Исроилнинг ер ости бункери, Россия кемаси йўқ қилинди ва урушга тайёргарлик (+видео)
Украиналиклар урушга боришдан қочиб юрибди
Украинада 800 мингга яқин эркак ҳарбий сафарбарликдан яшириниб юрибди. Бу ҳақда Олий рада депутати Дмитрий Наталуха «Financial Times» нашрига хабар берган.
Маълум бўлишича, Украинада кўплаб ишчилар ҳарбий хизматга чақирилаётгани сабабли компаниялар ўз фаолиятини давом эттиришга қийналмоқда. Масалан, йирик пўлат ишлаб чиқарувчи «Interpipe» ҳарбий хизматга чақирилиш хавфи остида бўлган малакали ишчиларни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётгани учун жиддий муаммоларга дуч келган.
1000 дан ортиқ бўш иш ўринлари мавжуд бўлган компания ва бошқа корхоналар Киевдан иқтисодиётни барқарор сақлаш учун ҳарбий хизматдан оммавий озод қилишни талаб қилган.
Парламентнинг иқтисодий масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Дмитрий Наталуха уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда иқтисодиётнинг муҳимлигини таъкидлади. «Сиз 1 миллион одамни сафарбар қилишингиз мумкин, аммо уларни жиҳозлаш учун ресурсларингиз бўлмаса, уруш бўлмайди», деди у.
Шунга қарамасдан, таклифлар ҳарбий хизматдан озод қилишни белгилайдиган «касталар тизими»нинг потенциал пайдо бўлишига олиб келиши мумкин деган хавотирларни ҳам пайдо қилган.
Украина расмийларининг таъкидлашича, ҳозирги тизим аллақачон бузуқ, айрим одамлар ҳарбий хизматдан қутулиш йўлини изламоқдалар ва уни сотиб олишмоқда.
Бундан ташқари, 800 мингга яқин эркаклар манзилини ўзгартириб, нақд пулга ишлаш орқали вазиятни янада мураккаблаштираётгани хабар қилинган. «Сиз урушда шунчаки адолат билан ғалаба қозона олмайсиз. Уруш ўз-ўзидан адолатсиздир», деган Дмитрий Наталуха.
Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» Исроилга ҳужум қилиши кутилмоқда — Блинкен
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Эрон ва Ҳизбуллоҳ яқин 24-48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
АҚШнинг «Axios» нашри томонидан тасдиқланмаган ҳисобот душанба куни эълон қилинди. Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» ўтган ҳафта ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори етакчилари ўлдирилгани учун ўч олишга ваъда берган эди. Исми ошкор қилинмаган учта манбага иқтибос келтирган нашрга кўра, Блинкен Г7 ҳамкасбларига Исроилга қарши душанба куниёқ ҳужум бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Шунингдек, Вашингтон ҳужумларнинг аниқ вақтини билмаслигини қўшимча қилган.
АҚШ давлат котиби ҳамкасбларига қарама-қаршиликни чеклашга ва Исроилнинг ҳар қандай жавобини тийишга кўндириш орқали кескинлашувни тўхтатишга умид қилишини айтиб, уларга ҳам томонларга дипломатиc босим ўтказишга чақирган.
Канада, Франция, Германия, Италия, Япония ва Буюк Британияни ўз ичига олган Г7 душанба куни баёнот чиқариб, Яқин Шарқдаги кескинлик даражасидан чуқур хавотир билдирди ва барча томонларни вазминликка чақирди. «Ҳеч бир мамлакат ёки миллат кейинги кескинлашувдан фойда кўрмайди», дейилади баёнотда.
Исмоил ҳания ўлдирилганидан кейин АҚШ жавоб ҳужумларини инобатга олиб, Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий кучлар юборди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Курилла душанба куни Исроил армияси билан эҳтимолий ҳужум олдидан тайёргарликни якунлаш учун Исроилга келишини ёзган «Axios» нашри.
Қатор давлатлар фуқароларини Ливандан зудлик билан чиқиб кетишга чақирмоқда.
Исроил ҳам тактик ҳужумларга тайёрланаётгани маълум. Жумладан, Исроил Бош хавфсизлик хизмати Қуддус ҳудудида Исроил раҳбарияти узоқ вақт қолиб, мамлакатни бошқара оладиган ер ости бункерини ишга туширишга тайёрлади. Бункер бир неча юз кишига мўлжалланган. У Тел-Авивдаги яҳудий давлат мудофаа вазирлиги мажмуасига уланган турар-жой бинолари, офислар, мажлис хоналари ва ягона бошқарув марказини ўз ичига олади.
Россия сувости кемаси йўқ қилинди
Украина Россиянинг Қримдаги сув ости кемасига жиддий зарар етказганини эълон қилди. Бу Қора денгиз флотига қаттиқ зарба бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, Киев ҳарбийлари Севастопол порт шаҳрида Россия сув ости кемасини йўқ қилган. Бу зарба Россия ҳарбий-денгиз кучларининг минтақадаги активларига навбатдаги муваффақиятли ҳужумдан далолат беради.
Украина ҳарбийлари, шунингдек, Қримда Россиянинг илғор «С-400» ҳаво мудофаа тизимларининг тўртта нуқтасини нишонга олган ва уларга жиддий зарар етказган бўлиши мумкин. Бу Украинанинг «Ростов-на-Дону» сув ости кемасини биринчи марта нишонга олиши эмас. 2023 йил сентябрь ойида ракета ҳужуми кемага ва Севастополдаги Россия десант кемасига зарар етказганди.
Британия ҳукумати сувости кемаси ҳалокатли зарар кўрганлигини ва таъмирлаш йилларга чўзилиши мумкинлигини таъкидлаган. Қайд этиш керакки, ушбу сув ости кемаси тахминан 300 миллион АҚШ долларга баҳоланади.
Украинанинг ҳужумлари Қора денгиз флотини кўплаб кемаларини Севастополдан бошқа базаларга кўчиришга мажбур қилмоқда. Вице-адмирал Олексий Нейжпапанинг айтишича, Россия ушбу ҳудуд устидан назоратни йўқотяпти.
Мали нима учун Украина билан алоқаларни узди?
Мали Украина билан дипломатик алоқаларни узаётганини эълон қилди. Бунга сабаб июль ойи охирида Россиянинг «Вагнер» гуруҳининг ўнлаб ёлланма аскарлари ҳамда Мали аскарларининг ўлимига сабаб бўлган оғир мағлубиятда Киев роли борлигини айбламоқда.
Шимолий Туарег исёнчилари Ғарбий Африка мамлакатининг шимолида ўтган ой охиридаги уч кунлик жангларда камида 84 ёлланма аскар ва 47 Мали аскари ўлдирилганини маълум қилишди. Бу «Вагнер»нинг икки йил аввал можарога кирганидан бери энг оғир мағлубияти бўлди.
Украина ҳарбий разведка бошқармаси матбуот котиби Андрей Юсов айтишича, малилик исёнчилар ўзларига зарур бўлган барча маълумотларни олган, бу эса Россия урушига қарши операция ўтказишга имкон берган.
Мали томонига кўра, Украинанинг ҳаракатлари Мали суверенитетини бузди ва қабул қилиб бўлмайдиган хорижий аралашув, халқаро терроризмни қўллаб-қувватлади.
25 июль куни Жазоир чегараси яқинида Тинзауатендаги ҳарбий лагерда уч кунлик шиддатли жанглар бошланган эди. Ғарбий Африка давлатининг ҳарбийлари 2020 йилда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни қўлга киритди ва мамлакатни Ал-Қоида, ИШИД гуруҳига алоқадор бўлган гуруҳлардан қайтариб олишни устувор вазифа қилиб қўйди.
«Вагнер» 2021 йил охиридан бери мамлакатда фаолият юритиб келмоқда. Мали француз қўшинлари ва халқаро тинчликпарвар кучларни чиқариб юборди. Ёлланма гуруҳнинг 1 минг нафар жангчиси борлиги тахмин қилинмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг