Инновацион ёндашув чорва маҳсулдорлигини оширмоқда

16:55 29 Январь 2025 Жамият
246 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилояти чорвачилик маҳсулотлари етиштириш борасида мамлакатимиз ҳудудлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йили вилоятда 345,9 минг тонна гўшт, 1380,1 минг тонна сут етиштирилган. Бу билан қашқадарёлик чорвадорлар гўшт етиштириш ҳажми бўйича республикада 1-ўринни, сут етиштириш ҳажми бўйича эса фақат Самарқанд вилоятидан кейин 2-ўринни қайд этишди.

Воҳада етиштирилган чорвачилик маҳсулотларининг асосий ҳажми шахсий ёрдамчи хўжаликлар ҳиссасига тўғри келиши сир эмас. Шу билан бир қаторда, сўнгги йилларда соҳада чорвачиликка ихтисослашган субъектларнинг фаоллиги ҳам ошиб бормоқда. Улардан бири Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган «Носиров Тўра Улашович» хусусий корхонаси ҳисобланади.

Мазкур корхона раҳбари Баҳром Носиров дастлаб сутни қайта ишлашга ихтисослашган кичик замонавий қувватни ишга тушириш билан ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эди. Соҳада бироз тажриба тўплагач, хориждан 40 бош «швец» зотли сут йўналишидаги қорамолларни олиб келиб, хомашёнинг ҳам асосий қисмини ўзи етиштира бошлади.

— Айни пайтда корхонамизнинг чорвачилик комплексидаги қорамоллар сони 200 бошга етди, — дейди Б. Носиров. — Олинаётган сутни тўлиқ ўзимиз қайта ишлаймиз. Камига қишлоқлардан, аҳоли хонадонларидан ҳам сут сотиб оламиз. Айни пайтда ишлаб чиқариш цехимизда 14 хил турдаги истеъмол маҳсулотлари, жумладан, кефир, сметана, қатиқ, пишлоқ, бринза ишлаб чиқаряпмиз.

Эътиборли жиҳати, тадбиркор чорва озуқасини етиштиришда ҳам инновацион усулдан фойдаланмоқда.

— Моллар учун анъанавий ем-хашаклар сотиб олиш ва тайёрлаш билан бир қаторда буғдойни махсус контейнерларда тупроқсиз, махсус жиҳозланган ва нам шароитда ўстириш, яъни гидропоника усулида кўк масса етиштиришни йўлга қўйганмиз, — дейди у. — Бу усулда етиштирилган майса турли озуқа витаминлари, ферментлар, биологик фаол моддалар, ёғли кислоталар ва енгил ўзлаштириладиган протеинга бой бўлгани учун ҳам уни еган молларнинг вазни анча юқори бўлади. Қолаверса, бу усулнинг иқтисодий томондан ҳам фойдали жиҳатлари талайгина. Озуқа таннархининг пасайиши, витаминлар, дори-дармонлар ва турли қўшимчаларга сарф-харажатларнинг камайиши, иқлим шароитлари билан боғлиқ таваккалчиликларнинг йўқолиши шулар жумласидан.

Баҳром Носиров айни пайтда корхонанинг чорвачилик фаолиятини янада кенгайтириш ҳаракатида. У 300 бош қорамол боқишга мўлжалланган инновацион чорва комплекси биносини қуришни режалаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?