Ипак матолар жилоси ва зираворлар ифори Бухорони янада мафтункор этмоқда

19:31 06 Июнь 2025 Жамият
194 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Кўҳна Бухоронинг тарихий қисми байрамона қиёфада. Турнақатор тизилган расталар, миллий куй-қўшиқларнинг сеҳрли оҳанги, атласу адрасга бурканган савдо расталари, хушбўй зираворларнинг ҳиди сайёҳлару шаҳар меҳмонларини ўзига оҳанрабодек тортяпти. Қадимий шаҳарда «Ипак ва зираворлар» фестивали бўлиб ўтмоқда.

— Бухорога саёҳатимиз айнан шу фестивалга тўғри келиб қолди, — дейди италиялик сайёҳ Костанса Бомбардо. — Фестиваль доирасидаги тадбирларни томоша қилиб жуда таъсирландим. Шаҳар, унинг одамлари менга жуда ёқди. Бухорога яна келиш ниятидаман.

Вилоят ҳокимлиги ва бошқа бир қатор манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган XXI анъанавий халқаро фестивални бу гал дунёнинг 70 га яқин давлатидан келган сайёҳ томоша қилмоқда. Туркия, Эрон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан ҳунармандлар ҳам ташриф буюриб ўз кўргазмаларини намойиш этмоқда. Улар орасида туркманистонлик Елена Котова ҳам бор.

— Қўл меҳнати асосида оилавий ишлаб, рўзғорбоп турли буюмлар тайёрлаймиз, — дейди у. — Кўргазма баҳонасида синчиклаб кузатдим: маҳаллий ҳунармандлар ва биз тайёрлаган сўзаналар дизайни ҳар хил. Аммо тикилиш услубида, техникасида ўхшашлик бор. Биз ҳар икки йилда ўтадиган бу тадбирга бажонидил келяпмиз. Янгидан янги ғоялар билан қайтяпмиз. Биласизми, «Ипак ва зираворлар» фестивали ўтаётган Бухорода руҳинг алланечук енгил тортади.

— Биз Алмати шаҳридаги олий ўқув юртида туризм йўналишида сабоқ оляпмиз, — дейди яна бир суҳбатдошимиз Асея Актайлакова. — Бу ерга амалиёт ўташ учун келдик. Фестиваль тадбирларидан бир олам завқ оляпмиз. Бухоронинг жуда катта туристик салоҳиятга эгалиги кўриниб турибди. Шахсан менга туризм соҳасининг бўлғуси мутахассиси сифатида бухороликларнинг меҳмондўстлиги, улар кўрсатаётган хизмат ёқди.

Дарҳақиқат, «Ипак ва зираворлар» фестивали маданият ва санъат йўналишларидаги анъаналарни қайта тиклашга хизмат қиляпти. У аҳоли ва сайёҳларнинг маданий ҳордиқ чиқаришида алоҳида ўрин тутмоқда. Муҳими, халқ амалий санъатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишда ўзига хос туртки вазифасини ўтаяпти.

— Ўн икки йилдирки, ипак ва пахта матосидан ранг-баранг либослар тикаман, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Нафиса Холова. — Бу фестиваль касб маҳоратимни оширишимда, билмаганларимни ўрганишимда қўл келяпти. Экологик тоза, табиий маҳсулотлардан тайёрланган кийим-кечаклар ҳеч қачон қадрини йўқотмайди. Уларга ҳамиша талаб бор. Шу боисдан ҳам фаолиятимизни кенгайтириб боряпмиз. Вилоятимизнинг энг чекка ва олис гўшаси Газли шаҳарчасида, шунингдек, Вобкентда цех очганман. 60 нафар хотин – қизнинг бандлиги таъминланган. Уларнинг бир қисми касаначилик асосида фаолият кўрсатяпти.

Фестиваль доирасидаги тадбирларга қисқача тўхталсак, у одатдагидек, қатнашчиларнинг кўҳна Арк қўрғонидан то Лаби ҳовуз мажмуасигача бўлган масофадаги тантанали юришидан бошланди. Тадбир очилиш маросимида сўз олганлар барча-барчага байрамона кайфият тилаб, халқаро фестивалнинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар.

Тадбир дастуридан фольклор жамоаларининг чиқишлари, халқ амалий санъати турлари бўйича маҳорат дарслари, ипак ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, зираворлар савдоси кўргазмалари, миллий спорт ўйинлари, маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирокида «Silk&Spices Fashion days» махсус модалар намойиши, «палов сайли», тасвирий ва амалий санъат миллий галереяси, сураткашлар кўргазмалари каби тадбирлар ўрин олган. 8 июнь оқшомида фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?