Исроил молия вазири Ғазодаги одамларни очликдан ўлдириш «адолатли ва ахлоқий» иш эканлигини билдирди

15:49 08 Август 2024 Дунё
529 0

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Ғазо ҳақидаги сўнгги изоҳлари учун халқаро танқидга учради. Смотрич ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш учун Ғазодаги одамларни очликдан ўлдириш «адолатли ва ахлоқий» бўлишини билдирган. Бу ҳақда «The Guardian» нашри хабар бермоқда.

Исроил расмийсининг сўзлари Европа Иттифоқи, Франция ва Буюк Британиянинг норозилигига сабаб бўлди ва улар Исроил ҳукуматини Молия вазирининг баёнотлари бўйича тушунтириш беришини сўраб чиққан. Смотрич ўз нутқида Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдамини ўтказиши халқаро босим туфайли бўлганини даъво қилди.

«Дунёда ҳеч ким бизга икки миллион одамни очликдан ўлдиришга йўл қўймайди, гарчи бу гаровга олинганларни озод қилиш учун адолатли ва ахлоқий бўлса ҳам», деган у.

Франция ҳам Смотричнинг сўзларини танқид қилиб, Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиш «халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасидаги мажбурият» эканини таъкидлади. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми бу фикрни қўллаб-қувватлаб, Исроил ҳукуматини вазирнинг сўзларини «қайтариб олиш ва қоралашга» чақирди. Халқаро ҳамжамият бу каби баёнотларнинг оқибатларидан чуқур хавотир билдирмоқда.

АҚШ Давлат департаменти исроиллик аскарларнинг фаластинлик маҳбусларга нисбатан жинсий зўравонлик қилгани ҳақидаги даъволарни кўриб чиқяпти. Исроилнинг 12-каналида эфирга узатилган видеода аскарларнинг фаластинлик маҳбусни ҳақорат қилгани акс этган. Қўшма Штатлар бу хабарларни «даҳшатли» деб атади ва Исроилни тўлиқ тергов ўтказишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Исроил томони Молия вазирининг фикрларига изоҳ беришни истамаган. Ҳозирда жараёнлар таранглашмоқда ва ҳеч қандай яхшиланиш юзага келмаган.

Аввалроқ, Тейлор Свифтнинг концерти ИШИД террорчисининг таҳдиди остида бекор қилинганини маълум қилинганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?