Ижтимоий соҳа объектлари UZKAD дастурига киритилмоқда

02:15 25 Сентябр 2023 Жамият
1152 0

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган топшириқлар ижроси бўйича бошқармамиз томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотларни UZKAD тизимига тўлиқ ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур Фармон билан тасдиқланган дастурга асосан қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимларида давлат рўйхатидан ўтказилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир кўчмас мулк объектини идентификациялаган ҳолда тўрт босқичда UZKAD тизимига тўлиқ ўтказилиши белгиланган. Дастлабки босқичда кўп квартирали уйлар, кейинги босқичда давлат ташкилотларига тегишли объектлар ва ижтимоий соҳа объектлари, учинчи босқичда тижорат ташкилотларига тегишли объектлар ҳамда якуний босқичда якка тартибдаги турар жойлар ва бошқа объектлари дастурга киритилади.

Маълумот ўрнида айтмоқчимизки, ўтган йил якуни билан вилоят ҳудудидаги жами 2261 та кўп квартирали уйларни тизимга юклаш ишлари якунланган эди. Шундан сўнг, давлат ташкилотларига тегишли ва ижтимоий соҳа объектларини тизимга киритиш ишлари бошлаб юборилди.

Бухоро вилоятида мавжуд барча мактаблар тўғрисидаги маълумотлар соҳанинг 8 та йўналишидаги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ўрганилиб, жами 586 та мактаб, 462 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 2333 та давлат объекти дастурга тўлиқ киритилди. Айни пайтда ишчи гуруҳлар томонидан ижтимоий соҳа объектларини тизимга киритиш борасидаги юмушлар давом этмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар UZKAD тизими орқали юритилиб, уларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланади.

Миршод ШУКРУЛЛАЕВ,

Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармасининг Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?