«Инсониятга иймондан кейин саломатликдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган!»

21:01 10 Май 2021 Жамият
803 0

Президентимизнинг «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Бугун инсоният бошига коронавирус деган бир офат жиддий хавф солиб турган бир пайтда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти нақадар муҳимлигини таъкидлаш лозим.

«Инсониятга иймондан кейин саломатликдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган!» дея таъкидланади ҳадиси шарифларда ва бу бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам, соғлиқ, саломатлик энг буюк неъматлардан биридир. Айниқса, шу кунларда унинг қадрини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ҳис қиляпмиз. Кўзга кўринмас вирус дунё бўйлаб тарқалиб, инсониятни оёққа қалқитди, ҳушёрликка чорлади. Инсон саломатлигининг чинакам посбони ҳисобланган шифокорларга бўлган эҳтиёж эса борган сари ошиб боряпти. Шифокорлар ҳақиқий маънода бугун нажоткорга, қаҳрамонга айланди.

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шубҳасиз, бугуннинг энг муҳим вазифасига айланди. Бунда тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Фармонга кўра, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолияти йўлга қўйилади. Тиббий хизмат сифати ва қамровини ошириш мақсадида 2021-2022 йилларда 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади. Жорий йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишлари кенгайтирилади. Лавозимлари, ўқув дастур ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш тизими такомиллаштирилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилади ва фармонда уларга қўйиладиган талаблар белгиланди. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолият турлари янада кенгайтирилади. 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этилади. Бунда эҳтиёжманд оилалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига мувофиқ аниқланади. Шунингдек, фармонда Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилиши ҳамда унинг молиялаштириш манбалари белгиланди.

Албатта, фармоннинг аҳамияти ва муҳим жиҳатлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин шу ўринда барчамиз бир ҳақиқатни англамоғимиз лозим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифича, инсон саломатлигининг 10-15 фоизи экология, 10-15 фоизи генетика, 10-12 фоизи тиббиёт тизими даражаси, қолган 55-60 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ. Демак, соғлиғимиз учун аввало ўзимиз қайғуришимиз лозим. Яъни, тўғри овқатлансак, жисмоний фаол, зарарли одатлардан холи, кун тартибимизни тўғри ташкил қила олсаккина соғлом бўла оламиз. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатлар самарасиз якунланаверади. Соғлиғимиз эса аввало ўзимиз учун керак.

Жуманазар АТОЖОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?