Ижтимоий ҳимоя инсон қадрини юксалтирмоқда

17:00 24 Декабрь 2024 Жамият
249 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Камбағал оилалар фарзандларининг билим олиши учун қулай шароит яратиш мақсадида кўрсатилган ижтимоий кўмаклар уларнинг сифатли таълим олишига кўмаклашади. Фан тўгаракларига қизиқиш ва интилишларини оширади. Интеллектуал ва психологик ривожланишига ижобий таъсир этади. Уларнинг келажакда барқарор даромадли касбни эгаллаши ва жамиятда камбағалликни камайтиришга ёрдам беради.

Шу мақсадда «Ижтимоий ҳимоя реестри»га киритилган оилаларга бириктирилган 1 минг 774 нафар мутасадди 7 минг 200 камбағал оиланинг фарзанди учун стол-стул, китоб жавони, бадиий китоблар тўплами, иссиқ кийим-кечак ва янги йил совғалари топширилди.

— Президентимиз раислигида шу йилнинг 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан вилоятимизда ҳам аниқ мақсадга йўналтирилган амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси биринчи ўринбосари Фарҳод Қулмаматов. — Камбағал оилалар ҳаётини ўзгартириш, турмуш тарзини яхшилаш мақсадида ҳар бир раҳбарга бештадан камбағал оила бириктирилди.

Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур дастурга мувофиқ «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да турган 23 минг 300 оила 4 минг 700 дан ортиқ мутасаддига бириктирилган эди. Ўтган вақт мобайнида ушбу амалиётнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Бириктирилган масъуллар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар билан тизимли ишлаб, бандлик масаласини ҳал этишга кўмаклашмоқда. Томорқасидан оқилона фойдаланиб, даромад топишига ёрдам бермоқда. Ҳомийлик асосида уй-жойлари таъмирланиб, муносиб турмуш кечириши учун қулай шароит яратмоқда. Фарзандларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришга, мактабда ўқиётган ўғил-қизларининг таълим-тарбия олишида зарур шароит яратишга эътибор қаратмоқда.

«Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали раҳбари М.Мансуровга Ангор туманидаги Кайран маҳалласидаги, ўринбосари Ф.Атамуродовга Новшаҳар маҳалласидаги беш нафардан ижтимоий ёрдамга муҳтож оила бириктирилганди. Оилалар касб-ҳунарга йўналтириб, ҳаётини тиклаб олиши учун тикувчилик, компьютер саводхонлиги йўналишларида ўқитилмоқда. Фуқаролар истаги билан тўрт нафарига субсидия асосида тикув машинаси ажратилди. Томорқалари шудгорланиб, дастлабки экинлар экиб берилди. Соғлигида муаммоси бор тўққиз нафар фуқаро касалхонада даволатилди. Айни кунларда бешта оилани камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

— Бу йил оиламиз учун чинакамига омадли йил бўлди, — дейди Ангор тумани Кайран маҳалласидан Мунаввар Раҳмонқулова. — Олдинига касалхонада соғлигимни тикладим. Бизга деярли янгитдан уй қуриб, ҳатто жиҳозлаб ҳам беришди. Фойдаланмай ётган томорқамизда шинамгина иссиқхона ташкил этишга ёрдам беришди. Фарзандларим таълим-тарбияси учун барча жиҳозлари билан китоблар тўплами, қишки кийим-бош, байрам совғалари топширилгани Янги йил арафасида қувончимизга қувонч қўшди. Бундай ғамхўрликлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.

Тадбир доирасида, шунингдек, 3 минг 433 та камбағал оила вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 3 минг 103 нафари туманда, 284 нафари вилоят ва 46 нафари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида стационар ҳамда амбулатор шароитда даволанишига йўлланма берилди.

Сурхондарё вилоят ҳокими Шеробод туманида ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларига стол-стул, китоб жавони, бадиий китоблар тўплами ва янги йил совғаларини топшириш муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этди. Видеоконференцалоқа орқали Термиз шаҳри ва туманлар студияларидан қатнашган болажонларни ҳам Янги йил билан табриклади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?