Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги ваколатлар белгиланмоқда
Жорий йил 14 декабрь куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси 22-ялпи мажлис олдидан ўз йиғилишини ўтказди.
Унда қўмита ва экспертлар гуруҳи аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашларининг тегишли вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисига киритилган масалалар муҳокама этилганидан сўнг мажлисда «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонун юзасидан фикр алмашилди. Таъкидланишича ушбу Қонун соғлиқни сақлаш тизимида «мудраб» қолган соҳани ривожлантиришга туртки бўлиб хизмат қилади.
Қонунда «бош миянинг ўлими», «инсон аъзоси», «инсон тўқимаси», «реципиент», «тирик донор» ва «трансплантация» каби тушунчалар маъноларига аниқлик киритилган ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Қонун трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо ва тўқималарини олиш шартларини белгилаб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Муҳокама якуни билан қўмитанинг хулосаси тасдиқланди.
Йиғилишда кейинги масала - «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Қўмитанинг фаолияти билан боғлиқ соҳаларга 2022 йилда режалаштирилган ажратмаларнинг тобора ортиб бораётгани мазкур соҳаларда халққа кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга асос бўлиши таъкидланди.
Шу билан бирга, 2021 йил 9 ойлик бюджет ижросида йўлга қўйилган камчиликлар муҳокама этилиб, уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги сўнгги масала «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг инновацион фаолиятни амалга ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ва фаолиятни молиялаштиришга оид қисмини Самарқанд ва Навоий вилоятларида ўрганиш натижалари тўғрисида»ги қўмита қарори кўриб чиқилди.
Қонун ижроси доирасида Навоий вилоятида илм-фан, технология, тадқиқот ва тажриба-конструкторлик соҳаларини ривожлантириш мақсадида 2021 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, вилоятда умумий қиймати 17,288 млрд.сўмлик 112 та янги иш ўрни яратишга мўлжалланган 11 та амалий ва тижоратлаштириш лойиҳаси молиялаштирилган.
Самарқанд вилоятида 2017–2021 йилларда умумий қиймати 29,0 млрд. сўмлик 70 та инновацион лойиҳа молиялаштирилган бўлиб, 117 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Навоий вилояти Кармана тумани, Самарқанд вилояти Ургут тумани инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхатига киритилган бўлиб, инновацион ҳудудга айлантириш дастури ишлаб чиқилган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган.
Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан Навоий вилоятида ўрганилган Қизилтепа, Нурота, Навбаҳор туманлари ҳокимликлари томонидан инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмагани, Самарқанд вилояти Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида экспериментал тажриба-синовлар ўтказиш учун лаборатория жиҳозлари маънан ва жисмонан эскирган бўлиб, замон талабларига жавоб бермаслиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган Трансфер марказини молиялаштириш механизми аниқ белгиланмагани учун марказ бугунги кунда фаолият олиб бормаётгани каби масалалар танқид қилинди.
Шунингдек, келгусида инновацион фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва қўмитанинг қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг