод қилади. Бугунги кунда юртимизда ана шундай адабиёт, санъат ва маданият соҳасидаги фидойи ижодкорларга юксак эътибор қаратилаётгани сир эмас. Бу борада Ҳукуматимиз томонидан кун сайин янги-янги қонун ҳужжатлари, турли дастурлар ҳамда стратегик режалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда ҳам бу борада батафсил сўз юритилди ҳамда Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорлар ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантирилди.

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

— Узоқ йиллар бир театрда, умуман, бир муассасада фаолият юритиш, қийин дамларда ҳам унга содиқ қолиш инсондан юксак фидойиликни талаб этади. — дейди Озодбек Назарбеков, Маданият вазири биринчи ўринбосари. — Орамизда эллик йиллаб саҳна ортида меҳнат қилиб келаётган инсонлар бор. Уларнинг кўпчилигини ўзининг ижодий жамоасидан бошқалар деярли билмайди. Бугун ана шундай фидойи ижодкорлар, санъаткорлар Юртбошимиз томонидан муносиб эътироф этилди. Ўзининг шеърлари билан, сценарийлари ёки бошқа бир кўмаклари билан ижодкорларнинг ҳам тақдирланиши бу ҳар бир ижодкор алоҳида эътиборда эканлигидан далолат беради.

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан композиторлар, бастакорлар ва санъатшунослар, театр, кино ва оммавий тадбирлар актёрлари, режиссёр, дирижёр, балетмейстерлар ҳамда мусиқа, хор, рақс, цирк, оркестр, ансамбль ижрочилари ва ушбу жамоаларнинг бадиий раҳбарлари, достон ижрочилиги намояндалари, шоир ва ёзувчилар, музей ҳамда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимлар, тасвирий ва амалий санъат вакилларидан жами 20 нафари сертификат билан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

— Асли касбим шифокор, аммо мусиқага бўлган кучли иштиёқим ва меҳрим сабаб ўн олти йилдан буён олийгоҳда талабаларга анъанавий қўшиқлардан дарс бериб келаман. — дейди Андижон давлат университети Мусиқий таълим бўлими ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Авазбек Маҳмудов. — Ижодкор барибир қалб амрига бўйсунар экан. Ёшларимизга ўзбек мусиқасидан нимадир ўргата олганимни сезсам руҳланаман. Бу эса янада ғайрат билан ишлашимга туртки беради. Бизнинг кичик меҳнатларимиз Юртбошимиз томонидан юксак эътиборга муносиб кўрилганидан миннатдорман.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер