Инсон қадри улуғланган юрт
Заҳматкаш халқимизнинг узоқ йиллик орзу-умидлари рўёби бўлмиш Мустақиллик, шубҳасиз, барчамиз учун энг улуғ неъмат.
Мамлакатимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги даврга қадам қўяркан, тараққиётнинг бутунлай юқори поғоналарига кўтарилди. Ўзгаришларнинг ҳаётбахш насимлари кириб бормаган бирор соҳа ёки тармоқ қолмади. Халқимизга том маънода эркин ва ҳур яшаш, барча истак-ниятларини рўёбга чиқариш, жаҳонда тенглар ичра тенг бўлиш бахти насиб этди. Биз бугун тенглик, қонун устуворлиги, эркин иқтисодиёт ва ижтимоий адолат тантана қилган, миллий қадриятларимиз тикланаётган, маданият ва маънавият тобора юксалаётган жамиятда яшамоқдамиз.
Айниқса, Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш ислоҳотларимизнинг бош мақсади сифатида белгилаб берилгани миллий давлатчилигимиз тарихида янги саҳифа очди — эл-юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар, кенг кўламли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этила бошланди. Иқтисодиётимизни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалий қадамлар қўйилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиб, аҳоли турмушини яхшилашга қаратилган эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Энг муҳими — бу ўзгаришлар халқимиз кундалик ҳаётида яққол акс этмоқда. Юзлаб маҳаллалар обод бўлди, минглаб ижтимоий объектлар барпо этилди, янги иш ўринлари яратилди. Бу ишлар изчил давом эттирилмоқда. Эндиликда қишлоқларимиз бир вақтлардагидек фақат пахтазорлардангина иборат эмас. Қаерга борманг, боғу роғларга, кўркам тураржойларга, замонавий саноат корхоналарига, шоду хуррам ҳаёт кечираётган одамларга кўзингиз тушади. Ҳар бир аҳоли пункти ўз инфратузилмасига эга. Одамлар учун зарур бўлган барча қулайлик яратилган. Қисқача айтганда, Президентимиз бот-бот таъкидлаб келадиган — халқимизни рози қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.
Бунга халқ вакиллари сифатида ҳамюртларимиз билан қилган мулоқотларимиз чоҳида ҳам гувоҳ бўляпмиз. Юртдошларимизнинг сўзларида шукроналик, нигоҳларида эртанги кунга ишонч акс этмоқда. Ислоҳотлар инсонларнинг турмуш шароити яхшиланишига хизмат қилиши билан бир қаторда, уларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартирмоқда. Бугун юртдошларимиз қалбида ўз Ватани тараққиётига дахлдорлик ҳисси бор. Халқимиз ўзлигини намойиш этмоқда. Шундай юртда туғилганидан ғурурланиб яшамоқда.
Халқ билан мулоқот — муваффақиятлар гарови
Халқимизнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва ташаббуслари билан янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги самарали модели жорий қилинди. Ўзбекистон ижтимоий давлат экани алоҳида эътироф этилиб, инсон манфаатларини таъминлашга доир энг муҳим моддалар кучайтирилди.
Шуни ишонч билан айта оламизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолияти давомида халқ билан мулоқот давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар бир соҳа мутасаддиси, халқ вакили доимий равишда жойларга бориб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини, дарду ташвишларини ўрганмоқда, ваколати доирасида масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда. «Халқ давлатга эмас, давлат халқимизга хизмат қилиши керак», деган тамойил тўлақонли равишда давлат ва жамият ҳаётига чуқур сингиб кетди, олтин қоидага айланди.
Ҳудудларнинг ривожланиши ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, иқтисодиётда драйвер соҳалар белгиланмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда. Натижада энг устувор вазифалардан бири сифатида кўрилаётган аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида сезиларли натижаларга эришиляпти.
Аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланиши мамлакатимизда инсон капиталининг ривожланишига хизмат қилмоқда. Бугун ўз олдига катта мақсадларни қўйган, бир нечта хорижий тилларда бемалол гаплаша оладиган, фаннинг турли йўналишларида катта ютуқларни қўлга киритаётган, замонавий касб ва билимларни чуқур ўрганишга бел боғлаган истиқболли авлод вояга етмоқда. Маданият, санъат, илм-фан, спорт соҳаларида Ўзбекистоннинг номини жаҳонга танитаётган ўғил-қизларимиз Ватанимиз фахрига айланмоқда.
Яқинда Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган, қатор рекорд натижаларни қайд этган спортчиларимиз бутун халқимизнинг олқишига сазовор бўлди, қалбларимизни Қурур ва ифтихорга тўлдирди. Бу ёшларимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари, ботир ўҚил-қизлари, Ватанимиз ифтихорларидир. Улардан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.
Албатта, бу ютуқларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий соҳаларга қаратилаётган эътибор, ёшлар масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳамда бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини эътироф этишимиз керак.
Янги Ўзбекистонда бошланган кенг кўламли ислоҳотлар парламент юқори палатасида ҳам ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Миллий парламентнинг мана шу жараёнларда бевосита иштирокини таъминлаш, унинг роли ва нуфузини изчил ошириб бориш мақсадида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий вазифаларни ҳал этишдаги ваколатлари сезиларли даражада кенгайди. Энди Олий Мажлис Сенати ҳам янги даврга монанд янгича руҳда фаолият олиб бормоқда.
Биз энди фақат қонун ижодкорлиги билангина чекланиб қолмасдан «ҳудудий парламент» сифатида жойларда аҳоли билан мулоқотлар олиб бормоқдамиз, юзага келган муаммоларнинг бартараф этилишида амалий кўмак кўрсатмоқдамиз. Асосий эътибор ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўламини кенгайтириш, бу борада қабул қилинган тегишли дастурлар ижроси устидан самарали парламент назоратини кучайтириш, айниқса, ижтимоий соҳа, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида тегишли ижро органлари билан ҳамкорлик қилиш каби масалаларга қаратиб келинмоқда.
Сенат ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ўрганар экан, фақатгина назорат, яъни мутасадди вазирлик, идоралар фаолиятига баҳо бериш нуқтайи назаридан эмас, балки улар билан биргаликда мавжуд масалаларга самарали ечим топишга бирламчи эътибор қаратмоқда.
Бугунги кунда «Маҳалла еттилиги» — Кенгаш — Сенат» уч бўғинли ҳамкорлик тизими йўлга қўйилди. Сенат маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштириб боришда уларга яқиндан кўмак бериб келмоқда. Бу эса ўзаро ҳамкорлик ривожига ҳам хизмат қилади.
Маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялар фаолияти Сенат қўмиталари йўналишига мос тарзда тубдан қайта ташкил этилди. Ҳозирда ҳар бир қўмита раиси ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда доимий комиссиялар билан биргаликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишини ўрганиб, мавжуд муаммо ва камчиликларнинг жойлардаги ижро ҳокимияти томонидан ҳал этилишига эришиб келмоқда. Айрим ижтимоий жиҳатдан муҳим саналган ўткир муаммолар Сенатнинг ялпи мажлисларида мутасаддилар иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, уларни ҳал этиш юзасидан чоралар белгиланиб, тегишли ижро органлари томонидан уларнинг амалга оширилишига эришилмоқда.
Кенгашлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи ҳам диққат марказимизда турибди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга асосан ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раислари лавозими ажратилгани муносабати билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифа ва функциялари хатловдан ўтказилди ҳамда таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралда имзолаган «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ўз ўрнида уларнинг янада самарали фаолият олиб боришига хизмат қилади.
Халқаро ҳамкорлик истиқболлари
Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли амалга оширилаётган прагматик ва стратегик жиҳатдан пухта ўйланган, ўзаро тенглик ва ҳурмат, ҳар томонлама ва кўп векторли ҳамкорлик архитектурасига эга бўлган ташқи сиёсат натижасида нафақат яқин қўшни давлатлар, балки дунёнинг бошқа давлатлари билан ҳам дўстона муносабатлар қарор топмоқда. Бугун миллий парламентимиз ҳам дунёнинг барча мамлакатлари парламентлари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, нафақат давлат ва жамият ҳаётида, балки халқаро миқёсда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Буни биз парламентлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари сезиларли равишда жадаллашган ҳамда глобал миқёсда долзарб бўлган мавзуларга бағишланган халқаро конференция, учрашув ҳамда форумларнинг мунтазам ташкил этиб келинаётганида ҳам кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда хорижий мамлакатлар билан муносабатларни янада ривожлантиришда, хусусан, Сенатнинг роли ҳам ортиб бормоқда. Бу, айниқса, давлатлараро юқори даражада эришилган келишувларнинг ижроси устидан парламент назорати ўрнатилгани, уларнинг амалга оширилиши қонунчилик нуқтайи назаридан таъминланаётгани, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилганида кўзга ташланади.
Ҳозирги кунда парламентимиз кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, ўзида 190 та давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқнинг фаол аъзоси сифатида долзарб масалаларга доир таклиф ва тавсияларни илгари суриб келмоқда. Ушбу нуфузли халқаро тузилма ўзининг 150-юбилей саммитини келаси йил мамлакатимизда ўтказишга қарор қилгани ҳам миллий парламентимизнинг халқаро миқёсда обрўси ошиб бораётганига бир мисол бўла олади.
Шунингдек, мамлакатимиз тарихда биринчи марта ХМТ Маъмурий кенгаши таркибига қабул қилинди. Биз буни Ўзбекистоннинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ютуқлари эътирофи, мамлакатимизнинг ХМТ билан яқиндан ҳамкорлиги самараси сифатида қабул қиламиз. Дарвоқе, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбо жорий йилда мамлакатимизга қилган ташрифи чоғида Ўзбекистонда муносиб меҳнат ва ижтимоий адолат масалаларига қаратилаётган катта эътибор, бу борада эришилаётган юқори натижалар дунёнинг кўплаб давлатлари учун намуна бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Нуфузли халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ислоҳотларга бераётган баҳосига тўхталар эканмиз, Жаҳон банкининг ҳуқуқий соҳада гендер тенгликка эришиш бўйича «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича муҳим ислоҳотларни амалга оширган 5 та давлат қаторига киритилгани алоҳида қайд этилганини айтиб ўтиш жоиз. Албатта, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Шубҳасиз, бугун янги Ўзбекистонни дунё танимоқда ва тан олмоқда, таклиф ва ташаббуслари халқаро майдонда эътироф этилмоқда. Дунёнинг энг нуфузли ташкилоти бўлмиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизга ташрифи чоғида «Марказий Осиё цивилизация маркази ҳисобланади, Ўзбекистон эса минтақанинг марказидир. Ўзбекистон БМТнинг кўплаб соҳаларида, хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда йўлбошчи давлатлардан бири. Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлиги алоҳида ўрин ва аҳамият касб этади. Мен Марказий Осиёга илк бор ташриф буюрганимда, минтақа тарқоқ ва яккаланиб қолган эди. Энди Президент Шавкат Мирзиёев туфайли минтақа бирлашди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг оқилона сиёсати туфайли Марказий Осиёнинг кўплаб муаммоли масалалари ҳал этилди», дея фикр билдирган эди.
Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари президентлигининг дастлабки кунлариданоқ Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятни тубдан яхшилашга устувор эътибор қаратди. Ҳаммамизга маълум, минтақамиз қаттиқ зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, кучли рақобат гирдобига тушиб қолган эди. Ўша пайтлар айрим экспертлар сув ресурсларини бошқариш масаласи мамлакатларимиз ўртасида кескин вазиятни юзага келтириши мумкинлигини «башорат» қилгани ҳам бежиз эмас.
Бироқ Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон раҳбарлигига сайланиши бундай нохуш «башорат»ларни йўққа чиқарди. Президентимиз томонидан киритилган конструктив таклифлар ва уларнинг қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши натижасида олий даражадаги сиёсий мулоқот ва шахсий ишонч мустаҳкамланди. Қўшни давлатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларга барҳам берилди. Минтақа давлатлари раҳбарлари иштирокида йўлга қўйилган Маслаҳат учрашувлари тез орада асосий мулоқот майдонларидан бирига айланди. Уларда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда ва оқилона фойдаланиш, транспорт-коммуникация тизимини такомиллаштириш, экология каби муҳим масалалар муҳокама қилиниб, барча учун манфаатли чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда.
Натижада минтақада чинакам қўшничилик руҳини шакллантириш, умумий масалаларни конструктив ҳал қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни оқилона мувофиқлаштириш имкониятлари кенгаймоқда. Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида бугун халқаро ва минтақавий муносабатлар тизимида мустаҳкам ўрин олган.
Минтақавий ҳамкорлик жараёнлари барқарорлигини таъминлаш, янгича мазмун билан бойитиш ва бунда «халқ дипломатияси» имкониятларини кўпроқ ишга солиш мақсадида Президентимизнинг ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари форумининг ташкил этилганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Ушбу формат доирасида биз қўшни давлатлар парламентларидаги ҳамкасбларимиз билан юқори даражада эришилган келишувлар ижроси бўйича парламент назоратини йўлга қўйиш, минтақада барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари, ҳокимиятнинг вакиллик органлари, ёшлар парламентлари ҳамда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш каби муҳим масалаларни муҳокама қилиб бормоқдамиз. Ушбу минтақавий тузилманинг жорий йил сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган форуми кун тартибидан ҳам барчамиз учун долзарб бўлган бир қатор муҳим масалалар ўрин олган.
Албатта, эришилаётган катта-катта ютуқлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Лекин бутун дунёда кескин рақобат, айрим давлатлар ўртасида қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора авжига чиқиб бораётган бир даврда юртимизда бир маромда, барқарор ривожланишни таъминлаш, тинчлик-осойишталикни сақлаш ҳамда прагматик, очиқ ташқи сиёсатни самарали йўлга қўйишнинг ўзи бўлаётгани йўқ. Буни ҳар бир юртдошимиз чуқур англаб етиши зарур. Давлатимиз раҳбарининг, энг аввало, халқимиз манфаатларини ўйлаб юритаётган адолатли, халқчил сиёсати, юртдошларимизнинг биргаликдаги шарафли меҳнати орқали мана шу ютуқларга эришмоқдамиз.
Албатта, замон бир жойда турмайди, у доимий ўзгаришда бўлади, тараққиёт давом этаверади. Шу нуқтайи назардан, барчамиз ҳозирги давр шиддатига мос фаолият юритишимиз, мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ва долзарб вазифаларни тезкорлик билан ҳал этишда янада ташаббускор бўлишимиз лозим.
Бу йил энг улуғ, энг азиз байрамимиз «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» деган бош ғоя асосида ўтказилаётгани замирида ҳам катта маъно мужассам.
Донишманд ота-боболаримиз «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар», деб бежиз айтишмаган. Бирлашмаган, бир-биридан руҳан ва қалбан айро яшаган элу элатлар ҳаётнинг кичик синовларига дош беролмай, тўзиб, аросатда қолганига, ҳатто йўқликка маҳкум бўлганига, аксинча, бирлашган, бир мушт бўлиб эзгу мақсадлари сари интилган, бир-бирига қайишган халқ бошқалардан ўзиб, дунёда ўз сўзи ва ўрнига эга бўлганига тарих гувоҳ.
Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Вазир ўринбосари хотинини алдагани учун ишдан бўшатилди
- Доллар курси узоқ вақт кўтарилишдан сўнг пастлади
- Ўзбекистонда пестицидларнинг хавфсиз бошқарувига ўтилади
- Ўзбекистон 70 миллион АҚШ долларидан ортиққа гилос экспорт қилган
- Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
- Шавкат Мирзиёев: Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг