Иссиқ қишнинг совуқ баҳори бор

20:36 10 Январь 2024 Жамият
508 0

Деҳқончилик сирлари

Ўтган йилнинг декабрь ва 2024 йилнинг январь ойи одатдагига нисбатан илиқ келиши туфайли дарахтлар бевақт уйғонди. Сурхондарё ва Қашқадарёда Янги йил байрами арафасида бодом гуллади. Бу ҳеч кимни қувонтиргани йўқ. Чунки қишда гуллаган дарахт тугуни совуқ таъсирида нобуд бўлади, баҳорда куртак чиқармай қўяди. Шунинг учун ҳам дарахтлар қор кўрпасига ўраниб, қиш уйқусида ором олгани яхши.

Лекин бу йил иқлим ўзгариши ва глобал исиш таъсирида қиш-қировли кунлар ўрнига ҳаво ҳарорати кундузи 12-15 даража исиб кетди. Бу халқимизнинг ризқ-насибаси бўлган серҳосил боғу роғларимизга қандай таъсир қилмоқда? Дарахтларни қиш уйқусидан уйғониб кетмаслиги учун қандай чоралар кўриш мумкин? Бу борада Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти бўлим бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Жамолиддин Файзиев тавсияларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

— Жанубий вилоятларнинг баъзи ҳудудларида қиш ойларида бодом дарахтининг гуллаш ҳолати бу янгилик эмас, — дейди Ж. Файзиев. — Қиш илиқ келган йилларда бу каби бевақт дарахт уйғониши табиатда учраб туради. Лекин буни боғбону соҳибкорлар огоҳлик қўнғироғи сифатида қабул қилиб, зарур чора-тадбирларни кўриб қўйишса, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Хўш, қиш ойларида ҳарорат неча даражага кўтарилганда дарахт гуллайди, деган савол туғилиши табиий. Мутахассислар тили билан айтганда дарахтлар қиш ойларида тиним даврида бўлади. Ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. Агар қиш ойида ҳарорат +100С ва ундан юқори бўлса, дарахтлар новдаларининг учки қисмидаги куртаклар бевақт гул ёза бошлайди. Бу дарахт тўлиқ гуллади, дегани эмас.

Бу йилгидек қиш ойларида илиқ ҳарорат кузатилганда, боғбонларимиз дарахтларнинг эрта уйғониб кетмаслиги учун дарахт қатор ораларида чуқур ариқ олиб, гектарига 1500-2000 м3 яхоб суви бериши лозим. Аслида қиш чилласида яъни 25 декабрдан 5 февралгача икки марта яхоб сув бериш талаб этилади. Бу усул қишнинг илиқ ёки совуқ келишидан қатъи назар амалга оширилиши керак. Чунки яхоб суви дарахт илдизига бориб, намликни ҳосил қилади ва бу намлик ёз ойининг иссиқ вақтида ҳам дарахтларни чанқаб қолишидан асрайди. Тажрибали боғбонларнинг айтишига кўра, яхоб суви обитобида берилса, меванинг мўл ва серсув бўлишига олиб келади. Тоғ ва тоғ олди ҳудудлардаги боғлар қатор ораларида чуқур ариқ қазиб қўйилса, қишда ёққан қор ва ёмғир тўпланади. Натижада дарахтларнинг тиним даври узаяди, кеч гуллайди.

Бундан ташқари бодомнинг эрта уйғониши ва гулини совуқ урмаслиги учун қиш ойларида, хусусан февралда оҳакка соз тупроқ қўшиб оқлаш ҳам яхши самара беради. Оқ ранг қуёш нурининг ўсимлик танасига тўғридан-тўғри тушишини пасайтиради. Натижада дарахт нисбатан кечроқ уйғонади, куртак ва гул чиқариши секинлашади.

Яна шу жиҳатга эътибор қаратиш керакки, юқори ҳароратда фаол иссиқлик йиғиндиси ҳосил бўлганда дарахтлар новдасидаги куртак бўртиши, баъзан гул чиқариши кузатилади. Бу йилги шароитда ҳаво ҳарорати 10 градус илиқ бўлсада, тупроқда ҳарорат паст. Масалан, Тошкентда 2-3 марта қор ёғди, ер музлади, бу дарахтлар илдизида совуқ ҳароратни ушлаб туради. Агарда ҳар доим иссиқ бўлса, тупроқ қатлами ҳарорати кўтарилса, куртак бўртиши мумкин. Энди январь ойида гуллаган бодом ҳақида айтадиган бўлсак, чиқарган новдасининг учгинаси гуллаган, қолган куртаклар “ухлаб“ турибди. Шунинг учун қолган куртакларни сақлаб қолиш учун дарахт остидаги ҳароратни пасайтиришимиз керак. Томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган боғларда бу ишни амалга ошириш яхши самара беради.

Қиш илиқ келган йилларда ҳам бу усулда дарахт илдизларида намликни сақлаш ва эрта гуллашининг олди олинади. Интенсив боғлар томчилатиб суғорилади. Бунда барча минерал озуқаларни сув орқали томчилатиб бериш натижасида ўғитларни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади. Янги ўзлаштирилган қиялик ерларда барпо этилган боғ ва токзорларда томчилатиб суғориш яхши самара беради: сувнинг тупроқ сиртида оқиб кетиши кузатилмайди, физик парланишига кетадиган сарфи камаяди, маҳсулот сифати ошади. Қиш илиқ келган йилларда ҳам бу усулда дарахт илдизларида намликни сақлаш ва эрта гуллашининг олди олинади.

Бу усулнинг яна бир афзаллиги шундаки, минерал ўғитларни сувда эритиб берилганда, уни алоҳида қўллангандагига қараганда 40-50 фоизгача сарф-харажат камаяди. Мева сифати ошади, таъми мазали ва ранги тоза, кўриниши бир текисда бўлади. Янги экилган интенсив боғлар иккинчи йили нишона беради, 4-5 йилда тўлиқ ҳосилга кириб, гектарига ўртача 35-40 тонна мева териб олинади.

Шакл бериш, буташ ва қирқиш ишлари дарахтлар қиш ойларида то ўсув даври бошлангунча, куртак ёзгунга қадар ўтказилади. Агар совуқ тушгудай бўлса (-5…-10°С ҳароратда) бу ишлар тўхтатилади. Совуққа чидамсиз бўлган данакли мевалар: ўрик, гилос, шафтоли, олхўри, олча, тоғ олча ва субтропик ўсимликлардан хурмо дарахтлари баҳорга яқин, февралнинг иккинчи ярми – март ойи бошидан шакл бериш, буташ ишлари олиб борилади.

Мамлакатимизда 342,5 минг гектар боғ мавжуд бўлиб, бозорларимизга 3 миллион 520 минг тонна мева етказиб бериш кўзда тутилган. Иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва об-ҳаводаги номутаносибликларга қарамасдан боғбону соҳибкорларимиз ички ва ташқи бозор учун шириндан-шакар мева-чева етказиб беришга интилмоқдалар. Мақсадимиз халқимиз дастурхонини тўкин, ризқини бутун ва пировардида юртимиз иқтисодиётини юксалтиришга қаратилгандир. Зотан, иссиқ қишнинг совуқ баҳори бор. Баҳорнинг изғиринли кунлари қишдагидан кўра хавфлироқ. Албатта, ишонамизки, бой тажриба, юксак маҳорат ва иродаси мустаҳкам боғбонларимиз бундай синовлардан муваффақиятли ўтадилар.

Фахриддин БОЗОРОВ

(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер