Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
Бугун жаҳон ҳамжамияти инсоният олдида турган энг муҳим бўлган муаммолардан бири этиб, глобал иқлим ўзгариши эканлигини тан олмоқда. Ҳозирги кунга келиб, дунё миқёсида ҳар бир давлат ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ривожланиши учун ўзидаги бор имкониятларини тўлиқ ишга солмоқда.
Бундай глобаллашув шароитида дунёда саноат шиддат билан ўсиб боряпти. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари ривожланяпти. Ушбу соҳаларнинг барчасини шиддат билан ривожлантириш учун бугунги кунга келиб инсонлар томонидан табиат инъом этган табиий ресурслардан меъёридан ортиқ ва самарасиз фойдаланиш юзага келмоқда.
Натижада ер шарининг турли қисмларида иқлим ўзгаришлар юз беряпти. Айрим ҳудудларда табиий офатлар ва сув тошқинлари юзага келаётган бўлса, айримларида сувсизлик, қурғоқчилик ва чўлланиш вужудга келмоқда. Бу орқали сўнгги вақтларда айрим минтақаларда сурункали қум ва чанг бўронлари юзага келиши кузатиляпти. Ачинарлиси, бундай ҳолатлар бизнинг минтақамизда ҳам рўй бераётир.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда иқлим ўзгаришларига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча омиллар мавжуд. Яъни, сўнгги йилларда мамлакатда саноат 4 баробарга ошиши ҳамда автомобиль, темир йўл ва авиатранспорти қатнови кескин кўпайиши туфайли двигателлардан атмосферага чиқаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада кўпайди.
Атмосферани ифлосланиши оқибатида кўриш ва тоза ҳаводан нафас олиш имкони сезиларли даражада пасайиб бормоқда. Республикада атмосфера ҳавосининг чанг билан ифлосланиши нафақат табиий хусусиятлар, яъни қуруқ иқлим, қумлоқ ва қумлоқ тупроқлар, балки антропоген ифлосланиш — автомобиллар чиқиндилари, саноат, қурилиш, иссиқлик электр станциялари) билан ҳам боғлиқ. Демак, иқлим ўзгариши ва чўлланишнинг авж олиши ўртасидаги боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда, иқлим инқирозини қўзғатувчи иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга эришиш лозим.
Шу билан бирга ҳудудимизда сув ресурсларидан нооқилона ва самарасиз фойдаланиш оқибатида чўлланишлар ошиб боряпти. Қишлоқ хўжалик соҳасида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун сувдан керагидан ортиқ фойдаланилмоқда. Мисол учун, 1 килограмм картошка етиштириш учун 500 литрдан ортиқ сув сарфланяпти.
Табиий савол туғилади: 1 литр сувни нархи ўртача 5 минг сўмни ташкил этса, маҳсулот учун сарфланаётган ресурсларимиз тан нархи 500 маротаба кўп бўлаётганини наҳотки сезмаяпмиз. Бу борада ақлли қишлоқ хўжалик технологияларини соҳага жорий этиш, энг оқилона ечимдир. Яъни томчилатиб, ёмғирлатиб ва илдиз остилатиб суғориш технологияларидан фойдаланиш керак.
Жазирама кунларда ҳаммамиз глобал исиш ҳақида кўп ўйлаймиз, келажак ҳақида қайғурамиз. Бироқ об-ҳавонинг сўнгги даврлардаги бундай инжиқликларини умумий қилиб “иқлим ўзгариши” деб аташ тўғри бўлади. Зеро, об-ҳаво нафақат ёзги кунларда, балки қишда ҳам ўз инжиқликларини кўрсатмоқда.
Хўш, нима сабабдан иқлим ўзгариши муаммоси йилдан-йилга долзарблашиб бормоқда? Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
Биринчидан, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Боиси табиий дренаж ҳисобланган кўп йиллик дарахтларнинг экилиши ҳудуддаги микроиқлимни юмшатишга сабаб бўлади. Айниқса, шаҳар ва автомобиль йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш зарарли моддалар миқдорини камайишига хизмат қилади.
Иккинчидан, сувдан оқилона фойдаланишга алоҳида аҳамият бериш лозим. Чунки томчилаб суғоришни ташкил этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам ўз навбатида иқлим ўзгаришларига мослашиш учун муҳим омилдир.
Учинчидан, иссиқхона газларини камайтириш керак. Бунинг учун биринчи навбатда ишлаб чиқариш корхоналари, ИЭС ва бошқа атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарувчи ташкилотларда экологик тоза технологияларни жорий этиш орқали атмосферага ташланаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш лозим.
Албатта, сўнгги йилларда экологик кун тартиби Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантирилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш йўналишларида концепция ва стратегиялар қабул қилинди.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси 2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси — Париж битимини ратификация қилгани бу борада айни муддао бўлди. Ушбу битимнинг асосий мақсади — сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2 С-га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5 С-гача ўсишини чеклашга эришишдир.
Наврўзбек ЮСУПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партия фракцияси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг