Исроилнинг НАТОдан талаби, Венесуэлада тартибсизлик ва Қора денгизда парад (+видео)

18:34 30 Июль 2024 Дунё
796 0

Қора денгиздаги парад

Санкт-Петербург ва турли базаларда Россия ҳарбий-денгиз кучлари кунини нишонлаш учун денгиз парадлари ўтказилди. Ушбу парадларда 200 га яқин ҳарбий кемалар ва сувости техникалари қатнашди.

«Newsweek» нашри эса ушбу парадларда камнамо бўлган Қора денгиз флотига эътибор қаратиб, атиги 2 та кеманинг парадда қатнашганини билдирди.

«Парад трансляциясида Қора денгиз флотининг фақат иккита кемаси кўринди. Бу Украинанинг Россия денгиз кучларига ҳужумлари кўрсатиб беради. 2022 йилда Украинага бостириб кирганидан бери Киев Қора денгиз флотини ракета ва учувчисиз дронлардан фойдаланган ҳолда нишонга олиб келади», дейилади хабарда.

Украина денгиз кучлари вице-адмирали Олексий Нейжпапанинг таъкидлашича, Россия Севастопол устидан назоратни йўқотмоқда. Бу эса жанговар кемаларнинг ҳудуддан кўчирилишига олиб келди.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги эса 2022 йил февралидан 2024 йил июнигача Қора денгизда Россиянинг 26 та кемаси шикастланган ёки йўқ қилинганини маълум қилганди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу муваффақиятсизликларга қарамай, Россиянинг умумий денгиз кучи ҳалигача барқарор қолмоқда.

Тайван мудофаасини кучайтиришда давом этади

Тайван мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда ва хорижий давлатлардан қурол сотиб олишда давом этади. Бу фикрларни орол маъмурияти раҳбари Лай Синде айтиб ўтди.

Манбага кўра, Лай Синде сешанба куни оролнинг собиқ маъмурияти раҳбари Сай Инвеннинг «оролнинг мудофаа қобилиятини мустақил равишда мустаҳкамлаш, шунингдек, хорижий давлатлардан ҳарбий харидларни амалга ошириш» сиёсатига қатъий риоя қилишини айтган.

Пекин Тайванни Хитойнинг ажралмас қисми, деб ҳисоблайди ва «ягона Хитой» тамойилига амал қилиш мамлакат билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш ёки давом эттириш истагида бўлган бошқа давлатлар учун зарурий шарт, деб билади.

«Ягона Хитой» тамойили ва Тайван мустақиллигини тан олмаслик АҚШ томонидан Тайпей билан турли соҳаларда яқин алоқада бўлиб, оролни қурол-яроғ билан таъминлаётганига қарамай ҳам кузатилмоқда.

Тайван атрофидаги вазият 2022 йил август ойи бошида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Ненси Пелоси оролга ташриф буюрганидан кейин сезиларли даражада ёмонлашди. Оролни ўз провинцияларидан бири деб билган Хитой Пелосининг ташрифини АҚШнинг Тайван сепаратизмини қўллаб-қувватлаши сифатида қоралади ва орол атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Хитой марказий ҳукумати ва унинг орол провинцияси ўртасидаги расмий алоқалар 1949 йилда Хитой Коммунистик партияси билан бўлган фуқаролар урушида мағлубиятга учраган Чан Кайши бошчилигидаги қўшинлар Тайванга кўчиб ўтганидан сўнг узилган. Орол ва материк Хитой ўртасидаги бизнес ва норасмий алоқалар 1980 йилларнинг охирида қайта тикланди.

Венесуэлаликлар Уго Чавес ҳайкалини бузиб ташлади

Венесуэлада президентлик сайловларидан кейин оммавий тартибсизликлар бошланди. Каракаснинг марказий ҳудудларида юзлаб одамлар таёқ, баъзилари молотов коктейли билан қуролланган.

Намойишчилар юзларини шарф билан ўраб олиб, қурилиш қолдиқларини йўлнинг ўрталарига сочиб юборган. Тартибсизликларда 20 дан ортиқ аскар яраланган, уларнинг айримлари ўқдан жароҳат олган. Президентлик сайловларидан кейинги тартибсизликлар нафақат Венесуэла пойтахти Каракасни, балки, собиқ президент Уго Чавес ҳайкали жойлашган Ла Гуайра штатини ҳам қамраб олган. Чавес ҳайкали намойишчилар томонидан йиқитилган.

Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги Аргентина, Коста-Рика, Перу, Уругвай, Чили, Доминикан Республикаси ва Панамадаги дипломатларини чақириб олганини маълум қилди. Мамлакат баъзи давлатлар билан парвозларни вақтинча тўхтатган. Бунга сабаб улар Николас Мадуронинг қайта сайланишини тан олмаган.

Италия Хитойга яна яқинлашмоқда. Нега?

Италия Бош вазири Гиоргиа Мелони иқтисодий алоқаларни яхшилаш учун бош вазир бўлганидан бери биринчи марта Хитойга ташриф буюрди. У Хитой раиси билан учрашар экан, глобал кескинликни бошқаришда муҳим суҳбатдош эканлигини таъкидлади.

«Халқаро миқёсда ишончсизлик кучайиб бормоқда ва менимча, Хитой муқаррар равишда ушбу динамикани ҳал қилиш учун жуда муҳим иштирокчидир», деган Мелони Пекиндаги учрашувда. Шунингдек, у икки давлат барқарорликни ва тинчликни қандай кафолатлаш ҳақида биргаликда ўйлашлари кераклигини қўшимча қилган.

Мелони ўтган йил охирида Пекиннинг «Бир камар ва бир йўл» лойиҳасини тарк этгани сабабли кескинлашган алоқаларни қайта бошлашга ваъда берди. Хитой раҳбари ўз навбатида Пекин ва Рим ўртасидаги кўп йиллик, дўстона алоқаларни олқишлаган.

Савдо муносабатлари

2019 йилда Италия Осиё, Африка ва Европани боғлаш учун транспорт ҳамда рақамли инфратузилмани барпо этувчи «Бир камар ва бир йўл» ташаббусига қўшилган Г7 давлатлари ичида ягона аъзо эди.

2023 йилда Италия АҚШ босими остида ушбу лойиҳага сармоя киритиш схемасини тўхтатган бўлсада дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти билан кучли савдо алоқаларини ўрнатишни хоҳлаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи савдо сиёсати Хитойнинг ишлаб чиқаришга йўналтирилган ривожланиш модели уни арзон товарлар билан тўлдириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли тобора ҳимоявий фаолият юритишга мажбур бўлиб қолди. Чунки Хитой фирмалари заиф ички талаб шароитида экспортни кучайтирмоқчи.

Июль ойида Европа Комиссияси Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар импортига 37,6 фоизгача божхона божлари жорий этишини тасдиқлади ва бу Пекин билан кескинликни кучайтирди. Хитой расмийлари агар Брюссел ўз фикридан қайтмаса, савдо уруши бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

«Хитой ва Италия Ипак йўлининг руҳини қўллаб-қувватлаши керак. У орқали Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқа кўприги янги даврга қайтиши мумкин. Мамлакатлар бир-бирига боғланган бўлса, улар биргаликда олдинга силжийди. Агар улар ёпилса, орқага чекинадилар «, деган Италия Бош вазири.

Исроил Туркияни НАТОдан чиқаришга чақирди

Исроил ва Туркиянинг қарама-қарши баёнотлари ва турли чақириқларидан кейин Яҳудий давлати Ташқи ишлар вазири Исроил Катс Туркияни НАТОдан чиқариб юборишга чақирган ва бу билан жиддий шуғулланаётгани айтилмоқда. Аммо альянс ҳеч қандай хабар бермаган.

«Туркия Президенти Эрдўғоннинг Исроилга бостириб кириш таҳдиди ва унинг хавфли риторикасидан келиб чиққан ҳолда, ташқи ишлар вазири Исроил Катз дипломатларга НАТОнинг барча аъзолари билан зудлик билан алоқага чиқиш тўғрисида кўрсатма берди. Исроил Туркия хатти-ҳаракатларини қоралашни ва уни минтақавий альянсдан чиқариб юборишни талаб қилди», дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Шунингдек, Исроил томони Туркияни Яман, Ливандаги гуруҳларни қўллаётган Эрон иттифоқдоши эканлигига урғу берган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?