Иқтидорни юзага чиқарадиган мактаб

15:00 09 Апрель 2025 Жамият
95 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ёшларнинг истеъдодини ривожлантириш ва уларни касбга йўналтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Баркамол авлод» болалар мактабларида бу борада қулай шароит ва имкониятлар яратилди. Касбий таълим тизимида самарали услублар йўлга қўйилди.

— Ўғил-қизларимизни касбга тўғри йўналтиришдаги энг асосий мезон аввало улардаги иқтидор ва қизиқишни билишдан иборат, — дейди Сирдарё вилояти «Баркамол авлод» болалар мактаби директори Олия Турдиева. — Зеро, бола борки, ҳар бирида қандайдир касб, соҳа бўйича жимитдек бўлсада, иқтидор мавжуд. Бугунги кунда «Баркамол авлод» болалар мактабларига келаётган ҳар бир ўқувчи ана шу тарзда, яъни ўз қизиқиши ва иқтидорига мос касбларни ўрганишга йўналтирилмоқда.

Айтиш лозимки, ҳозирда мазкур муассасаларда болаларга тавсия этилаётган касблар бир вақтдагидек бармоқ билан санарли эмас. Ўқувчиларнинг уларга қатновида ҳам ўсиш бор. Масалан, ўтган йилда вилоят ва туман-шаҳарлар «Баркамол авлод» болалар мактабларида 7 142 нафар ўқувчи 7 йўналишдаги 276 та тўгаракда таҳсил олган бўлса, ҳозир 8296 нафар ўқувчи 7 йўналишдаги 294 та тўгаракда ўз қобилиятларини ривожлантирмоқда.

Бугун «Баркамол авлод» болалар мактабларидаги касблар мундарижаси анча кенгайган. Анъанавийлари қаторига келажак касблари деган замонавий мутахассислик ҳамда ҳунарлар ҳам қўшилган. Янги йўналишлар пайдо бўлган. Масалан, ўқувчилар технология ва инновация йўналишида робототехника, дастурлаш ҳамда конструкторликни ўрганмоқда. Касб-ҳунар ва санъат йўналишидагилар тикувчилик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, керамика санъати, миллий либос дизайни, ҳунармандчилик бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.

Шунингдек, ўқувчиларнинг халқаро ва республика танловлари, илмий-амалий конференциялар, лойиҳалар ва фестивалларда иштироки уларга ўз билим ва кўникмаларини амалиётда синаб кўриш имкониятини бермоқда. Мазкур мактабларда касб ўрганаётган, турли соҳалар бўйича истеъдодини ривожлантираётган кўплаб ўқувчилар турли нуфузли танловларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

— Болами, катта ёшдаги кишими, ҳар ким меҳнати ва иқтидорига берилган эътирофдан ўзига бўлган ишончи янада ортади, — дейди Олия Турдиева. — Ўқувчиларимизнинг турли танловларда иштирок этиши ва ғолиб бўлиши ҳам кўзлаган натижага эришишимизда катта аҳамиятга эга. Қолаверса, вилоятимиздаги болалар мактаблари таълим жараёнини инновацион услублар, интерфаол технологиялар ва амалий машғулотлар асосида ташкил этиш бўйича илғор тажрибага эга. Ҳар бир касб-ҳунар бўйича шу соҳанинг етук мутахассис-педагоглари мураббийлик қилмоқда. Илмий, техник ва маданий йўналишдаги лойиҳаларимиз ёшларнинг ижодий салоҳиятини ошириб, уларнинг келажак касбларига тайёргарлик кўришига имкон яратмоқда. Булардан кўзлаган асосий мақсад, келажак авлодни интеллектуал, ижодий ва касбий жиҳатдан етук этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?