Инновацион лойиҳаларни молиялаштиришда банклар катта роль ўйнайди
Маълумки, бугунги кунда дунёда инновацион тараққиёт моделларини жорий этиш, илғор ғоялар, “ноу-хау” ва “ақлли” технологияларни экспорт қилиш ҳисобидан тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар сони тобора ортиб боряпти. Тан олишимиз керак, маълум муддатда мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилган ишлар қониқарли бўлмади.
Буни Президент ҳам ўз чиқишларидан бирида айтиб ўтар экан, “Биз, аввало, четдан кредит ва сармоялар олиб келиш бўйича самарали тизим яратишимиз, ҳар бир кредитни аниқ ишлатишни ўрганишимиз лозим. Бу масалада етти ўлчаб, бир марта кесадиган, оқибатини пухта ўйлаб иш олиб борадиган давр келди.
Шу нуқтаи назардан, давлатнинг инновацион янгиланиш дастурини шакллантириш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини, янги сармоядорлар синфини тайёрлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилиш бўйича кучли миллий ғоя, миллий дастур керак. Ушбу дастур Ўзбекистонни жаҳондаги тараққий топган мамлакатлар қаторига тезроқ олиб чиқишга имкон яратиши лозим” деб таъкидлаган эди.
Юртбошимиз бу йўлдаги долзарб муаммони ҳал этишга ўз лавозимига киришган дастлабки йилларданоқ қатъий киришди. Ҳаракатлар стратегиясида айнан инновациялар масаласига алоҳида урғу берилди. Хусусан, унда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган. Бинобарин, Президент томонидан 2018 йилга эса Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилиб, шу бўйича давлат дастури ишлаб чиқилди. Шу асосда қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Эътиборлиси, бу борадаги амалий изланишлар, саъй-ҳаракатлар 2018 йилда тугаб қолгани йўқ, балки бугун ҳам замон талабларига мувофиқ жадал давом эттириляпти. Қувонарлиси, мазкур стратегик йўлда банкларнинг ҳам иштироки, аҳамият ошиб боряпти. Қуйида шу ҳақда кенгроқ тўхталиб ўтамиз.
Маълумки, замонавий фаол тадбиркорлик бу бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиш деганидир.
Президентимиз айтиб ўтганидек, “Фаол тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт. Керак бўлса, хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириши, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун уларга ҳар томонлама имконият туғдириб беришимиз лозим.
Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.
Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак. Шунинг учун биз Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этдик ва унинг олдига аниқ вазифаларни қўйдик. Бу вазирлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажаради, деб ишонамиз”.
Шулардан келиб чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларида банкларнинг салоҳиятини ҳам кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Натижада айнан банклар мазкур йўналишда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларининг яқин ҳамкорига айланиб боряпти. Бу экспортга маҳсулот чиқараётган, инновацион ва юқори технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларга ва чет эллик инвесторларни кенг қўллаб-қувватлаш мисолида намоён бўлаётир. Бунда банк тизимига хусусий ва хорижий капитал кириб келиши ҳисобидан давлат банклари улушини босқичма-босқич камайтириб борилаётгани ҳам катта роль ўйнамоқда. Зеро, шу асосда соҳада рақобат муҳитини яхшилашга, тижорат банклари фаолиятини, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама оширишга замин яратиляпти.
Янги молиявий инструментларни жорий этиш ва облигациялар чиқариш орқали,банк хизматлари кўламини янада кенгайтирилмоқда. Илғор ахборот технологиялари асосида банк тизими ривожлантириляпти. Инвесторлар мамлакатимизда ўзини имкон қадар эркин ҳис қилишлари учун барча шароитлар тақдим этилмоқда.
Пировардида айтиб ўтганимиздек, молиявий лойиҳаларни молиялаштиришда банкларнинг ўрни тобора ортиб боряпти. Республикамиз ҳудудларида шамол ва фото электр станцияларини қуриш, хусусий таълимни равнақ топтириш, IT-парклар фаолияти, стартапларни қўллаб-қувватлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалигида кластер тизимини кенгайтириш, ёшларнинг рационализаторлик салоҳиятини юзага чиқариш борасида банклар яқиндан кўмакчи бўлаётгани фикримиз тасдиғидир. Бу борада Европа тикланиш ва тараққиёт банки, билан ҳамкорлигимиз тикланди, Европа инвестиция банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки билан ўзаро ҳамкорлик ҳам самарали тус олаётгани эътиборга лойиқ.
Ўз навбатида Президентнинг тегишли Фармони билан юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар, венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича, янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича 2023 йил 1 январга қадар муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилинди. Бу ҳам банк ва инновацион лойиҳа эгалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, ўзаро ишончли муҳитни ривожлантиришга катта туртки беради.
Қолаверса, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, хусусан, стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу каби ҳужжатлар қабул қилинса, бу банкларга ҳам фойда деб ўйлайман. Зеро, шулар асосида инновацион лойиҳалар, ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади. Демакки, банкларнинг ҳам бу борадаги фаоллиги тубдан оширилади.
Тан олиш керак, маълум муддат замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган инновацион лойиҳалар учун банклардан кредит ресурслар олишда қийинчиликлар кўп эди. Натижада инновацияларга бўлган талаб ҳажмининг ўсиш суръатлари маълум муддат секинлашиб қолди. Технологиялар бозори, инновацияларни тижоратлаштириш жараёни ҳам етарли даражада ривожланмай қолди. Чунки ўша пайтларда илмий-техник, тажриба-конструкторлик ишланмалари ва инновацион жараёнларни банклар томонидан молиялаштириш тизимининг мукаммал тарзда шакллантирилмаган эди. Экспертларнинг айтишича, қисқа муддатли кредитлар бўйича капитал қийматининг анча юқорилиги ва гаров бўйича таъминот талабларининг катталиги илмий ишланмаларни молиялаштиришни мураккаблаштириб юборганди. Бу эса, айниқса, одатда етарли гаров таъминотига эга бўлмаган, нисбатан кичик инновацион корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда банклар фаолиятини кенгайтиришга таъсир кўрсатадиган тўсиқларнинг катта қисми асосан меъёрий-ҳуқуқий база, хусусан, гаров таъминоти бўйича масалаларнинг мукаммал ишлаб чиқилмагани билан боғлиқ эди. Гаров мулкини ундириш ва мусодара қилиш тартиби, шунингдек, гаровни мижознинг розилигисиз сотиб юбориш ҳуқуқининг мукаммал эмаслиги; мусодара қилинган гаровни тез ва кам харажатлар билан сотиб юбориш механизмларининг ишлаб чиқилмагани; гаровнинг нарх қийматини объектив баҳолаш; гаров мулкига солиқ солиш муаммоси шулар жумласидан эди. Кредит тизимини ривожлантиришда лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш имкониятининг йуқлиги ҳам тўсиқлар қаторида эди. Сабаби мазкур омил банклар учун таваккалчилик даражасини ошириб, йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун корхоналарнинг кредит ресурсларини излаб топишида қийинчиликлар туғдирарди. Сўнгги йилларда айнан ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар изчил олиб бориляпти.
Банк-кредит тизимини кенгайтириш учун нисбатан мақбул шароитлар яратиш, инновацион корхоналар учун кредитлар олишни енгиллаштириш бўйича татбий этилаётган чора-тадбирлар бунинг тасдиғидир.
Бу борада самарадорликни ошириш учун яна нималар қилиш керак? Банк соҳаси мутахассислари бу борада жаҳон амалиётини мисол қилиб келтиришади.
Гап шундаки, илғор давлатарда ҳозирги кунда янгиликлар яратиш ҳамда янги технологияларни жорий этиш мақсадига йўналтирилган инвестицияларни амалга оширишда рағбатлантирувчи имтиёзлар портфели жорий этилган. Масалан, фойдадан олинадиган солиқ бўйича, янги жиҳозлар ва қурилишларга ажратиладиган капиталга, илмий-техник ишланмалар учун харажатларга мос имтиёзлар берилади. Жадаллаштирилган амортизация ҳисоби, одатда илмий тадқиқотларда қўлланиладиган асбоб-ускуналарнинг алоҳида турлари учун сарфларни жорий харажатлар таркибига киритилади. Кичик инновацион корхоналар учун паст ставкалар бўйича фойда ёки даромад солиғи солишдан кенг фойдаланилади.
Шундай экан, инновациялар учун инвестицияларни фаоллаштиришни рағбатлантирувчи қулайликлар яратиб бериш давлатнинг тараққиёт стратегиясида асосий ўринга чиқиши керак. Бу давлатнинг яратувчи ва тартибга солиб турувчи ролини кучайтириш билан боғлиқдир. Бинобарин, у жамиятнинг фан ва техникани ривожлантириш муаммоларига муносабатини белгилаб беришга қодир сиёсий куч, бу борадаги фундаментал ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи қонун чиқарувчи орган сифатида намоён бўлиши керак. Ўз навбатида хусусий капитални инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этишга ёрдам берадиган муҳит ташаббускори ва яратувчиси, ресурс ва энергияни тежайдиган технологияларга ўтиш ташкилотчиси, мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам патент ҳимоясини таъминлаш бўйича кучли юридик тизим сифатида ўзини кўрсатиши лозим
Банклар эса айнан мазкур стратегик вазифаларни амалга оширишда давлатга, ишбилармонга, жамиятга энг яқин кўмакчи бўлиши шарт. Шундагина мамлакатнинг инновацион тараққиётини халқ фаровонлигини юксалтириш, ҳар бир шахснинг замонавий ютуқлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, манфаатлар мувозанатини сақлашга йўналтириш мумкин.
Расулжон ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси
тингловчиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг