«Ифорга чўмилган шаҳар» — Наманганда таҳсил олаётган замбиялик қиз ва покистонлик ака-укалар ҳайратда
Наманганда ўтказилаётган 60-Халқаро гуллар фестивали жаҳоннинг 31 давлатидан келган ОАВ мухбирлари, телевидение ва интернет нашрлари томонидан дунё бўйлаб ёритилмоқда. Айни пайтда нафосат байрами тадбирларини ўз кўзи билан кўриш учун сайилга ташриф буюраётган хорижликлар сафи ҳам ортмоқда. Замбия Республикаси фуқароси Миллимо Мундияни Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги кўргазмаларни мароқ билан томоша қилаётган паллада учратдик.
— Ўтган йилдан буён Наманган муҳандислик технология институти магистратурасида таҳсил оляпман, — дейди М. Мундия. – Бу шаҳар энг аввало, гулу гулзорлари билан кишини ўзига ром этади. Ҳозиргача кўча ва хиёбонлардаги яшил манзаралардан завқланиб келган бўлсам, минглаб инсонларни ўзига чорлаган фестиваль ҳайратимни оширди. Бунча гулларни қандай ўтқазиб улгуришди экан. Ҳар бири ўзига ҳос кўриниш, мазмунга эга композициялар. Сон-саноқсиз чечаклар ифорига чўмилган шаҳар. Экзотика! Бетакрор кўринишларни суратга тушириб, Ватанимдаги яқинларим, дўсту дугоналаримга ҳам юборяпман. Ҳаммаси ҳайратда.
Аник ва Раҳик Таҳирлар ҳам НамМТИда ўқишади. Ака-ука талаба маҳаллий курсдошлари билан гул сайлига келишни канда қилишгани йўқ. Суҳбат чоғида она шаҳарлари — Лаҳорда ҳам гулларга ҳавас билан қарашлари, бироқ, Намангандаги сингари экофестивални биринчи бор кўраётганлари, таассуротлари бир оламлигидан сўзлашади.
Анъанавий байрамга келиб, Наманганнинг гулчилик санъатига қойил қолаётган хорижликларнинг қимматли қадриятга айланган анжуманимизга бераётган холис баҳосини эшитганингда янаям қувониб кетасан, киши.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг